Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ўзбекистон тажрибаси: ислом маърифати ва халқаро ҳамкорлик

Ўзбекистон тажрибаси: ислом маърифати ва халқаро ҳамкорлик

Индонезиянинг нуфузли нашри – “Kalimantan Post” интернет газетасида 2025 йил октябрь ойида бош муҳаррир Эка Шанти Рофи хонимнинг “IBISRC Gelar Kolaborasi Kelas Dunia, Termasuk Indonesia” (“Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази халқаро ҳамкорлик дастурларини амалга оширмоқда, Индонезия ҳам қўшилди”) сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази (IBISRC) фаолияти, унинг жаҳон даражасидаги илмий ҳамкорлик йўналишлари, хусусан, Индонезиядаги турдош муассасалар билан билан ўрнатаётган алоқалари ҳақида сўз боради.

Мақолада Самарқанд “тарихий шаҳар, илм ва маърифат юраги” сифатида таърифланиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази эса “турли мамлакат олимларини бирлаштирувчи маънавий маскан” деб эътироф этилган. Муаллиф таъкидлаганидек, Марказ сўнгги йилларда халқаро илмий мулоқот ва маданиятлараро ҳамкорликнинг етакчи платформасига айланмоқда.

Материалда айни кунларда Марказ томонидан ўтказилаётган йирик тадқиқот ва илмий анжуманлар, шу жумладан, Европа, Осиё ва мусулмон дунёси олимларини қамраб олган ҳамкорлик лойиҳалари, октябрь ойи бошида “Дин ва кўп тиллилик: Европа ва Осиё жамиятларида Қуръон ва исломий адабиётларнинг ёйилиши” мавзусида ташкил этилган халқаро анжуман ҳақида фикр юритилган. Марказ раҳбари, профессор Шовосил Зиёдовнинг анжумандаги нутқидан қуйидаги иқтибос келтирилиб, “Самарқанд илм ва маърифат нурини ёйган қадимий шаҳар сифатида бугун яна цивилизациялар ўртасидаги мулоқот гўшасига айланмоқда” деган ташбеҳ билан фикр янада мустаҳкамланган.

Таъкидланганидек, Марказнинг “дунё даражасидаги ҳамкорлик” ташаббуслари орасида Индонезия илм аҳли ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бу мақола Индонезиянинг йирик нашрида чоп этилгани нафақат илмий воқеликнинг халқаро миқёсда тан олинганини англатади, балки Ўзбекистоннинг ислом маърифати, маданияти ва бағрикенглик анъаналарини дунё жамоатчилигига етказишдаги ютуқларини намоён ҳам этади.

Мазкур мақола “Kalimantan Post” газетасида ҳам “Transformasi Al-Qur’an dari Abad ke-15” (“Қуръоннинг XV асрдан кейинги трансформацияси”) номи билан нашр этилди.

Манба: ЎзА

Check Also

Қуръон, тил ва маданият: Самарқандда халқаро илмий мулоқот майдони

2 октябрь куни Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Неаполь Шарқшунослик университети ва ERC-SYNERGY EuQu …