Home / МОТУРИДИЙЛИК / Мотуридийлик: Илмий меросдан маънавий барқарорлик сари

Мотуридийлик: Илмий меросдан маънавий барқарорлик сари

Самарқанд давлат университети ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Самарқанд археология институти, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамкорлигида 4-5 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида буюк мутакаллим, ислом ақидавий фикрининг йирик намояндаси Имoм Абу Мансур Мотуридий илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг таълимотини замонавий шароитда маънавий барқарорлик ва бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини ёритишдан иборатдир.

Конференциянинг очилиш қисмида мамлакатимизда исломшунослик ва каломшунослик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Мотуридийлик таълимотини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва унинг ғояларини ёш авлод онгига етказиш борасидаги ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Мотуридий калом мактаби тарихини ўрганишда Чокардиза қайроқ тошларининг ўрни” мавзусида маъруза билан иштирок этди. Олим Самарқанд вилоятидаги Чокардиза қабристонида топилган ёдгорликлар Мотуридийлик мактаби тарихи ва ислом ақидавий фикрининг илк босқичларини тадқиқ этишда ўзига хос манба бўлиб хизмат қилаётганини ҳар томонлама ёритиб берди.

Конференция доирасида мамлакатимиз олий таълим муассасалари ва илмий марказларидан келган олимлар, тадқиқотчилар ва ёш изланувчилар иштирокида бир неча йўналишдаги секциялар ташкил қилинди. Уларда Мотуридийлик таълимотининг илмий-фалсафий жиҳатлари, маънавиятни юксалтириш ва диний-мафкуравий барқарорликдаги аҳамияти, унинг глобаллашув шароитидаги талқинлари юзасидан илмий фикр алмашувлари бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ерда ташкил этилган давра суҳбатида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот илмий ходими Меҳрожиддин Амонов Чокардиза қабристонининг тарихи ҳақида маъруза қилди. Тадқиқотчи мазкур ҳудудда олиб борилаётган археологик изланишлар ва топилмаларнинг илмий аҳамиятига тўхталиб, Чокардиза қабристонидаги тадқиқотларнинг илмий-маънавий аҳамияти ҳақида сўзлади.

Тадбир якунида иштирокчилар Мотуридийлик таълимотининг замонавий жамият маънавиятини янада мустаҳкамлашдаги ўрнини қайд этиб, ушбу конференция ислом ақидавий илмининг илмий ва амалий йўналишларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

Тадбирда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашр этган асарлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, конференция доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Имом Мотуридий илмий меросига бағишлаб олий таълим муассасалари талабалари иштирокида ўтказилган танлов ғолиблари тақдирланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мюнхен университетидан илмий делегация

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Германиянинг нуфузли таълим даргоҳи – Людвиг Максимилиан номидаги Мюнхен университетининг …