Home / ЯНГИЛИКЛАР / ХАЙРЛИ НИЯТНИНГ ЧИРОЙЛИ МУКОФОТИ

ХАЙРЛИ НИЯТНИНГ ЧИРОЙЛИ МУКОФОТИ

Жорий йил 4 сентябр куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхонасига Навоий вилояти Хатирчи тумани фермерлар уюшмаси аъзоси Фарход Холиқов ва унинг оиласи томонидан буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарига Ибн Хажар Асқалоний томонидан ёзилган “Фатҳул Борий” номли 17 жилдли шарҳ ҳадя қилинди. Ушбу асар “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган 100 дан ортиқ шарҳларнинг энг мукаммали ҳисобланади.

Меҳмонларни Марказ директори ўринбосари доктор (PhD) Ш. Умаров ва илмий ходимлар кутиб олиб, бинонинг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши фаолияти ва халқаро алоқалари тўғрисида маълумотлар бериб, кутубхонада сақланаётган ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар билан яқиндан  таништирди.

Марказ фаолияти билан танишиб, Фарход Холиқов ушбу маърифат маскани инсонни илм олишга, улуғворликка чорлашини таъкидлаб, ўз фикр-мулоҳазаларини шундай ифода этди: “Шу йил муборак ҳаж сафарида бўлиб, Имом Бухорий ҳадислар тўплаган Макка ва Мадинани кезиб юрган вақтимда, улуғ муҳаддис бобомиз Имом Бухорийни ёдга олдим, у муборак зотнинг ҳадис илмидаги машаққатлари ва 600 минг ҳадис тўплаганини ҳис қилиб, Имом Бухорий юртидан эканлигимдан қалбим ғурурга тўлди, жуда фахрландим. Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ҳадя учун улуғ муҳаддис асарларидан бирини олишни ният қилиб, ушбу 18 жилдли китобни олдим. Аллоҳга шукрки, менинг ниятим холис ва хайрли эди. Муборак ҳаж зиёратидан юртимизга келган куним Навоий вилояти ҳокимлигидан хабар келиб, Давлатимиз раҳбарининг “Шуҳрат” медалига сазовор бўлганлигим билан табриклади. Муҳтарам Президентимиз, менинг кўп йиллик қишлоқ хўжалигидаги фаолиятимни муносиб тақдирлаб, мана шундай улуғ мукофотга муносиб деб тақдирлаганлигини эшитиб бошим кўкка етди. Мен давлатимиз раҳбарининг ушбу мукофотни берганидан чексиз хурсандлигимни ҳис қилиб, ватанимиз равнақи йўлида янада самарали меҳнат қилишни мақсад қилдим. Энг асосийси Имом Бухорий бобомизнинг “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади” деган ҳадисини ҳикматини англадим”.

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

Машғулотлар амалиёт билан боғланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўтган давр мобайнида қатор халқаро нуфузли ташкилот ва илмий …