Home / АЛЛОМАЛАР / Ҳанафий олим Абу Бакр Розийнинг ислом оламида тутган ўрни 2 қисм

Ҳанафий олим Абу Бакр Розийнинг ислом оламида тутган ўрни 2 қисм

  1. Асар тўлалигича анъанавий ислом қарашларига мос бўлиб, унда ким бўлишидан қатъий назар, барча инсонлар умри давомида дуч келадиган ҳаётий муҳим масалалар мўътадил ҳанафий мазҳаби асосида тўлиқ ёритиб берилган. Шу билан бирга муаллифнинг фиқҳ илмининг нақадар буюк мавқега эга эканлиги борасида қарашлари ҳаққоний далиллар асосида баён этилган.

Банд бўйича хулосалар:

  • Абу бакр Розий ислом дини билан боғлиқ барча илмлар бўйича самарали фаолият кўрсатган қомусий олимдир.
  • Ёзма манбаларда унинг ўндан ортиқ асарлар ёзганлиги зикр қилинган бўлса-да, улар орасида энг муҳими сифатида “Туҳфату-л-мулук” алоҳида эътироф этилади.
  • “Туҳфату-л-мулук” ислом шариатига тегишли, мусулмонларнинг маиший, ижтимоий, руҳий ҳаётида энг кўп учрайдиган истилоҳлар шарҳига бағишланган.
  • Мазкур асар тилининг содда ва равонлиги, оммабоплиги билан ҳам аҳамиятли.
  • Энг муҳими, асардаги масалалар баёни ислом оламида ўзининг мўътадил қарашлари билан машҳур ва маълум ҳанафия қарашларига тўла мос келади.
  • Асарнинг қимматли манба эканлиги унга ёзилган бир қанча шарҳларнинг мавжудлиги билан ҳам изоҳланади[1].

Зайнуддин Розийнинг мазкур асари охирги марта бир жилдда 1997 Байрутнинг “Дору-л-башоири-л-исломия” нашриётида чоп этилган. Аввал 1895 йил Қозонда нашр этилган. Шунингдек, шарҳи билан бирга 1902 йил қайта нашр этилган.

Бундан ташқари, “Туҳфату-л-мулук” асарининг бир қанча қўлёзма нусхалари дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг нуфузли кутубхоналари фондларида сақланмоқда. Жумладан, Маккадаги Ҳарам кутубхонасида №2497 рақамли фото нусхаси, “Ҳанафий фиқҳи №41” рақамли қўлёзма нусхаси сақланмоқда. Унинг ҳажми 79 варақдан иборат.

Иккинчи “жим” нусхаси ҳам шу кутубхонада №307 рақами остида сақланадиган қўлёзма бўлиб, у 50 варақдан иборат. Фильм рақами эса №2496б

Учинчи нусхаси Умму-л-Қуро университети марказий кутубхонасида №375 рақами остида сақланаётган қўлёзма. Ҳажми 51 варақни ташкил этади[2].

Асарнинг яна бир нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси фондида №1727 рақами остида сақланади. Бу нусхага Муҳаммад ибн Абдуллатиф ибн Малик шарҳ ёзган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, “Туҳфату-л-мулук” асари аксар олимлар назаридаги қимматли манба ҳисобланган. Бу нусхалар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилган ҳолда шундай хулосага келиш мумкин:

  1. Асар турли давр хаттотлари томонидан кўчирилган. Бунга қўлёзма нусхаларнинг ҳар хил ҳажмга эгалиги ҳам далолат қилади. Чунки улар ўз даври учун муҳим ҳисобланган қисмларни кўчириш билан кифояланган кўринади, назаримизда.
  2. Қўлёзма нусхалар ичида энг мукаммали сифатида Маккадаги Ҳарам кутубхонасида №2497 рақамли фото нусха ҳамда “Ҳанафий фиқҳи №41” рақами остида сақланаётган қўлёзма нусхани кўрсатиш мумкин. Бинобарин, ҳозирда мавжуд 1997 йилда нашр этилган даврий нашр боблари ва ҳажмини қиёсий таҳлил қилиш асносида ҳам шундай хулосага келиш мумкин.    

Асар тўққиз бобдан иборат:

  1. Таҳорат китоби.
  2. Намоз китоби.
  3. Закот ҳақидаги боб.
  4. Рўзага оид масалалар боби.
  5. Ҳаж аҳкомларига оид боб.
  6. Қурбонлик ва ов қилиш боби.
  7. Ҳалол ва ҳаромга тегишли ҳукмлар боби.
  8. Фароиз, яъни мерос боби.
  9.  Касб ва одоб-ахлоқ боби.

Бундан ташқари, унда асар муаллифи, унинг фақиҳлар орасидаги ўзига хос мақоми, Абу Бакр Розий ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги қимматли маълумотлар келтирилган. Асарнинг умумий ҳажми 490 бетни ташкил этади.

Китобда боблар ҳам, ўз навбатида таркибланиб, жами 290 та мавзу остида ёритилган. Масалан, “Таҳорат” бобида аввал таҳорат воситаларининг турлари айтиб ўтилган. Жумладан, “Ақсому-л-миё”, яъни “Сув турлари” мавзусида  таҳорат учун яроқли ҳамда бунинг учун яроқсиз бўлган сув турлари таҳлил этилади. Муаллиф бунда нопок сув таҳорат учун яроқсиз эканлигини таъкидлайди[3]. Кейин, “Зобиту-л-касир ва-л-қалил” (“Сувнинг кўп ёки камлигини белгилаш”) мавзусида 10мХ10м ҳажмда бўлиши зарурлиги уқтирилади. Агар сув ҳажми ундан кам бўлсаю ҳаром нарса ҳовузга тушса, ҳовузнинг барча суви бўшатилиши лозим[4].

Тадқиқот натижаларидан қуйидаги йўналишларда фойдаланиш мумкин:

  1. “Туҳфату-л-мулук” асарида келтирилган далилларнинг ҳаётийлиги, Қуръон ҳамда ишончли ҳадисларга таянганлиги сабаб ундан мадрасалар, Ислом олий маъҳади, шунингдек, Тошкент ислом университети таълим жараёнида махсус фанларни ўқитишда фойдаланиш мумкин.
  2. Маълумки, ислом ниқоби остида фаолият кўрсатган ёки фаолият кўрсатаётган ҳар қандай фирқа ўз қарашларини Қуръон ва ҳадис воситасида далиллайди. Шуни эътиборга олган ҳолда, мазкур асардан улар илгари сурган фикрларнинг ботил эканлигини далиллаш учун махсус курс материаллари, тезислар ҳамда маъруза матнлари тайёрлашда фойдаланиш мумкин.
  3. Тадқиқот материалларидан, шунингдек, жойларда “Диний вазиятни соғломлаштириш” йўналишида “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий-маърифий асослари”, “Ислом – бағрикенглик дини”, “Ўзбекистон – бағрикенглик ўлкаси” сингари мавзуларда ўтказиладиган профилактик тадбирларда ҳам қўллаш мумкин.

               Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва ёрдами билан 2015 йил Абу Бакр Розийнинг “Туҳфату-л-мулук” (“Ҳукмдорларга совға”) асарининг тадқиқ қилинган ҳолати ўзбек тилига қилинаётган таржимаси тугатилиб, келгусида алломанинг бошқа нодир китоблари қатори юртимиздаги илм аҳлларига, хусусан, диний ўқув юрти талабаларига Ҳанафий фиқҳи фанидан фойдали бир дарслик сифатида тақдим этилди.

               Ҳақиқатданҳам 2016 йил Абу Бакр Розийнинг “Туҳфату-л-мулук” (“Ҳукмдорларга совға”) асарининг тадқиқ қилинган ҳолати ўзбек тилига қилинган таржимаси тугатилиб, нашр этилди. Мазкур асар келгусида алломанинг бошқа нодир китоблари қатори юртимиздаги илм аҳлларига, хусусан, диний ўқув юрти талабаларига Ҳанафий фиқҳи фанидан фойдали бир дарслик сифатида хизмат қилади, деб умид билдириб қоламиз.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
Абдуҳалим Фазлиддинович Муҳиддинов

[1] Тўлиқроқ маълумот олиш учун қаранг: Зайнуддин Муҳаммад Розий. Туҳфату-л-мулук. –Байрут – Лубнон: Дору-л-башоири-л-исломия, 1417/1997. –Б. 9.

[2] Қаранг: Абу Бакр Розий. Туҳфату-л-мулук. –Б. 14-15.

[3] Қаранг: Абу Бакр Розий. Туҳфату-л-мулук. –Б. 20.

[4] Қаранг: Абу Бакр Розий. Туҳфату-л-мулук. –Б. 21.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …