Home / ЯНГИЛИКЛАР / «ORIENTAL CLASSIC STUDY» нодавлат таълим муассасаси Марказга ташриф буюрди

«ORIENTAL CLASSIC STUDY» нодавлат таълим муассасаси Марказга ташриф буюрди

Президентимизнинг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига биноан «ORIENTAL CLASSIC STUDY» нодавлат таълим муассасаси тингловчилари ва муассаса қошида очилган «ORIENTAL SCHOOL» мактаби ўқувчиларидан таркиб топган бир гуруҳ жамоа 04.05.2019 йил санасида Ўзбекистон жавҳари бўлмиш қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига ташриф буюрдилар.

Юртимиздаги бой тарих ва маданиятга эга шаҳарлар орасида Самарқанднинг алоҳида ўрни бор. Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри тарихий обидалари билан ажралиб туради. Муассасамиз жамоаси дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2855-сон қарори асосида ташкил топган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига, ҳамда Имом Бухорий мақбараси мажмуасига ташриф буюрдилар. Сўнгра зиёратчилар Регистон мажмуаси, Гўри Амир мақбараси, Шохи Зинда ва яна бир қатор тарихий мажмуаларда бўлиб, машҳур меъморий обидалар билан танишдилар.

Шоҳи Зиндани зиёрат қилгач, Амир Темур мақбараси, кейин ниҳоятда нафис қилиб терилган тошйўлкадан юриб Бибихоним мадрасасига кирилди. Ҳазрати Ҳизр, қолаверса Биринчи Президентимиз мангу қўним топган масканни зиёрат этиш ниятида, икки чети ҳунармандлар расталаридан иборат йўлкада усти очиқ, бежирим автоуловда йўлга тушилди. Оғир бир ўкинч ва юксак эҳтиром билан Биринчи Президентимиз руҳи покларига бағишлаб тиловат қилинди.

Қадимий Самарқандга ташриф буюрувчи кўплаб сайёҳлар Гўри Амир мақбарасини жаҳонга машҳур ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этадилар. Мақбарага темурийлар оиласи ва сулоланинг меросхўрлари дафн этилган. Шунингдек, довруғ қозонган Шоҳи Зинда мажмуаси Самарқанднинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, шарқ мусулмонларининг муқаддас зиёратгоҳларидан бири ҳисобланади. Регистон майдонидаги Улуғбек, Шердор ва Тилла-Кори мадрасаларининг ноёб бинолари шаҳар гўзаллигига кўрк қўшиш билан ажралиб туради. Бу ва бошқа кўплаб иншоотлар жаҳон меъморчилигининг ноёб дурдоналари тарихида муносиб ўрин эгаллайди.

Тошкент шаҳридан ташриф буюриб, ушбу муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш албатта, инсонга тетиклик ва руҳий завқ бағишлайди. Самарқандга қилинган сафар «ORIENTAL CLASSIC STUDY» нодавлат таълим муассасаси жамоасида унутилмас таассуротлар қолдирди.

ИБХИТМ Матбуот маркази

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …