Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Радикализм – жамият барқарорлигига таҳдид” мавзусида маърифий учрашув ташкил этилди.
Университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этган тадбирда Марказ илмий ходимлари томонидан бугунги глобаллашув жараёнида инсоният тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид солаётган терроризм ва экстремизмнинг салбий оқибатлари, уларга қарши маърифат билан курашишнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидланганидек, диний ақидапарастлик ва турли бузғунчи ғоялар ҳали-ҳамон ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатишга уринмоқда. Бундай хатарли оқимлар асосан интернет орқали тарқалмоқда. Шу боис ёшларнинг маънавий баркамоллиги, уларда мафкуравий иммунитет ва соғлом дунёқарашни шакллантириш жамиятнинг устувор вазифаси сифатида қайд этилди.
Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли таҳдидларга қарши қатъий кураш олиб боришдаги мустаҳкам позицияси алоҳида урғу билан таъкидланди. Тадбир иштирокчилари ёш авлод тарбиясида маърифатнинг ўрни беқиёс эканини, бунда ҳар бир оила, таълим муассасаси ва жамиятнинг бирдек масъул эканини эътироф этди.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси”нинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, ушбу концепция жамиятда миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва диний соҳада очиқлик сиёсатини таъминлашга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. У орқали радикализм ва ҳар қандай бузғунчи ғояларга қарши маърифий ва ҳуқуқий асосда қатъий чоралар кўрилмоқда.
Учрашувда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда барча саъй-ҳаракатлар уйғунлиги зарурлиги қайд этилди. Чунки хавфсизлик умумий қадрият бўлиб, уни асраб-авайлаш ҳамманинг бурчидир.