Home / МАҚОЛАЛАР / Ўзганинг ҳаққига хиёнат қилма

Ўзганинг ҳаққига хиёнат қилма

Аллоҳнинг бир сифати “Шакур” яъни банданинг озгина қилган яхшилигига кўплаб яхшиликлар ила жавоб қилгувчи зот маъносидадир. Зеро фарзандининг Имом Бухорийдек бўлмоғини орзу қилмайдиган ота-она бўлмаса керак. Бу эса Аллоҳнинг марҳамати ҳамда Шакур сифатининг у бахтли ота-оналарда намоён бўлган, бизга маълум жиҳатидир. Қиёмат кунида фарзандлари сабабли уларнинг бошлари узра нур таратиб турувчи улуғлик тожини ўз кўзларимиз ила кўрамиз инша Аллоҳ.

Агар банда Аллоҳга, охират кунига ҳамда Яратганнинг, тарозудан уриб қолувчиларга вайл яъни жаҳаннамдаги азоб водийси бўлишли ҳақидаги оятларига имон келтирганида, Ундан қўрққанида шундай қилармиди?! Зеро Парвардигоримиз Ал-Ҳаққо сурасининг 18-оятида барча инсонлар қиёмат кунида Аллоҳ таалога ҳисоб беражаклари ва уларнинг бирор бир сирлари махфий қолиб кетмаслиги хабарини берган!

Динимиз, инсонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлиб ва Унинг ғазабидан қўрқиб ҳаёт кечиришликларини таълим беради. Зеро ёлғиз умидворликнинг ўзи ҳам кишини бепарво ҳамда фақатгина қўрқишнинг ўзи ҳам инсонларни умидсизликка тушиб қолишларига сабаб бўлади. Мусулмон киши хавф ва ражо ўртасида бўлмоғи лозим. Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий таъбирлари билан айтганда: “Раҳмоннинг раҳмати ва жаннатига қаттиқ умидворлик ила эришилади. Жаҳаннам олови ва аламли азобидан эса қўрқув қамчиси ҳамда қаттиқ жазо ила қайтарилади.”

Ўзганинг ҳаққига хиёнат қилмаслик ниҳоятда муҳим масала бўлганлигидан Аллоҳ таало бандаларини огоҳлантириб, омонатдорлик, ваъдага вафо қилиш ва ўзгалар ҳаққига хиёнат қилмасликка буюриб, акс ҳолда улар учун аламли азоб бўлишлиги хабарини берди. Қуръони каримдаги бутун бошли бир суранинг номи ҳам “Мутаффифун” яъни “(Бировларнинг ҳақларидан) уриб қолгувчилар” деб номлангандир.

Мазкур сурада Аллоҳ таало ўша даврдаги хиёнаткор кишиларнинг хиёнатларини сифатлаб, улар одамлардан бирон нарсани ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалар эканини ва агар ўзларини ўнглаб олмасалар уларнинг оқибатлари ҳалокат билан хотима топиши хабарини берди.

“Мутаффифун” яъни “(Бировларнинг ҳақларидан) уриб қолгувчилар” сураси оятларининг нозил бўлиши ҳақида Садий шундай дейдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в) Мадинага келганларида икки хил ўлчов асбоблик яъни бири билан одамлардан ўлчаб оладиган ва иккинчиси билан эса ўлчаб берадиган Абу Жуҳайна номлик бир кишини кўрдилар, бас оят ўша киши ҳаққида нозил бўлди.»

Ибн Аббос (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в)дан қуйидаги ҳадис шарифни ривоят қиладилар. Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: «Беш нарса беш нарса биландир. Саҳобалар: «Эй, Аллоҳнинг расули! Беш нарса беш нарса биландир деганингиз нима?» деб сўрадилар. У зот с.а.в: «Қайсики бир қавмда аҳд вафо бузилса, Аллоҳ уларнинг устиларига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди. Аллоҳнинг ҳукми ила ҳукм юритилмаскан, улар ичида фақирлик тарқалаверади. Фоҳишалик ошкора суратда зоҳир бўлса, Аллоҳ уларга ўлатни туширади яъни ўлим кенг тарқалади. Тарозудан урманглар! Акс ҳолда ўсимликларнинг униб ўсиши тўхтайди ва бир неча йиллар ичида буткул қуриб битади. Закотни беришдан бош тортманглар! Акс ҳолда Аллоҳ сизлардан ёмғирни тўсади.» дедилар.

Тарозидан уриб, кишилар ҳаққига хиёнат қилгувчиларга ваъда қилинган «Вайл» хусусида уламолар: «вайл – қаттиқ азоб ва жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, агар унга шу дунёдаги тоғлар ташланса унинг ҳароратидан тоғлар эриб кетади» – дедилар.

Ибрат олиш маъносида бўлса ҳам, ёмонлиги эсланадиган кишининг номини очиқ айтмасдан зикр қилмоқлик муқаддас Ислом динимиз одобларидандир. Шундай ҳаётий мисоллардан бирини сиз азизларнинг эътиборингизга ҳавола қилсак шояд барчамиз учун ибрат бўлса. Шу воқеа гувоҳи шундай ҳикоя қилади:

«Ўлим тушагида ётган беморнинг ҳузурига унинг ҳолидан хабар олиш учун кириб, унга шаҳодат калимасини талқин қилдим. У эса ҳаргиз калимани қайтармасди. Бемор ҳушига келгач, унга: «Эй, дўстим! Мен сенга шаҳодат калимасини талқин қилсам сен уни айтмадинг, нима бўлди?» – дедим. У: «Эй, дўстим тарозунинг тили, тилим устига ёпишиб қолди ва менга калимани айтишимга йўл қўймади» – деди. «Аллоҳ ҳаққи айтгин, сен тарозудан урармидинг?» – десам, у: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки тарозудан урмасдим, аммо бир неча кун тарозунинг тўғри ёки нотўғрилигини текширмай қўйган эдим» – деди.

Мана бу, бир неча кун тарозисининг тўғри ёки нотўғрилигини текширмай қўйган кишининг ҳолати. Энди тарозудан уриб қоладиганларнинг ҳоли қандоқ бўлар экан?!

Нофеъ дейдилар: «Ибн Умар (р.а) сотувчи ёнидан ўтсалар унга: «Аллоҳдан қўрқ! Тарозуни тўлиқ қилиб бер. Тарозудан уриб қолувчилар тўхтатиб туриладилар, шунда улардан оққан тер қулоқларининг ярмигача етиб боради» – дердилар.

Ўтган солиҳ ота-боболаримиз тарозудан уриб қолувчилар ҳақида: «Бир дона донни фойда қиламан деб, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатни бой берганларнинг ҳолига вой бўлсин!» – дердилар. Зеро ҳалол касб қилиб, чарчаб ўйқуга кетган кишининг уйғонганда гуноҳлардан фориғ бўлиб уйғониши ҳадислардан маълумдир. Қолаверса тижоратчиларимиз, бу савдо иши билан оламларга раҳмат қилиб юборилган севикли пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шуғулланганликларини унутмасликлари лозим.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …