Германиянинг Фридрих-Александр номидаги нуфузли Эрланген–Нюрнберг университети (FAU Erlangen–Nürnberg) профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат делегация 7 октябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Зиёрат доирасида икки муассаса ўртасидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ислом цивилизацияси ва илм-фани меросини ўрганиш, шунингдек, қўлёзмалар билан ишлаш борасидаги илмий тажриба ва ютуқлар бўйича фикр алмашилди. Шу муносабат билан қўлёзмаларни тадқиқ этиш, сақлаш ва рақамлаштириш усулларига бағишланган илмий давра суҳбати ташкил этилди. Унда Марказ олимлари ва делегация аъзолари тарихий манбаларни илмий асосда ўрганиш, замонавий ахборот технологияларини қўллаш, илмий натижаларни халқаро миқёсда тарғиб этиш масалалари юзасидан мулоҳазалар юритди. Шунингдек, келгусида қўшма илмий тадқиқотлар, профессор ва талабалар алмашуви ҳамда илмий лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида:
Фридрих-Александр номидаги Эрланген–Нюрнберг университети 1743 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозир кунда Германиянинг етакчи олий таълим муассасаларидан саналади. Унинг таркибидаги Гуманитар ва ижтимоий фанлар ҳамда теология факультети, хусусан, Ислом диншунослиги бўлими (Department of Islamic-Religious Studies) моҳиятан Марказ фаолияти йўналишларига яқин бўлиб, диний илмлар, қўлёзмалар билан ишлаш, манбашунослик ва илмий меросни тадқиқ этиш соҳаларида кенг кўламли изланишлар олиб боради. Шунингдек, университетдаги Китобшунослик ва рақамли гуманитар фанлар (Book Science & Digital Humanities) бўлимлари қўлёзма манбаларни рақамлаштириш, таҳлил қилиш ва электрон архивлаш соҳаларида илғор тажрибага эга.
Шунингдек, Марказ мутахассислари томонидан меҳмонлар учун қўлёзма манбалар билан ишлашга бағишланган амалий маҳорат дарси ўтказилди. Унда қадимий қўлёзмаларни идентификация қилиш, уларни сақлашда қўлланадиган шароитлар, қоғоз, сиёҳ ва хат турлари орқали даврий белгиланиш усуллари ҳақида амалий маълумотлар берилди. Меҳмонлар Марказ қўлёзмалар фондидаги нодир асарларни кўздан кечириш имконига эга бўлиб, бу борадаги илмий ишларга катта қизиқиш билдирди.
Ташриф икки муассаса ўртасидаги илмий ҳамкорликни ривожлантириш, ислом илмий ва маданий меросини ўрганиш, уни замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш ва халқаро илмий жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этади.