Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эди. Сўнг қайтиб келиб, қавмига имом ўтиб берарди”.
Баъзилар “имом кичикроқ намозхонада жамоат намозини ўқиб тугатса, кейин иккинчи жамоатга яна намоз ўқиб берса бўладими?” деган саволга: “Бўлади”, деб жавоб берган ва ушбу ҳадисни далил қилиб келтирган. Шундай бўлса-да, киши кўнглида барибир турли саволлар туғилади. Шу сабабли ушбу ҳадиснинг шарҳларини кўриб чиқсак.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Масжидун набавийда намоз ўқир эди. Сўнг ўз қавми Бану Салимага қайтиб келиб, ўша намозни ўқиб берарди. Бу ерда хуфтон намози ҳақида гап кетмоқда.
Уламолар Муоз ибн Жабал хуфтон намозини икки марта ўқигани ҳақида ихтилоф қилган. Чунки, фарз икки марта адо қилинмайди. Бунинг далили Абу Довуднинг Сулаймон ибн Ясордан ривоят қилган қуйидаги ҳадисидир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кунда бир намозни икки марта ўқиманг”, деганлар”. Эҳтимол, Муоз ибн Жабалнинг қилган иши исломнинг илк даврида аввалида бўлгандир. Ўша кезлари қорилар кам бўлиб, балки қавм орасида Муознинг ўрнига имом ўтиб берадиган одам бўлмагандир.
Имом Таҳовий “Шарҳу маонил осор”да бундай ривоят қилади: “Муоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эди. Сўнг ўз қавми олдига қайтиб келиб, уларга имом ўтиб берарди”. Эҳтимол, ўша пайтда фарзни икки марта ўқиш мубоҳ бўлгандир. Исломнинг илк даврида шундай қилинган. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаргунларича давом этган.
Энди “Саҳиҳул Бухорий”нинг машҳур шарҳи “Умдатул Қорий”да ушбу ҳадисни қандай шарҳланганини ўрганамиз. Унда бу ҳолатга бир неча хил жавоб берилган.
Биринчиси: бу ҳадисни ҳужжат қилиб келтириш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инкор қилмаганлари учундир. Бунинг шарти – воқеани тўлиқ билиш керак. Билмаса ҳам далил учун мумкин.
Иккинчиси: ният – фақат ният қилувчининг дарак бериши билан хабардор бўлинадиган ботиний иш. Муоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қироатнинг суннати ва намознинг ҳукмларини ўрганиш учун нафлни ният қилиб намоз ўқиган бўлиши мумкин. Сўнг ўз қавми олдига қайтиб бориб, уларга фарз намозини ўқиб берган бўлиши мумкин.
“Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида туриб фарзнинг фазилатини тарк этиши, кейин қавми билан бирга ўқиши мумкин эмас. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Намозга такбир айтилгандан сўнг фақат фарз намози ўқилади” деган сўзларини эшитгандан кейин қанақасига бундай қилиши мумкин?! Ахир, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўқилган битта намоз умр давомида ўқилган барча намозлардан яхши эмасми?! Хусусан, у зотнинг масжидида ўқилган битта намоз бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан яхшироқдир”, деб айтсангиз, қуйидагича жавоб берамиз: “Ундай бўлса, Мадинадаги масжидларнинг барча имомларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга фарзни адо қилганлик фазилати ўтиб кетмайдими? Қавми билан бирга фарзни адо қилиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида ўқилган нафл намозининг фазилати шу ҳолатдаги фарз намозини адо қилишнинг ўрнида бўлади. Ўз қавмига имом бўлишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига буйсуниш чин итоатдир”.
Учинчиси: Муҳаллаб: “Эҳтимол, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг амали қорилар бўлмаган ё қавм орасида унинг ўрнига имом бўладиган одам топилмаган пайтда содир бўлгандир. Оддий ҳолатлар зарурат ҳолатига қиёс қилинмайди”, деган.
Тўртинчиси: Эҳтимол, Муоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кундузнинг ва қавми билан кечанинг намозини ўқигандир. Чунки улар ишчилар бўлиб, кундузги намозларда манзилида бўлмас эди. Ровий Муоз ибн Жабалнинг икки вақтдаги ҳолати ҳақида хабар берган, битта вақтдаги эмас.
Бешинчиси: Албатта, бу ҳадис мансух (ҳукми бекор) бўлган.
Ҳанафий мазҳаби ҳукмига кўра, фарз намозини ўқиган одам худди шу намозни ўқиётган қавмга имом бўла олмайди. Чунки, иккинчи марта ўқилганда фарз нафлга айланади. Нафл ўқиётган фарз ўқиётганга имом бўла олмайди. Бу ҳадисдаги ҳолат фақат Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ўзигагина хос. Ундан ҳамма учун умумий ҳукм олиб бўлмайди. Ҳадисларнинг маъноларини ҳаммадан кўра мужтаҳид имомлар яхши билган. Шунинг учун ҳукм олишни уларга топшириш керак. Яъни, бир мазҳабни маҳкам ушлаймиз ва унга эргашамиз.