Home / МАҚОЛАЛАР / Миллий либосларимизда юксак қадриятларимиз бор

Миллий либосларимизда юксак қадриятларимиз бор

Кийиниш маданиятининг хилма-хиллиги яшаб турган жамиятига мослашиши ва аждодлар меросига таянилиши табиий ҳолдир.

Одатда кийинган инсон кийган либосини яшаётган жамияти учун кияди. Сабаби, либос қанчалик беҳад гўзал кийим бўлмасин, атрофдагилардан қандай ярашганлигини сўрашнинг ўзи, кийимни жамият учун эканлигини исбот қилиб туради. Шу қоидага кўра ҳар бир жамият аъзоси юрт ва элат аҳлининг кийимидан ўзини ажратиб олишлиги ҳаёт мезонида қалтисликка олиб боради.

Айтишимиз жоизки, боболаримиздан қолган миллий либосларимиз ўзбеклигимизни, керак бўлса диний қарашларимизни ҳозиргача намоён этиб келган ва яна давом этади. Тўй, маърака ва маросимларимизда миллий либосларимизни кийишимизнинг ўзи юксак қадриятларимиздан бири эканлигини кўрсатиб туради.

Бизнинг миллий либосларимиз неча асрлардан буён юқоридаги анъанага мувофиқ шаклланган, диний ва урфий белгиларни ўз ичига қамраб олган ва бизларгача етиб келган.

Истиқлол шарофати билан динимиз ва миллий анъаналаримизга кенг йўл очиб берилди. Қисқа вақт ичида миллий анъана ва қадриятларимиз қайта тикланди.

Маълумки, халқимиз бутун жаҳонда гўзал хулқи, дини ва ўчмас қадрияти билан шуҳрат қозонган. Меҳмоннавозлик, олийжаноблик, меҳр-мурувват, саховат, раҳм-шавқат ва ўткир тафаккур-буларнинг бари бизнинг халқимизда мужассам. Шундай экан, кийинишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Зеро, кийиниш гўзал хулқнинг белгисидир.

Афсуски, баъзи бир кишилар бу каби таълимотлардан узоқлашган ҳолда, уларга амал қилмаслик оқибатида маълум хатога йўл қўядилар, натижада турли-туман муаммолар келиб чиқади. Ваҳоланки бу либослар ўзга юртларда миллийлигидан келиб чиқиб, иқлим шароитига мослашиш мақсадида киядиган кийими ҳисобланади. Биз бугунги кунда катта-катта жамоа ичида миллийлигимиздан ажраган ҳолда ўзга миллатлар либосларини кийишга одатланишимиз ўзга миллатларга кўр-кўрона тақлид қилиш эмасми? Миллий ғуруримиз, диний ва дунёвий қадриятларимизни поймол қилиш эмасми?

Айтиш жоизки, бу мулоҳазаларимиз билан ҳеч кимни хафа қилиб қўйиш ниятимиз йўқ. Фақат муқаддас ислом динимиз аҳком ва арконлари билан қоришиб, уйғунлашиб кетган урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ва қадриятларимиз камситилишини хоҳламаймиз.

Миллий урф-одат, диний қадриятларга ёндашишда асосий қонун- қомусимиз бўлмиш Конституцияси ва шу асосда 1998 йил 1 майда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги таҳрирда қабул қилинган қонундан келиб чиқмоқ зарур. Ушбу қонунга кўра диний ходимлардан бошқа фуқаролар жамоат жойларида диний либослар кийилиши таъқиқланган.

Ҳар биримиз ушбу қонунларга риоя қилган ҳолда ҳаёт кечиришимиз ва миллий урф-одат ва анъаналаримизга содиқ қолган ҳолда кийинишга аҳамият беришимиз бу куннинг долзарб масаласига айланди.

Ҳар биримиз ҳазрат пайғамбаримиз (с.а.в)нинг “Халқлар ичида бамисоли кўркам, ҳамма ҳавас қиладиган уммат бўлинг” деган ҳадиси шарифларига амал қилган ҳолда, яратган Аллоҳдан намунали, бахтли ва осойишта ҳаёт кечиришимизни сўраб қоламиз.

Улуғбек Бекязов
Хазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …