Home / МАҚОЛАЛАР / Тафриқа – кулфат

Тафриқа – кулфат

Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас балки, бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:

Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак(Одам)ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни(турли-туман)халқлар ва қабила(элат)лар қилиб қўйдик.(Ҳужурот сураси, 13-оят). Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.

Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, деб марҳамат қилган (Шўро сураси, 13-оят).

Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб, улар Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек ўзлари ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздириб, бузуқ ақидаларга бошлаганлар. Ўз даврида уламолар ана шундай тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этганлар, мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан огоҳлантирганлар. Хусусан, юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар.

Минг афсуски, бизнинг замонамизда ҳам адашган, эътиқоди бузуқ бўлган бир қанча фирқа ва тоифалар мавжудки, улар ҳамон мўмин-мусулмонларни соф ислом йўлидан чалғитишга, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Асли мақсадлари дунёвий ғараз, мансабу мартабага эришиш, мўмай даромад топишдан иборат бўлган бундай ғаламис тоифа-ю фирқалар динимизда муқаддас саналган улуғ амалларни ғайри маънога буриб одамларни чалғитмоқдалар. Жумладан, ўзларининг турли хилдаги жиноятларини “халифалик”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” ва “жиҳод” каби атамалар билан хаспўшламоқдалар. Бу ҳам етмагандек, ўзларига эргашмаган, уларга қарши чиққанларни кофирга чиқармоқдалар.

Дин илмини билмай туриб Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди. Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.

Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Авф ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади, у киши: “Одамларга илмдан фақат амир, ёки маъмур, ёки мутакаббир гапиради”, дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Яъни одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг, ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак бу унинг манманлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир. 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жомемасжиди имом-хатиби

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …