Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон ва Малайзия – вақт синовидан ўтган ишончли шериклар

Ўзбекистон ва Малайзия – вақт синовидан ўтган ишончли шериклар

Малайзиянинг машҳур “OIC Today” журналида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги дипломатик миссияси раҳбари Равшан Усмоновнинг юртимиздаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларга бағишланган мақоласи чоп этилди.
 
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон қадимдан Буюк ипак йўли марказида жойлашгани туфайли жаҳон цивилизацияси шаклланишига бевосита таъсир кўрсатган, Марказий Осиё ва бутун мусулмон оламида ислом маънавияти ва маърифати ривожланишига ҳисса қўшиб келган.
 

01.JPG

Бугунги кунда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Марказий Осиёнинг геосиёсий ландшафтини ислоҳ этиш, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалардан тортиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни “халқ дипломатияси” даражасида чуқурлаштиришгача бўлган минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича амалий қадамларни қўймоқда.
 
Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН) ютуқларидан руҳланган Марказий Осиё мамлакатлари минтақадаги қўшнилари билан амалий ва ўзаро дўстона мулоқот юритиш орқали долзарб масалалар бўйича мулоқотлар олиб боришга тайёр. 2017 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ташаббуси билан асос солинган ва жорий йил март ойида Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бунга яққол мисолдир.
 
Минтақадаги янги сиёсий муҳит кўплаб нозик масалаларни ҳал этиш имконини берибгина қолмай, мамлакатлар ўртасида сиёсий ишончни янада мустаҳкамлаш ва келгусида бутун Марказий Осиёда интеграцияни кучайтириш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
 
Мақолада Ўзбекистон билан Малайзиянинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик муносабатларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон 2017 йил 8 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида қабул қилинган мўътадиллик резолюцияси бўйича Малайзиянинг таклифини қўллаб-қувватлади. Мазкур сессияда давлатимиз раҳбари БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюцияси ва Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.
 

02.JPG

Ҳар икки мамлакат Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Тошкент Малайзия ташқи ишлар вазирининг 2017 йил октябрь ойида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисидаги иштирокини юқори баҳолайди. Ўзбекистон бутун мусулмон оламида илмий-техник тараққиётни таъминлаш мақсадини тутган, хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда замонавий телескоп барпо этиш таклифини қабул қилди, юртимизда олтита энг самарали ишлайдиган компьютер марказларидан бири қурилиши бошланди. Халқаро ёш олимлар ислом маркази, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича саммити, буюк олим Муҳаммад Хоразмийга бағишланган халқаро олимпиадани ташкил этиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишга киришилди.
 
Мақолада Малайзиянинг тегишли ташкилотлари ислом оламидаги ютуқларни тиклаш мақсадида Самарқанддаги Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда қўшма тадбирларни ўтказишни режалаштиргани қайд этилади.
 

03.JPG

Ўзбекистон минтақада савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика соҳаларини ривожлантиришга янги суръат бағишламоқда. Мамлакатимизнинг вақт синовидан ўтган ишончли шериги бўлган Малайзия ҳам Марказий Осиёни Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, Ўзбекистон Малайзия маҳсулотларининг Марказий Осиё ва МДҲ бозорларига етказиб берилишида “хаб” вазифасини ўташи мумкин.
 
Юртимиз малайзиялик шериклар билан транспорт, энергетика, кимё ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ва ахборот технологиялари соҳалари бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. Мамлакатимизда бунинг учун қулай инвестициявий муҳит ва сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишончли кафолатлар яратилган.
 
2018 йил февраль ойидан мамлакатимизда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо учта йирик давлат – Малайзия, Индонезия ва Туркия фуқароларига 30 кунлик визасиз режим жорий этилгани ҳамда Тошкент – Куала-Лумпур йўналишида тўғридан-тўғри парвозлар мавжудлиги юртимизга малайзиялик сайёҳлар оқимининг кўпайишидан далолатдир.
 
Мақола якунида Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик яқин келажакда ҳар икки мамлакатнинг юксак салоҳиятини рўёбга чиқаришга ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада бойитишга хизмат қилиши таъкидланган.
Манба:ЎзА

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …