Home / МАҚОЛАЛАР / Оила никоҳдан бошланади

Оила никоҳдан бошланади

Никоҳ оилани мустаҳкам тутиб турувчи пойдевори бўлиб, у фақат инсонларгагина хос фазилат ҳисобланади. Никоҳ – икки томоннинг розилиги билан гувоҳлар иштирокида, ҳар икки томоннинг ҳуқуқлари кафолатланган ҳолда никоҳланиб оила қуришини англатади.

Динимизда никоҳнинг расмий маросим эканлигига мусулмон уммати барча замонлар ва маконларда иттифоқ қилгандир. Никоҳнинг ҳикматлари;

  1. Никоҳдаги шахсни ва унинг жуфти ҳалолини ҳаромдан сақланиши.
  2. Инсон сулоласини инқирозга учраб йўқ бўлиб кетишдан ҳимоя қилиш.
  3. Наслу насабни боқий қолиши ва муҳофаза қилиниши.
  4. Жамият қуришнинг асоси бўлган оилани барпо қилиш.
  5. Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантириш.

Никоҳнинг шартномавий хусусиятларидан келиб чиққан ислом хуқуқининг оила ва никоҳ нормалари никоҳга кирувчилар учун бир қатор ҳолатлар, чунончи, никоҳга кирувчи шахсларнинг ўзаро розилиги, балоғат ёшига етганлик, гувоҳлар иштирокида никоҳ тузилиши, келин учун маҳр белгилаш, томонлар ўртасидаги тенглик ёки кафоат[1] каби ҳолатларни тартибга солган[2]. Бу шартларга риоя этмаслик никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келади.

Ислом динида оила-никоҳ, мерос ва қариндошлик муносабатлари анча ижобий хусусиятга эга бўлган. Исломда назарда тутилган никоҳга киришдаги ҳар икки томон — эркак ва аёлнинг розилик билдириш қоидаси ғарб феодал хуқуқларидан анча устун турган[3].

Модомики, шариат қоидаларида оила қурилиши учун бўлғуси эр-хотиннинг розилиги асосий шарт қилиб белгиланган экан, никоҳ шартномасини тузишда бировни бировга мажбуран никоҳлаш мумкин эмас. Чунончи, турмуш қурмоқчи бўлган йигит ва қиз ўз инон—ихтиёрлари билан розилик бермоқлари шарт, яъни очиқ сўзлар билан бири никоҳ тузишга ўз таклифини билдириб, иккинчиси қабул қилиши керак.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида: “Қиз бола изн сўралмагунча, жувон ундан маслаҳат олинмагунча никоҳланмайди,”-дейдилар.

Ислом хуқуқига кўра, никоҳ тузилиши учун икки эркак ёки бир эркак ҳамда икки аёлнинг гувоҳ сифатида иштироки асосий шартлардан биридир. Ушбу шартларга риоя қилинмаганда никоҳ ноқонуний (ботил) бўлади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гувоҳларсиз никоҳ никоҳ эмас”[4], деганлар.

Никоҳ ақдида гувоҳларнинг иштирок этишларидан кўзланган мақсад, мазкур никоҳни одамлар орасида эълон қилишдир. Никоҳ тантанаси расмий эълон қилиниши ва одамларга маълум қилиниши керак. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳни эълон қилинглар, унда ғирбол[5] чалинглар”. Имом Насоий қилган ривоятда эса: “Ҳалол билан ҳаромни ажратувчи нарсалардан бири никоҳда овоз чиқариш ва дуфф[6] чалишдир”[7], деганлар.

Ислом ҳуқуқи нормаларида никоҳга киришнинг қуйидаги шартлари белгиланган: никоҳланувчи аёл билан эркакнинг ўзаро эркин изҳор қилган розиликлари; никоҳнинг гувоҳлар иштирокида тузилиши; ҳар иккала томоннинг оила қуришга жисмонан лаёқатли бўлиши; ҳар иккала томоннинг руҳий томондан соғлом бўлиши; ҳар иккала томоннинг ўрталарида яқин қариндошлик муносабати бўлмаслиги; ҳар икки томоннинг никоҳ ёшига етган бўлишлари; эркакнинг аёлга маҳр бериши[8].

Никоҳ бир томон — эркакнинг оғзаки таклифи, иккинчи томон — аёлнинг бу таклифни қабул қилиши билан тузилади[9].

Юқоридаги таърифдан кўринадики, Ислом дини талабларига биноан, никоҳ икки киши, яъни эркак билан аёлнинг ихтиёрий равишда бир-бирларига берган розиликлари асосида, икки гувоҳ иштирокида тузилган битимдир. Унинг бош мақсади фақат эркак ҳамда аёлнинг табиий эҳтиёжларини қондиришдан иборат бўлиб қолмасдан, балки Аллоҳ таолонинг амрига ва Расулининг суннатларига мувофиқ оила тузиш, наслнинг бардавомлигини таъминлаш, жамият учун ахлоқи комил ва фикри теран баркамол авлодни тарбиялаб етиштиришдир.

Никоҳ сабабли юзага келадиган бурчлар

Никоҳ сабабли оила деб аталмиш бир қўрғон вужудга келиб, бунда ҳар икки томон – келин ва куёвнинг зиммасига турли бурчлар ҳамда вазифалар юкланади. Оилада эр-хотиннинг бурчларидан айримларини қуйида қисқача келтирамиз:

  • Оилада хотиннинг бурчлари;
  • Аллоҳ таоло Нисо сурасида “Эркаклар аёлларга раҳбардирлар.” деди. Эрнинг раҳбарлиги оила нафақасини таъминлаш, уй-жой билан таъминлаш, оилани ҳимоя қилишдан иборат. Демак, аёл Аллоҳ таолонинг мана шу илоҳий низомига рози бўлиши, оилада эрини жуда қаттиқ ҳурмат қилиши лозим.
  • Аёл эрининг ота-онасини, ака-ука, опа-сингил, қариндошларини ўзиникидай ҳурмат қилмоғи шарт.
  • Ҳар қачонки уйига борар бўлса эри билан келишган ҳолда ундан ижозат сўраб боради. Эр имкониятидан келиб чиқиб аёлни уйига олиб бориб келади ёки бориб келиши учун шароит яратиб беради.
  • Хотин киши эрининг топганини тежаб-тергаб ишлатмоғи лозим. Оилада аёл эрини тоқатидан ташқари моддий нарсани талаб қилишга ҳаққи йўқ. Аёл баъзи оилавий ишларда эрига маслаҳат беради, оилавий маблағ ва ашёларни иқтисод қилиб сарфлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тежамкор кишилар камбағаллик кўрмайди,” деганлар.
  • Оила бир қўрғон кабидир. Ҳар бир қўрғоннинг, шу жумладан ҳар бир оиланинг ташқарига чиқиши мумкин бўлмаган сирлари бўлади. Ўша сирлар, эр хонадонидаги гап-сўзлар остона ҳатлаб ташқарига чиқмаслигини таъминлайди.
  • Оилада эрнинг бурчлари;
  • Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида “Эркаклар аёлларга раҳбардирлар” деди. Демак, Аллоҳ таоло оилага эркак кишини раҳбар этиб ҳукм қилибдими, эркакнинг масъулияти ҳам шунга яраша жуда катта. Шу сабабли оилада эрнинг бурчи хотиннинг бурчига нисбатан анча кўп.
  • Эркак кишининг оиладаги бурчи аввало оила ҳақидаги ғамхўрлиги, оиласини таъминотини тўкис қилдишга ҳаракат қилмоғидир. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ таолога бандалари ичида энг севиклиси оила аъзоларига манфаати тегадиган кишидир,” дейилади.
  • Эркак киши оиланинг моддий таъминотчиси ҳисобланади, у оиласига торлик келтириб қўйишдан сақланиш керак. Жаноб пайғамбаримизнинг ҳадисларидан бирида “Одамларнинг ёмони аҳли (оиласи)га торлик қилган кишидир”, дейилади.
  • Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” – деб сўрашганда, у зот: “Еганингизда уни ҳам едирмогингиз, кийганингизда кийдирмогингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билаи ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик” –дедилар.
  • Бир ота-она неча йиллар бағрида авайлаб ўстирган қизини ишониб топшираётган экан, эркак ҳеч қачон бу ишончни паймол қилмаслиги, балки ўзига ишониб топширилган омонатни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши керак.
  • Шунингдек, эркак киши аёлини, унинг ота-онасини, ака-ука, опа-сингил, қариндошларини ўзиникидай ҳурмат қилмоғи, уларни ножоиз сўзлар билан тилга олмаслиги шарт.
  • Агар аёлидан хатолик ўтса, эркак кечириши керак бўлади. Агар бу хатолик кўпайиб кетса унинг ота-оналарини чақириб, муроса йўли билан ҳал қилиши лозим, аммо ҳеч қачон зулм йўлига ўтмаслиги керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига аёлларга яхши муносабатда бўлишга буюриб: “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёллари билан яхши бўлганларингиздир”, – дедилар.

  • Мусулмончиликда оилани эркак киши боқувчиси ҳисобланади. Чунки эркак оилани бошлиғи ва у оиласини моддий ҳолати учун ҳам қиёматда жавобгардир. Аёл киши ишламайман, эрининг топганига қаноат қилиб ўтираман, деса бу унинг ҳаққи. Агар ишлайман деса, эрини норизо қилмайдиган, ўзига ҳам зарар бермайдиган бирор ишда ишлаши мумкин.
  • Эр киши вақти-вақти билан ўз имкониятидан келиб чиқиб аёлини ота уйига обориб келиб турмоғи, ёки бориб келиши учун шароит яратиб бермоғи лозим.
  • Эр киши аёлига маҳр сифатида берган нарсасига текинишга ҳаққи йўқ, у аёлнинг шахсий мулки ҳисобланади. Шунингдек, эркак ўзининг топган моддий бойлигидан маълум бир қисмини хотинининг хос нафақалари учун ажратмоғи керак бўлади.

Жаноб Пайгамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл зоти ҳақ ва ҳуқуқлари, оиладаги ўрни, бурч ва вазифалари ҳақида Арафотда видолашув ҳажида қилган хутбаларида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтганларидан кейин одамларга қарата қуйидаги ваъз-насиҳатни қилдилар: “Огоҳ бўлинглар! Аёллар ҳақидаги васиятимга амал қилиб, уларга яхши муомалада бўлинглар! Албатта, аёллар сизларнинг қўл остингиздаги омонатдурлар. Сизлар аёлларни Аллоҳ омонати сифатида хотин қилиб олгансизлар ва Аллоҳ номи билан уларни ўзингизга ҳалол қилгансизлар. Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқингизлар ва уларга чиройли муомалада бўлингизлар.” Имом Термизий ривоят қилган.

  • Оилада ҳар икки томон – эр ва хотинга алоқадор бўлган бурчлар:
  • Оиланинг моддий эҳтиёжини таъминлаш ва модий ҳолатини танг ҳолатга келтирмасдан, оила иқтисодини барқарор ушлаб туриш эр-хотиннинг вазифаларидан ҳисобланади.
  • Оиланинг маънавий эҳтиёжини таъминлаш, оилада маънавият ва маърифатни шакллантириш, ахлоқий муҳитни барқарор ушлаб туриш ҳам ҳар икки томоннинг бурчларидандир.

Аллоҳ таоло ҳар оилага солиҳ ва солиҳа фарзандлар берсин, деб дуо қилишадилар, аммо фарзанд ўз-ўзидан солиҳ ёки солиҳа бўлиб қолмайди. Фарзанд Яратганни танимаса, пайғамбарни билмаса, дин-диёнатни, ҳалолни, ҳаромни билмаса, нима тўғри нима нотўғри, яхши ва ёмонни англаб етмаса бунинг учун Аллоҳ таолонинг олдида, жамият олдида аввало ота-она жавобгардир. Шу сабабли фарзандлар тарбиясида масъулиятни англаб етган ҳолда эътиборли бўлиш ҳам эр-хотиннинг энг муҳим бурчларидан ҳисобланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қобилов Нодир
[1] Кафоат  луғатда “тенг бўлиш”, “баробар бўлиш” маъноси англатади.
[2] Ахмеджанов У. М. Институт собственности в мусульманском праве. — М., 1963. — С. 56-57
[3] Вагапов М. В. Ислам и семья. — М.:Наука, 1980. — Б.46.
[4] Ал-Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Мавсуъат ҳадиса. Муснад. Т.4. — Байрут, 1999. — Б. 394.
[5] Ғирбол – чолғу асбоби.
[6] Дуфф – дўмбира.
[7] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Исломий оила — фароғат қасри. — Б. 20.
[8] Юсупова Н. Исломда аёл ҳуқуқлари. Т.: Академия, 2006. – Б.74.
[9] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. Т.1. — Т.:Адолат, 2000. — Б.646; Мухтасар (Шариат қонунларига қисқача шарҳ). — Т.:Чўлпон, 1994. — Б. 89; Мақсудхўзжа ибн Мансурхўжа. Мажмаул мақсуд. — Т.:Адолат,  1996. — Б.388; Рисолаи Мунтахабул масоил. Туркистон ўлкасининг вилоятларида амадда бўлган муҳим шариат қонунлари (тажрибавий тартиби). — Т.:Академия, 2002. — Б.910.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …