Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон аграр олий ўқув юртлари талабалари Германияда амалиёт ўташмоқда

Ўзбекистон аграр олий ўқув юртлари талабалари Германияда амалиёт ўташмоқда

Ўзбекистон ва Германия ўртасида олий таълим соҳасида, хусусан, университетлараро алоқалар, пофессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашуви, амалий машғулотларни ташкил этиш бўйича мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси томондан мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, элчихона ташаббуси билан Ўзбекистон талабаларининг Германияда ўқув амалиётларини мувофиқлаштирувчи “PRAXX” дастури доирасида айни пайтда республикамиз қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларининг 60 нафар талаба ёшлари Германиянинг соҳага ихтисослашган компания ва фирмаларида 6 ойлик амалий машғулотлар ўташмоқда. Мазкур амалиёт доирасида шу йилнинг 27-30 сентябрь кунлари Берлин шаҳрида ўзбекистонлик талабалар учун «PRAXX» томонидан уч кунлик ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди дея хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси матбуот хизмати.

Шу ўринда таъкидлаш жойизки, “PRAXX” лойиҳаси 2016 йил ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад – ҳамкор мамлакатларда турли таълим йўналишларида таҳсил олувчи талабаларга Германияда ўқув амалиётлари ўташлари учун зарур шарт-шароит яратиб беришдан иборат.

Амалиёт доирасида талабаларимиз ва уларнинг хорижлик дўстлари  Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасига ҳам ташриф буюришиб, мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Йиғилганларга Ўзбекистон ва Германия ўртасида ижтимоий- иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган ҳамкорлик натижалари тўғрисида артофлича маълумот берилди. Айниқса, жорий йилнинг 22 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик жараёнлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ўз навбатида, талаба ёшларимиз мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлган ушбу сайловларда фаол қатнашиш истагини билдирдилар.

 

 “PRAXX” таълим лойиҳаси вакиласи ҳамда ўзбекистонлик талаба ёшларнинг баъзилари республикамиз матбуоти учун фан ва таълим соҳасида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги истиқболларига оид ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Ирмгард Реннемейер (Irmgard Rennemeier), “PRAXX” ташкилоти раҳбари:

– Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз самарали давом этаётганидан мамнунман. Айни пайтда Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Термиз шаҳарларининг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган олий ўқув юртларининг 60 нафар талабаси Германиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарида амалиётларини ўташмоқда. Лойиҳа дастурига мувофиқ ҳозирда улар Берлинда ташкил этилган уч кунлик ўқув семинарида иштирок этмоқдалар. Ветеринария, боғдорчилик, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, пишлоқ ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда ўз билим ва тажрибаларини оширишяпти. “PRAXX” 2016 йил ташкил этилган бўлиб, ўзбекистонлик ёшлар бу йил икккинчи марта лойиҳамизда иштирок этишмоқда. Лойиҳа қатнашчилари махсус танлов асосида саралаб олинган.

Ишончим комил, улар билим ва тажриба орттириш билан бир қаторда, кўплаб янги дўстлар, яхши хотиралар билан ҳамда немис тилини яхши ўрганиб Ўзбекистонга қайтадилар. 

Шу ўринда ўзбекистонлик талаба ёшларнинг билимга ниҳоятда чанқоқликлари ва меҳнатсеварлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Ушбу фикримни биз билан ҳамкорлик қилаётган немис компаниялари раҳбар ва ходимларнинг ўзбекистонлик ёш амалиётчилар шаънига айтилган ижобий баҳолари ҳам тасдиқлайди. Самарли ҳамкорлигимиз давомли бўлади деган умиддаман. 

Гулзода Диёрова, Тошкент давлат аграр университети Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси:

– Университетимиз талабалар алмашинуви, ўқув амалиёти ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларида Германиянинг бир қатор олийгоҳ ва ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

Навбатдаги “PRAXX” дастури доирасида Германияда амалиёт ўтаётган талабаларимиз навбатдаги ўқув семинарида иштирок этишмоқда. Бугун Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасига ташриф буюрдик. Бизни бу ерда жуда илиқ кутиб олишди. Элчихонамизнинг Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлиги, хусусан таълим соҳасида олиб борилаётган ишлари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдик.

