Home / ЯНГИЛИКЛАР / “Дунё Ислом шаҳарлари” Самарқандда жамланди

“Дунё Ислом шаҳарлари” Самарқандда жамланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий асарининг қўлёзма нусхалари” ва “Дунё Ислом шаҳарлари” номли халқаро фотокўргазма ташкил этилди.

Кўргазма Имом Бухорий ҳамда юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккирлар, алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш, шунингдек, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкил этилди.

Унда ўттизга яқин қўлёзма нусхалари ва туркиялик таниқли фотограф Орҳан Дургутнинг дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларининг тарихий бино ва муқаддас қадамжолари акс эттирилган фотоасарлари намойиш этилмоқда.

Эътиборли жиҳати фотограф Имом Бухорий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон ва Эъзоб  шаҳарларида бўлиб, у ердаги машҳур Ислом маданий меросларини ўз ижодида акс эттирган.

Шунингдек, Орҳан Дургутнинг фото жамланмасидан юритимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Термиз шаҳарларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар хусусан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда, Ичан Қалъа, Ҳаким Ат-Термизий, Хасти Имом, Кўҳна Арк каби машҳур тарихий обидалар ва мақбаралар ҳам ўрин олган. 

Мазкур халқаро фотокўргазма Имом Бухорий таваллуд топган ой (810 йил 20 июль) муносабати билан ташкил этилаётганлиги боис, муҳаддиснинг “Саҳиҳул Бухорий” асарининг қўлёзма нусхалари ҳам кўргазма доирасида халқимиз эътиборига ҳавола этилди.

— Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий», «Ал-адаб ал-муфрад» каби шоҳ асарларини ўрганиб, ундан тўғри хулоса чиқариш, ҳар бир киши учун катта фойда келтиради, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукрулло Умаров. — Чунки, алломанинг асарларида илоҳиёт, диний масалалар билан бирга ўз даврининг ахлоқий ва сиёсий анъаналари, инсонпарварлик, инсонларни бирлаштирувчи, улар ўртасида зиддият, низоларнинг олдини олувчи, адолат ўрнатишга қаратилган ахлоқий фикрлар ҳам кенг ўрин олган. Шу боис, мазкур асарлар билан ёшларимизни, умуман, халқимизни таништириш, уларга ушбу асарларнинг мазмун-моҳиятини етказиб бериш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур кўргазмада ундан намуналарнинг қўйилиши ҳам айни мақсадда ташкил қилинган.

Ҳадисларда илгари сурилган ахлоқий қарашлар инсон маънавий-ахлоқий тарбиясида таъсирчанлиги билан ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб, инсон маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади. Ҳадисларнинг ҳар бир нақли мўмин-мусулмонларнинг ахлоқ-одоб сифатларини ёритишга, уларнинг ўзига хос гўзал қирраларини очиб беришга ва шу руҳда тарбия топишга йўналтирилган.

Кўргазма жорий йилнинг 19 августига қадар давом этади.

Манба:samarkandnews.uz
А. ДОЛИЕВ

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …