Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ҳаёти ва илмий мероси тарихда ўз ўрнига эга. VIII-X асрларда Мовароуннаҳрда барча диний илмлар қатори ҳадис илми ҳам тараққий этди. Бу даврда Мовароуннаҳр-нинг ўзида минглаб таниқли муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва алломалар фаолият олиб борган. Айнан шу даврда Самарқанд, Шош, Кеш, Бухоро ва Насаф шаҳарлари ислом оламидаги нуфузли илм-маърифат марказларидан саналган.
Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келиши билан бу ерда янги динга нисбатан катта қизиқиш пайдо бўлди. Шу билан бирга, илк даврларда янги эътиқод ва тузумга нисбатан қаршилик ҳаракатлари ҳам юз берган. Мовароуннаҳрга ислом дини расман 705-715 йилларда Қутайба ибн Муслим волийлиги даврида кириб келган бўлса-да, аслида янги динга даъват Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва халифалар Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон даврларида бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам VI асрда ислом дини ваҳий орқали келганидан сўнг, бу динни ёйишга катта эътибор қарат-дилар. Араб ҳудудларидан ташқаридаги ўз даврининг буюк подшоҳлари ва уларнинг аҳлини ислом динига таклиф қилиб, даъват мактубларини ёзадилар.
Жумладан, Форс подшоҳи Кисро, Рум подшоҳи Қайсар, Миср подшоҳи Муқовқис, Ҳабаш подшоҳи Нажжошийга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мактублари етиб борган [7:12/112]. Араб тилидаги тарих, тарожим ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” асарида Турк хоқонига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ислом динига даъват қилган мактуби келгани тўғрисида маълумот бор. Хабарда: “Албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир таниқли подшоҳларни Аллоҳнинг ҳақ йўли бўлган ислом динига даъват этиб, мактуб йўллади. Ўша подшоҳлар орасида Турк хоқони ҳам бор эди”, дейилган [9:12/113]. Албатта, бу улкан империяни бошқарган Турк ҳоқонига ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват мактуби жўнатилгани мантиқан асосли. Турк хоқонлиги VI-VIII асрларда Марказий Осиё ва унга туташ бир неча ўлкаларни ўз ичига олган йирик салтанат бўлган. Турк хоқонлиги (552-747) туркийлар томонидан Евроосиёда яратилган улкан империя бўлиб, унга Ашина уруғи асос солган. Империя ўз даврида Охота денгизидан Қрим ярим оролигача, Сибирдан Ҳиндистонгача ҳудудларни бирлаштирган ер юзидаги жуда катта давлат бўлган. Ака-ука Бумин ва Истами Буюк Турк хоқонлигига асос солган ва бу империяни бошқарган. Бу улкан империяни ислом динига чақириш ва унга даъват мактубини жўнатиш бошқа ҳудудларга жўнатилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиборидан четда қолмаган, албатта.
Имом Нававий келтирган бу маълумот Мовароуннаҳрга ислом динини ёйишга бўлган ҳаракат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бошланганини тасдиқлайди. Ислом тарихи аввалида туркий давлатлар расман ўз давлатчилигини исломий қонун-қоидалар асосида олиб бормаса-да, бу диёрлардан жуда кўп аллома, муҳаддис, муфассир, муаррих ва мутакаллимлар етишиб чиққан [12:4].
Мовароуннаҳрга ислом динининг кириб келиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бошланиб, маҳаллий ҳукмдорлар томонидан янги эътиқодга рағбат секин-аста ривожланган. Ислом фитрати – бошланиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мактубидан кейин Умар ибн Хаттоб (13-23/632-342) ва Усмон ибн Аффон (24-35/643-656) даврида ҳам давом этган. Шунингдек, бу даъват умавийлар замонигача давом эттирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки буюк халифа даврида бошланган даъватни Қутайба ибн Муслим (86-96/705-715) Мовароуннаҳрда амалга оширган. У бу ҳудудни фатҳ қилиб, араблар музофотига ўтказган [8:15]. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли тўлиқ ислом динини қабул қилгани ва ислом расмий дин экани эътироф этилган. Мовароуннаҳрда диний эътиқод ва ислом динининг қабул қилиниши ва ривожланишида халифа Умар ибн Абдулазиз (99-101/717-719)нинг маҳаллий аҳолига нисбатан юритган адолатли сиёсати катта роль ўйнаган. У Хуросон ва Мовароуннаҳр аҳолисининг ислом динини қабул қилган қисмини жизя солиғидан озод этган. Натижада, кўплаб маҳаллий аҳоли ислом динини қабул қилган. Иккинчи сабаб Қутайба ибн Муслим бут, санам, оловга сиғинадиганларнинг ибодатхоналари ўрнига янги дин ибодатхонаси бўлган масжидларни бино қилган. Бу эса, аҳолининг ислом динига рағбатини оширган [4:8/90].
Аббосий халифалар Хорун ар-Рашид (180-194/) ва унинг ўғли Маъмун (180-193/) даврида ҳам Мовароуннаҳрда ислом динини кенг ёйишга ва мусулмонларга шароит яратиб беришга катта аҳамият берилган. Шунингдек, Ҳишом ибн Молик (105-125/723/742) халифалик даврида ҳам Мовароуннаҳрда ислом дини ривожланди. Халифа Ҳишом ибн Молик томонидан Хуросон-Мовароуннаҳрга Ашрас ибн Абдуллоҳ Сулламий (109-111/727-729) волий қилиб тайинланади. Бу волий ҳам ҳудудда ислом дини ривожи учун катта хизмат қилган [13:1/321]. У бағрикенглиги ва буюк фазилатлари туфайли комил инсон сифатида тарихда из қолдирган. Самарқанд аҳлига қилинган даъват натижасида, улар жамоа-жамоа бўлиб, исломни қабул қилган. Суғд ва Мовароуннаҳр аҳлининг исломни қабул қилиши тарғиб, табшир ва даъват билан бўлгани таъкидланади. Маҳаллий аҳоли ислом динини қабул қилгандан кейин улардан жизя йиғимлари бекор қилинади. Улар янги дин тараққиётига хизмат қилиб, диёрларида масжидлар бино қилишга киришади. Айни вақтда бу масжидлар нафақат ибодат учун, балки ижтимоий масалалар ҳал қилинадиган йиғин ва таълим оладиган мактаб вазифасини ҳам бажарган. Мовароуннаҳрда маҳаллий аҳоли ислом дини кириб келиши билан янги динни такомилига етказадиган амалларни бажаришга киришиб кетади. Маҳаллий аҳоли ислом динини ҳам эътиқод, ҳам маърифат дини сифатида қабул қилган. Шунинг учун бу юртдан минглаб аллома ва улуғ зотлар етишиб чиққан [13:8/155-157].
Мовароуннаҳрда 120-132/738-749 йилларда Наср ибн Сайёр волий бўлган. Бу даврда мусулмонлар сони кескин ошиб, саксон мингга етади. Бунинг асосий сабаби Наср ибн Сайёр томонидан мусулмонларга яратилган шароит эди. Ҳар хил солиқларнинг бекор қилиниши, мусулмонларга закот, фидя ва бошқа эҳсонларнинг жорий этилиши, муртадларни (диндан қайтганлар) афв этилиши, хирож ва жизянинг бекор бўлиши натижасида бу ҳудудда мусулмонлар сони кўпайди [3]. Умавий халифалардан кейин аббосийлар даврида ҳам Мовароуннаҳрда ислом дини ривожланди. Турклар ва араблар ўртасида яхши алоқа йўлга қўйилди. Туркий қавм вакилларининг юқори лавозимларга тайинланиши, ҳарбий хизматга олиниши, шунингдек, ҳудудлар ўртасида савдо алоқаларининг йўлга қўйилиши араб ва туркий қавмлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтирди.
Имом Табарийнинг “Тариху русул ва мулук” асарида Фазл ибн Яҳё Бармакий волийлиги даврида Мовароуннаҳрда беш юз минг жангчи тайёрланиб, улардан йигирма мингтаси Бағдодга жўнатилгани келтирилади. Бу жангчилар “Кирмонийлар” деб аталган. Улар Бухоро ва Самарқанд ўртасида жойлашган “Кирмон” ҳудудига нисбат берилган [13:8/230-234].
Мовароуннаҳр ва Хуросон тўғрисида муаррихлар турли фикрларни билдирган. Икки дарё – Сайҳун ва Жайҳун (Амударё ва Сирдарё) орасидаги ҳудуд Мовароуннаҳр деб аталган. Мазкур атама араблар бу ерни фатҳ қилгандан кейин берилган ном бўлиб, жуда катта ҳудудни қамраб олади. Бу ҳудуд ғарб томондан Туркия, шарқ томондан Хитойгача етади ва Шарқий ва Ғарбий Туркистон деб юритилади [10:286].
Хуросон – хур (қуёш) осон (чиқиш жой) қуёш чиқиш жой деган маънони билдиради [11:2/337]. Хуросон қадимий ном бўлиб, унинг ҳудуди жуда катта минтақани ўз ичига олган. Самъоний: “Хуросоннинг ҳудуди Ироқдан то кун чиқар юртларгача” деган. Шу сабабдан бу ҳудуднинг чегараси жуда катта эканини кўриш мумкин. Хуросоннинг бугунги географик жойлашувига Эрон, Афғонистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлари кирган. Шунингдек, бу икки ҳудуд бир-бирига қўшилиб кетганидан Мовароуннаҳр ва Хуросон яхлит ҳудуд сифатида тушунилган. Бу ҳудудлардан етишиб чиққан уламоларга мовароуннаҳрлик ёки хуросонлик деган бир хил нисба берилади. Бу икки ҳудуддан ҳам ислом оламида энг улуғ муҳаддис, муфассир, мутакаллим, фақиҳ ва муаррихлар етишиб чиққан. Улар бу ҳудудни илм-маърифат билан жаҳонга танитишга муваффақ бўлган [2:2/250].
