Home / МАҚОЛАЛАР / Дипломатнинг илмий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги шижоати

Дипломатнинг илмий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги шижоати

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Индонезиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сити Руҳаини Жуҳаятин хоним ташриф буюрди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов юқори маратабали меҳмонни дастлаб Марказ музейидан ўрин олган Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига доир экспонатлар ва нодир қўлёзма нусхалар билан таништирди.

Жуҳаятин хонимга Марказ ва унинг бўлимлари фаолияти, илмий ходимлар учун яратилган шарт-шароит ва пировардида эришилган муваффақиятлар ҳамда Индонезиядаги йирик илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларининг айни пайтдаги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берилди.

Жорий йилнинг июль ойида Марказ вакилларининг Ўзбекистон делегацияси таркибида Индонезияга сафари давомида қатор нуфузли илмий ва таълим муассасаларида учрашувлар ташкил этилгани таъкидланди.

Хусусан, Жакарта шаҳридаги Sharif Hidayatullah ислом университети билан Англашув меморандуми имзолангани, ушбу ҳужжат икки мамлакат илмий муассасалари ўртасида қўшма тадқиқотлар, илмий мақолалар нашри, профессор-ўқитувчи ва изланувчилар алмашуви, қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш каби йўналишларда ҳамкорликка ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.

Икки давлат илмий алоқаларида Марказнинг Имом Бухорий халқаро стипендия дастури ҳам муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди. Меҳмонга айни кунларда бу дастур асосида илмий амалиёт ўтаётган Раден Интан ислом университети ўқитувчиси Даманхури Армади таништирилди. У қўлёзма манбаларни ўрганиб, илмий изланишларни олиб бормоқда. Элчи хоним унинг тадқиқотлари ва Марказда орттираётган таассуротлари билан қизиқди. Д.Армади бу ердаги фаолиятидан мамнуният изҳор этиб, ушбу илмий муҳит унга катта илҳом бағишлаётганини таъкидлади.

Сити Руҳаини Жуҳаятин хоним кўрсатилган илтифот учун миннатдорлик билдириб, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг юксак самарасини алоҳида эътироф этди ва мазкур йўналишда, хусусан, Марказнинг Индонезиядаги академик илм даргоҳлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш ва кўламини кенгайтириш борасида барча имкониятларни ишга солишга тайёр эканини билдирди.

Ташриф якунида меҳмонга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

БУХОРО АМИРЛИГИ ҲУКУМАТИНИНГ МАХСУС МИРЗАХОНАЛАРИ

Сўнгги йилларда XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошлари Бухоро амирлиги даври тарихини тадқиқ …