Германияга ўқув сафаримиз талабаларимиз учун фойдали бўлди, улар амалиёт жараёнида билим ва малакаларини янада бойитишди. Бу эса ўз навбатида уларнинг келажакда танлаган соҳалари бўйича етук мутахассис бўлиб етишишларида пухта замин яратишига ишончим комил. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайиб, ўзаро манфаатли дастурлар давомли бўлишини ҳохлаймиз.

Муродхўжа Акромов, Тошкент давлат аграр университети Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрохимия факультети 4-босқич талабаси:

– Авваломбор биз ёшларга ўқиб илм олиш учун яратиб берилган барча имкониятлар учун ҳукуматимизга, бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган устозларимизга раҳмат айтмоқчиман.

Германияга келганимга 3 ой бўлди. Ўтган вақт мобайнида турли ташкилотлар вакиллари билан учрашдик, Германиянинг кўп шаҳарларида бўлдик. Сафар давомида катта таассуротларга эга бўлдик.

Ўзбекистонда олган барча назарий ва амалий билимларимни Германияда, яъни халқаро миқёсда синашга мувафақ бўлдим. Бу ерда олган билим ва малакаларимни она юртим Бухорода амалиётга тадбиқ этиш ниятидаман.

 Шахноза Холмуҳамедова, Тошкент давлат аграр университети Инновацион технологиялар асосида маҳсулотларни қайта ишлаш факультети 4-босқич талабаси:

– Қишлоқ хўжалигидаги ишлар тупроқ унумдорлиги ва иқлим шароитларига боғлиқ бўлганлиги сабабли бу соҳани қатъий қоидалар асосида ўрганиб бўлмайди. Шу боис, менинг фикримча, қишлоқ хўжалигини турли минтақа ва шароитларда ўрганиш, талабаларнинг мазкур соҳада етук мутахассис бўлишларида муҳим омил саналади.

Германияда ташкил этилган амалиёт нафақат соҳага доир билимларимизни бойитди, балки қишлоқ хўжалиги ҳақидаги тасаввуримизни ҳам янада кенгайтирди. Менинг 6 ойлик амалиётим деярли ниҳоясига етди. Мазкур муддат давомида мен Германия қишлоқ хўжалиги тараққиётида бу мамлакатнинг саноатлашганлик даражаси ҳал қилувчи аҳамият касб этишига амин бўлдим. Ушбу омил Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг барқарор истиқболини таъминлашда ҳам муҳим рол ўйнаши шубҳасиз.

Саидова Азиза, Самарқанд ветеринария медицина институти 4-босқич талабаси:

– Институтимиз кўп йиллардан бўён Германия қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, талабалар алмашинувини самарали амалга ошириб келмоқда. Мен ҳам Praxx дастури доирасида Германияда амалиёт ўтаяпман. Амалиётимизнинг сифати ва  мазмунидан мамнунмиз. Германия қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги жуда юқори, барча иш жараёнлари тўлиқ технологиялаштирилганига амин бўлдик. Агар биз ҳам бу ерда кўрган ва ўрганганларимизни ватанимизда қўлласак, Ўзбекистон яқин келажакда энг ривожланган давлатлар сафидан жой олишига аминман.  

Салоҳиддин Жаҳонов, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали Агробиология факультети 3-босқич талабаси:

– Мен Praxx дастурининг Германияда 6 ойлик амалиёт ўташ имтиёзини қўлга киритганимдан жуда бахтиёрман. Германия қишлоқ хўжалиги соҳасида дунёнинг энг етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланади. Мен Германияда 4 ой мобайнида ўтаган амалиётим давомида Ўзбекистонда олган назарий билимларимни мустаҳкамлаб, янги билим ва кўникмаларга эга бўлдим. Бу ерда орттирган тажрибаларимни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга сафарбар этаман.

ИБХИТМ Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …