Home / МАҚОЛАЛАР / Мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар

Мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар

Ҳозирги пайтда инсоният олдидаги муҳим масалалардан бири ҳаётимизнинг асоси ва гарови саналмиш тинчликни мустаҳкамлашдир. Тинчлик бу Аллоҳ таолонинг энг олий неъматларидан бири ҳисобланади. Ислом дини таълимотларидаги асосий даъватлар инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишталик ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга чорлашдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг инсониятга бахтли ҳаёт йўлларини кўрсатиб берган ҳадиси муборакларида бу мавзу ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Аллоҳ номи билан қасамёд этаманки, сизлар то мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Ўзаро меҳр-муҳаббат ҳосил қилмагунларингча мўъмин бўла олмайсизлар. Меҳр-муҳаббат ҳосил қилишнинг йўли-ўрталарингда саломлашишни кенг жорий қилишдир”. Бу ҳадиси шарифлари орқали Пайғамбаримиз алайҳиссалом барча мусулмонларни ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлишга, бир-бирларига нисбатан раҳм-шафқат қилишга даъват этиб, бунга эришиш йўли сифатида мусулмонлар ўртасида салом-аликни тарғиб этишга буюрганлар. Жаннатга киришга сабаб бўлувчи амаллардан бири саломлашишни кенг ёйиш эканлигини таъкидлаганлар.

Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кундалик ҳаётимизда фақат ўзимизни ўйлаб, ўзгаларга азият етказмасликка, ўзаро муносабатларда бир-бирларига нисбатан хайрихоҳ бўлиб, барча мусулмонларни бир-бирларига зулму хорликни раво кўрмасликка, биродарининг ғам-ташвишларини енгиллаштиришга даъват этиб, шундай деганлар:

“Мусулмон мусулмонга биродардир. Бинобарин, улар бир-бирларига зулму хорликни раво кўрмайдилар. Кимки биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ҳожатини раво қилур. Кимки бировнинг мусибатини енгиллаштирса, Аллоҳ унинг охиратдаги ғам-ташвишларини енгиллаштиради. Кимки бир мусулмоннинг айбини ёпса, Аллоҳ таоло унинг қиёмат кунида айбларини ёпади”.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида тоат-ибодат қилишнинг қонун ва қоидаларидан ташқари ўзаро муносабатларимизда одамийликка хос иззат-ҳурмат, меҳр-оқибат, одамларга фақат яхшилик қилиш, уларга ёмонликни зинҳор раво кўрмаслик каби фазилатларга даъват этилади. Ҳадиси муборакларидан бирида шундай марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон улким, унинг тилидан ва қўлидан мусулмонларга азият етмайди. Ҳақиқий мўъмин улким, унинг дастидан одамларнинг молу-жонлари омонда бўлади”.

Бу ҳадиси шарифлар орқали Пайғамбаримиз тинчликка эришиш йўлларини ва уларнинг барқарорлик омилларини баён этганлар. Ҳадиси шарифларга амал қилиб ҳаёт кечирсак, инсонлар ўртасида тинчлик, тотувлик, осойишталик ҳукм суради. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларни ўрганиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳозирги кунда муҳим аҳамият касб этади.

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …