Home / МАҚОЛАЛАР / ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙНИНГ “ШАБИ ЯЛДО” МУНОЖОТИ

ХОЖА АҲМАД ЯССАВИЙНИНГ “ШАБИ ЯЛДО” МУНОЖОТИ

Шарқ адабиётининг тамал тоши ҳикмат билан кўтарилган, ҳикмат асосида ривожланган ва ҳикмат туфайли ўз тараққиётининг юксак чўққисига чиқиб, бутун дунё илму адаб аҳлини асрлар давомида ҳайратга солиб келмоқда.

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ўғли ориф шоир Султон Валаднинг ёзишича, моҳият эътибори билан авлиёнинг шеъри оддий шоирларникидан бутунлай фарқланади. Авлиё Ҳақ ила бақоликка етишган зот бўлиб, уларнинг ҳаракати ҳам, тириклиги ҳам Ҳақдандир. Шеърда авлиё ўзини эмас, Ҳақни кўрсатади. Зеро, чин ошиқнинг шеъридан Ҳақнинг бўйи келади, худпараст шоирникидан  шайтон васвасаси сезилиб, эшитилиб туради [6:76].

Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”и дунёга келиши билан туркий халқлар ўзининг мустақил тариқат китобига, том маъноси ила маърифат, ҳақиқат, руҳоният қомусига соҳиб миллат ўлароқ эътироф этилган [7.3]. Шу сабабдан унинг ҳикматлари асрлар давомида инсонлар томонидан севиб, ёд олинган.

Аллоҳ таоло инсонни яратган экан, унинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло доимо Ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга буюрган. Зеро, У инсонга жон томиридан ҳам яқинроқ, Унга илтижо қилганнинг дуосини эшитгувчи зотдир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган:

واذا سالك عبادي عني فاني قريب اجيب دعوة الداع اذا دعان فليستجيبوا لي وليؤمنوا بي لعلهم يرشدون (سورة البقرة/186).

Яъни:“Сиздан (Эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватимни) ижобат (этиб), Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар (Бақара сураси, 186-оят). Аллоҳ таоло бу оятда банданинг дуосини ижобат қилишини ваъда қилар экан, бунинг учун банда Унинг талабини сўзсиз бажариши ва чақириғига доимо лаббай деб жавоб бериши лозимлигини таъкидламоқда.

Асрлар давомида оғир кунларда маҳзун кўнгиллар Хожа Аҳмад Яссавийнинг Қуръони карим оятларидан илҳомланиб битган ҳикматларидан таскин топган. Баъзилар уларни дардга шифо сифатида қўллаб ҳам келган [11:68]. Шу кунга қадар халқимиз орасида Ҳазрати Яссавийнинг “Шаби Ялдо” муножоти машҳурдир.

 Бу ҳақда Соҳибқирон Амир Темур таржимаи ҳолини ҳикоя қилувчи “Зафарнома” асарида қуйидагича ҳикоя қилинади:

“Ва тангри башоратидин бири бул эрдики, ўшал вақтки Рум пойтахти томон юзланиб, Ҳазрат Шайх Яссавий мақомотидин фол очтим. Бул башорат бўлдиким, ҳар урушда мушкил юзланса, бу рубоийни ўқунгиз. Рубоий:

Ялдо кечани шамъи шабистон этган,
Бир лаҳзада оламни гулистон этган.
Бас, мушкил ишим тушубтур осон этгил,
Эй барчани мушкилини осон этган.

Ман бу рубоийни ёд эттим. Ул пайтки Қайсар аскариға юзландим ва бу рубоийни етмиш марта ўқудум. Ғалаба ҳосил бўлди”[1:21].

Бу ҳақда тилшунос олим Мўминжон Тешабой Водилий (1920-1963) шундай ёзади:

Амир Темур XIV аср охирларинда Анадолу томон Осман падишаҳлигининг Султани Баязид I га қарши ҳужум қилар экан, у Хожа Аҳмад Яссавийнинг мақоматидан тафъул этмишдир. Темурнинг (“Воқиъат Темур”) сўзига кўра, у қуйидаги мисрани жангга кирган заман 70 марта такраран ўқумиш ва зафар қазанмиш” [5:27].

Асрлар давомида ушбу рубоий туркий халқ орасида  севиб ёд олинган. Жаҳонга машҳур тарихчи Заки Валидий Тўғон (1890-1970) ҳам ўз хотираларида мусибатли кунларда Аҳмад Яссавийнинг “Шаби Ялдо” ҳикматини кўп ўқиганини таъкидлайди:

“1918 йилда Оренбургда шўролар томонидан қамоққа ташландим. 1944 йилда Туркияда Исмат пошо тарафидан ҳибс этилдим, ўқиладиган ҳар нарсадан маҳрум қилинган вақтларимда, кўпинча, онамдан ўрганган шеърларни ва Аҳмад Яссавийнинг “Шаби Ялдо” (“Ялдо кечаси”) муножотини ўқир эканман, менга онажонимнинг таъсири нақадар муҳим, аҳамиятли бўлганини ҳис этдим. 1944 йил воқеалари вақтида отамнинг хотиралари аллақачон унутилган, фақат онамнинг хаёли “Асровчи фаришта” дейилгувчи малак каби ёнимда бўларди. Мен баъзан худди болалигимдагидек, ўзимни онамни ҳидлаётгандек, искалаётгандек ҳис этардим. Унинг жозибаси ва жозибадорлиги шеърлар билан ифодаланган ахлоқий талқинларда эди. Онам ўз ҳаёти давомида ҳеч қачон энг кичик бир гуноҳ ҳам қилмаган ва менга нисбатан беҳад самимий бўлган. Онам менга ўргатган форсча, туркча шеърлари фақатгина ахлоқий парчалардан иборат эмас, балки улар орасида адабий ва эстетик шеърлар ҳам бор эди. У менга ёдлатган Навоий ғазалларининг мумтоз парчалар эканини кейинчалик шоир куллиётини бошдан охиригача ўқиб чиққанимда билдим.

“Девон”нинг бу парчаларни ичига олган қисмлари бизда йўқ эди. Бошқа жиҳатдан ўрганган ахлоқий шеър ва ҳикоялар эса бир мажмуа (антология) шаклида тўпланган бўлиб, уларнинг кўпини онам хотирасида сақларди, ёддан биларди. Булар асосан Аттор, Жалолиддин Румий, Навоий, Яссавий, Сўфи Оллоёрдан олиниб тўпланган парчалар эди”[2:26].

Изланишлар давомида Марғилон уездининг Қува волости қозиси бўлган Абдулқодир махдум Нозик (1856-1914) қўлёзмалари орасидан ўша даврда Марғилон ва унинг унинг атрофида фаолият кўрсатган уламоларга ёзган мактублари аниқланди. Уларда Абдулқодир махдум Нозикнинг замонга муносабати, унинг ахлоқий қарашлари баён этилган. Мазкур мактублардан бири Отабекбой номига Абдуқодир махдум Нозик томонидан ёзилган. Унда ҳам Хўжа Аҳмад Яссавийнинг “Шаби Ялдо” муножоти ҳақида алоҳида эслатмалар мавжуд.

Маълумотларга кўра, Қуванинг Гуручфуруш қишлоғи Бозорбоши маҳалласида истиқомат қилган Отабекбой Бобожон ўғли 1898 йили Дукчи эшон қўзғолони тарафдори сифатида ўлимга ҳукм этилган [9].

Тарихдан маълумки, 1898 йилда Андижонда юз берган ўзбек халқининг мустамлакачилик ва миллий зулмга қарши озодлик ҳаракати Дукчи эшон қўзғолони (воқеаси) номи билан ҳам машҳур. Унга Андижон уездининг Мингтепа қишлоғида истиқомат қилувчи Муҳаммадали халфа Собир ўғли раҳбарлик қилган. Қўзғолон муваффақиятсизликка учрагач, мустамлакачилар Андижон қўзғолони муносабати билан бутун Фарғона водийсида даҳшатли қатағон уюштирди.

Биринчи навбатда қўзғолон раҳбари Муҳаммадали Эшон ва унинг яқин маслакдошларидан 5 нафари 1898 йил 12 июнда Андижон шаҳри марказида бутун водий жамоатчилигининг 8 мингга яқин вакили кўз ўнгида осиб ўлдирилган. Қўзғолончилардан 18 нафари осиб ўлдиришга ҳукм қилинган. Отабекбой ҳам ўша ўлимга ҳукм этилган 18 нафарнинг бири бўлган. Аммо маълум сабабларга кўра жазодан омон қолади. Бу ҳақда тарихчи олим Сирожиддин Аҳмад шундай ёзади: “Эл-юртнинг билимдон, ишбилармон кишилари орасида замонга янгича назар ташлаши, мустамлакачиларга нисбатан муросасизлиги билан обрў топган.

Фарғона водийсининг талайгина шаҳар ва қишлоқларидаги қулай пайт пойлаб юрган бой-савдогарлар ҳам Эшон билан ҳисоблашган. Олтин пул ҳисобида миллион сўмлик мулкка эга савдогар бойлардан Отабек Бобожон ўғли ҳам Дукчи эшон билан пул муомаласини олиб борган. Бу киши ҳам қўзғолончилар билан бирга қўлга олинган ва ўлимга ҳукм этилган. Аммо фарзандлари ва онаси император ва унинг рафиқаси – Александра Фёдоровнага ўтинч тўла кечиришини сўраб телеграмма бергач, у афв этилади. Отабек Бобожон ўғли исёнчилар билан мамлакатни озод қилиш масаласида ҳамфикр бўлган. Шу боис онаси телеграммада унинг гуноҳкорлигини ва унинг 63 ёшда, қари эканини алоҳида таъкидлайди” [8:5].

Отабекбойнинг онаси томонидан император ва унинг рафиқаси номига юборилган телеграмма матни “Туркестанские ведемости” газетасининг 1898 йил 20 августдаги 1-сонида чоп этилган. Унга кўра, Отабекбойнинг ўғли Мадумар Бобожонов Император номига ёзган телеграммасида у отасига раҳм-шафқат қилишларини илтимос қилади. Шунингдек, Отабекбойнинг тўқсон ёшли онаси ўғлига шафқат қилишларини сўрайди. Телеграммадаги маълумотларга кўра, Отабекбой тўрт ака-уканинг тўнғичи бўлган. Газетада берилган хабарда айтилишича, Отабекбойнинг онасининг олтмиш уч ёшли ўғлига шафқат сўраб ёзган арз-ҳоли инобатга олиниб, ўлим жазоси бекор қилинади ва сургун жазосига алмаштирилади [10].

Қўлимиздаги мавжуд васиқалар орасида Отабекбой номи билан боғлиқ бир неча ҳужжатлар сақланади. Уларда баён қилинишича, Отабекбой қўзғолончиларга ҳамфикр бўлгани учун Сибирга сургун қилинган. У ўша ерда вафот этган бўлиши мумкин.

Абдулқодир махдумни Отабекбой номига битилган мактуби туркий тилда маҳаллий қоғозга олд ва орқа томонига қиялаб ёзилган бўлиб, ҳажми 16х21 см. Мактубда ёзилишича, Абдулқодир махдум Нозик Отабекбойнинг яқин дўсти бўлиб, у ҳибсда ётган яқин кишисига самимий, дўстона ва насиҳатомуз тарзда битилган. Ушбу насиҳат бугунги кунда ҳаёт синовларига бардош бера олмай, умидсизликка дучор бўлганларга, мол-дунё тўплаш илинжида эҳсон ва саховатни унутган кимсаларга ҳам диний жиҳатдан муҳим тарбиявий аҳамиятга эгадир [3:8-10].

“Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ салом маснун алайҳиссалом адосидин кейин бандаликка чор-ночор бўйунсунғон, Худойи Азим ҳукмиға рози бўлғон киром қадрли қуболик Отабек бечора ошномизға ва ҳам дарду алам роҳат меҳнатға шерик бўлишғон рафиқлариға. Дуои фаровон яхши соатда етуб равшан бўлсунким, мундаги катта-кичик қавм-қариндош ва ёри биродарлар ҳаммаси тинч, амон тирик эрта кеч хусусан, баъд аз намоз хулосаликларингизни озод бўлишларингизни Аллоҳ таолодан талаб қилурмиз. Ажаб эмаски, императур оқ подшоҳимизга Аллоҳ таоло кўнгуллариға солса, андак баҳона илан озод қилуб, яна сиҳат-саломат ватанлариға келиб, авлод асҳобларингиз илан хуш-хурсандлик насиб бўлса. Алалхусус тонггача сизни тўғрингиздин ҳар ким афсус надомат кўп қилишурлар. Чунки сизни ҳамма билур эрдики, бу фитнаға қўшулмағон эрдингиз. Баъзи душманларни бўҳтон туҳмати илан мундоғ меҳнатларға гирифтор бўлдунгиз ва ҳам анинг устиға бемор бўлубсиз. Аллоҳ таоло шифо берсун ҳаммаларингизға. Худойим сабр жамил ато қилсун. Ҳар ҳолда бандаға шукр лозимдур. Чунончи, Жаноби Хўжа Ҳофиз айтибдурлар: “Шукр бар ҳама ҳол бояд кардки, мабодо аз ин табар карди ва ҳам Фиқҳ Кайдоний мўътабар китобдур. Анда бу масала демишким: “Иъ лам анал абда мубталан байна ан ютиаллоҳа таъла файусаба ва байна ан ясийаҳу файуақоба”. Маъниси булдурким: “Аллоҳ таоло бандасини имтиҳон қилур икки ишда фармонбардорлик қилса, савоб берилур. Агар фармонни тарк қилса, азоб берилур. Савоб азоб охиратда бўлур. Ошнойи холислигим шулки, юқорида мазкур бўлғон калимайи шарифни ҳамиша зикр қилинглар. Ҳар ҳолда, ҳар вақтда вирд қилуб ўқуб, маънисини билиб ўқунглар. Маъниси булдур… “Ибодат қилишға лойиқ ҳеч ким йўқдур. Магар ибодатға лойиқ Аллоҳ таолодур. Расулуллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом Худони элчисидур. Яъни Худойи оламни амрини бандаларға еткуркучидирлар. Иймон деб ушбу калимани тил бирла ўқуб, дилда маънисиға тасдиқ. Маъниси: “Рост эътиқод қилишни айтурлар”. Ушбу калимаи шариф дунё ва охиратда дастгирлик қилур.

Албатта, ҳамиша ёди Ҳақ билан бўлсунлар. Ҳаммамизни бир кун ўлишимиз бор. Нима ҳолда бўлушимизни Худо билур. Яна бир сўз шулки, чин кўнгул бирла билиб-билмай қилғон гуноҳларингизға тавба қилунг. Ҳар дуони аввали ва охирида саловат ўқуб, Пайғамбаримизға туҳфа қилуб, руҳи поклариға мутаважжуҳ бўлуб, императур оқ подшоҳни инсоф ва адолатларини тилаб дуо қилинг. Подшоҳни ҳақлариға яхши тилак тилаб дуо қилсаларинг, ажаб эмаски, хурсандликдин гуноҳларингни авфу қилсалар. Аммо хатлари ахийри ражжаб ойида келиб тегди. Анолари бу тўғрида ҳурмат илан хат қилуб эканлар, кўп хурсанд бўлдум. Дарҳақиқат, адаб шулдур. Дунёни бўлса, хўб кўргансиз. Алҳол, сизни баробарингизда бу мамлакатда мусулмониялар ичида сизча дунё тофқон йўқ экан. Аммо қадрини билмадингиз. Мен сизни хайр ишиға кўп далолат қилдим. Масжидни хонақоҳидин бўлак қилмадингиз. Аввали шулки, закот бермадингиз. Иккинчи шул тариқа фарзи айн Худони ҳукмларини адо қилмадингиз. Алҳол, тириксиз, тавба қилинг. Худо яна ўзингизға насиб қилса, адо қилишни қасд қилинг… Фарзандларингизға хат қилинг: “Закот шариани адо қилинг” деб. Буюрунг, ушбу амрлар илан ҳам шаридин соқит бўлса, ажаб эмас. “Хонақоҳни зиналарини, масжидларни тузатгил”, деб амр қилинг. Модомики, бу яхши ишлар бор, номингиз қолур ва охиратға заҳира бўлур. Дунёни кўп йиғдингиз. Ҳаммаси подшоҳликка бўлди… Ҳурматлик ярим подшоҳ келганларида юрт сизни бу фитналардин пок, яхши важлар илан ўзум ёзуб, арз қиламиз дедук. Ҳурматлик ярим подшоҳ бўлса, ҳеч кимдин ариза олмадилар. Ҳурматлу ҳокимларға ҳар ким билганларича арз қилдук. Ҳаммалари афсус қилишуб, подшоҳ раҳм қилсалар ажаб эмас, деб дил биродарлик қиладур. Ҳаммамизни раҳм қилсалар, деб умид қиламиз. Аммо бу дунёни машаққатига кўб ҳам ҳафа бўлуб, дилни вайрон қилманг. Озод бўлсангиз ҳам ўлум бор, бўлмаса ҳам. Аллоҳ таолодин иймонни саломатлиғини, охират давлатини талаб қилсангки, давлат охират давлатидур. Астойдил озодлиқни талаб қилсаларинг, Худойимни раҳми келса, ўзиға осондур.

Ялдо кечаларни шами шабистон этган,
Бир кечада оламни гулистон этган.
Бошимга мушкул иш тушубдур осон этгил,
Эй барчани мушкулини осон этган.

Ушбу рубоий кўб яхши муножотдир. Ўқуб юриш керак. Бундай туҳматлар илгариғи пайғамбар ва авлиёларға ҳам кўп бўлғон. Ғамгин бўлманг. Худони иродаси шундай экан. Иншаоллоҳ некбахтликни аломатидур. Ғофил киши огоҳ бўлур, Худойи таолони билмаган бўлса. Қудратини билуб, ношукурлик қилғониға тавба қилур. Бандани чораси ғайр аз бечоралик. Ҳеч иш қўлидан келмас. То ўзини ожизлик ҳолатида кўрмагунча Худони танумас. Ноумид шайтон. Андин бўлак ҳаммани Худодин умиди бор. Ҳамма аҳволда Ҳақ таолони раҳматидин умид узмасунлар. Агар юртдин ҳақиқатға оид бўлса, сағиру кабир, эр-хотин сизни бу фитналарға қўшулмағон, деб айтурлар. То ўтқунғача дуо қилиб турамиз. Хусусан, сизларни дуоларин мустажобдур. Каминани оқибати бахайр бўлсун, деб дуо қилсалар деган умидда бу хатни ёздум. Аммо бой қилғон хатларида мен йўқ эканман. Ушбу жойда турғон ҳолда ҳеч бир вақт бориб кўрмадум. Ушбу тўғридин келса, қилғондур деб гумон қилдим…”[4:230-234].

“Шаби Ялдо” муножоти деб олган мазкур рубоийни  ҳозирги кунда ҳам худди қўшиқ сингари хиргойи қилиб юрган инсонларни учратиш мумкин. Аслида, бунинг ҳеч қандай ҳайрон қоладиган томони йўқ. Чунки мазкур тўртликни  ҳар доим оиланинг ёши улуғлари ўсиб келаётган авлодга ёд олдириб борган.

Хулоса қилганда, адабиётшунос олим Нодирхон Ҳасан таъкидлаб ўтганидек: “Аҳмад Яссавий ижодиёти ва таълимотини ўрганиш ўтмиш замонлар учун миллий мафкура, сиёсат, бадиий ижод ва шахс камолоти жиҳатидан нечоғлик қиммат касб этган бўлса, бугунги кун учун ҳам албатта муҳимдир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Амир Темур Кўрагон. Зафарнома. – Т., 2000.
  2. Аҳмад Заки Валидий Тўғон. Хотиралар: Туркистонда мустақиллик ва озодлик учун курашлар тарихи. – Т.: Истиқлол нури, 2014.
  3. Абдулаҳатов Н. Дукчи эшон қўзғолони ва Отабек бойвачча // Водийнома. 2023. №
  4. Абдулаҳатов Н. Марғилон олимларининг илмий-маърифий мероси (XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошлари). 1-китоб. – Фарғона: “Classic” нашриёти, 2021.
  5. Водий. Туркистонда атом бомба. Хожа Аҳмад Яссавий. // Миллий Туркистон. 6 (11). Сан. 85-86.A.
  6. Иброҳим Ҳаққул ҳақиқати / Тўпловчи Зулайҳо Раҳмонова. . – Т.: “iBooK” МЧЖ, 2023.
  7. Иброҳим Ҳаққул. Эҳтиёж ва тажриба // Хожа Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004.
  8. Сирожиддин Аҳмад. Икки империя асоратида. II жилд. – Т.: Info Capital Group, 2018.
  9. Туркестанские ведомости. 19 (31)-го июля. 1898 года. №
  10. Туркестанские ведомости. 20-го августа. 1898 года. №
  11. Эркинов А. Против о лихорадочная молитва, относимая к Ахмаду Ясауи// Материалы международной научной конференции, посвященной 550-летию Казахского ханства. – Астана, 2015
Нодиржон АБДУЛАҲАТОВ,
Фарғона вилояти педагогик маҳорат маркази профессори, тарих фанлари доктори

Check Also

САЛАВОТ айтишнинг 40 та ФОЙДАСИ

САЛАВОТ айтишнинг 40 та ФОЙДАСИни УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:  КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА ХУДОЙИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, …