Мовароуннаҳрга исломнинг кириб келиши араблар билан маҳаллий аҳоли ўртасида илмий-амалий алоқаларнинг йўлга қўйилишига сабаб бўлди. Илм-маърифат ривожланиши билан бирга, савдо-тижорат ҳам ривожлана бошлади. Айниқса, Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Термиз ва Бухоро шаҳарлари арабларнинг доимий савдо ва маърифат марказларига айланган [12:7-8].
Мовароуннаҳр ва Хуросонга биринчи ҳижрий асрдаёқ ҳадис ривоят қилган машҳур саҳобалар кириб келган. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий муҳаддисларнинг ҳадис масдарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган, суҳбатида иштирок этган ва улар ҳақида яхши таъриф берилган улуғ саҳобалардан олишига сабаб бўлган.
Мовароуннаҳр ва Хуросон муҳаддисларига биринчи ҳадис айтган машҳур саҳоба Бурайда ибн Ҳусайб ибн Абдуллоҳ Асламий (63/683 в.й.)дир. Ушбу саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиб, Ҳайбар ва Фатҳ ғазотларида иштирок этган ва 150 та ҳадис ривоят қилган. Бурайда ибн Ҳусайб Басрада бир муддат яшаган ва кейин Марвга келган. Шу ерда ҳадис ривоят қилиб, исломни кенг тарқатган. Ундан икки ўғли Сулаймон ва Абдуллоҳ, шунингдек, Марв, Хуросон ва мовароуннаҳрлик муҳаддислар Абу Назр Абдий, Шаъбий ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. Бурайда ибн Ҳусайб Марвда 63/683 йилда вафот этган. Саҳобий Бурайда ибн Ҳусайб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодат даврларида исломга кирган [1:5/452].
Мовароуннаҳрга фатҳдан олдин келиб, ҳадис ривоят қилган саҳоба Абдуллоҳ ибн Ҳозим Сулламий Абу Солиҳ Басрий (ваф.71/690) бўлиб, Хуросон амири ҳам бўлган [6:12/67]. Имом Бухорийнинг “Тарихи Кабир” [1:4/47] ва Ҳажар Асқалонийнинг “Таҳзибут таҳзиб” [14:5/170] асарларида саҳоба Абдуллоҳ ибн Ҳозим Сулламийнинг Хуросон амири бўлгани, шунингдек, Найсабурда бўлиб, кейин Бухорога келгани ҳақидаги маълумот мавжуд [14:5/171]. Абдуллоҳ ибн Даштакий отасидан ривоят қилиб: “Мен Абдуллоҳ ибн Ҳозимни Бухорода оқ улов устида қора салла ўраган ҳолда кўрдим”, деди. Бу ҳадисни Имом Довуд, Имом Термизий, Насоий ҳам келтирган. Бу саҳобадан Бухоро, Найсабур ва Марвда муҳаддис ва ровийлар ҳадис эшитган [10:293]. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Ҳозимнинг ўғли Мусо ибн Абдуллоҳ 70/689 йилда Термизда истиқомат қилиб, бу ҳудудни халифаликдан алоҳида ўн беш йил идора қилгани келтирилади.
Муаррих Ибн Ҳиббоннинг таъкидлашича, саҳоба Абу Фотима Амр ал-Иёдий (Абдуллоҳ ибн Унайс ҳам деб келтирилган) Термизда бўлгани ва шу жойда намозга имом ўтиб бергани ҳақида маълумот беради. Исломнинг тараққий этиши ва ҳадис илмининг ривожланишида термизлик муҳаддисларнинг ўрни катта бўлган. Жумладан, бу воҳада ҳадис ривоят қилган етти нафар ровий тобеинлардан бўлган. Термизлик муҳаддислар Мовароуннаҳр ҳадис мактаби тараққиётида катта ўрин тутган. Улар: Абу Абдураҳмон Холид ибн Зиёд ибн Жарв (ёки: Журв) Аздий Термизий, Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд Термизий, Исроил ибн Зиёд Термизий Баззозий, Суфён ибн Омир Термизий, Ғолиб ибн Ҳилол Термизий, Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Муҳаммад Аъвар Миссисий Термизий, Абулҳасан Али ибн Ҳакам ибн Зобён Ансорий Марвазий Муаззинлар бўлиб, улар муҳаддис, фақиҳ, мутасаввуф ва машҳур ҳадис ровийларидан саналган [15:8-18].
Мовароуннаҳрда ҳадис илми саҳобийлардан олинганига энг асосий ва ёрқин далил Қусам ибн Аббос (55/675 в.й.)нинг Самарқандга келишидир. У киши бу юртда одамларни исломга даъват қилиб, Қуръон ва ҳадис таълимотини тарқатган ва шу ерда шаҳид бўлган. Шу сабабдан Мовароуннаҳр машҳур саҳобаларнинг муборак қадами етган улуғ макон сифатида эътироф этилади [5:18/83]. Бу вақтда Саид ибн Усмон ибн Аффон Самарқандда (Суғд)да волий бўлиб, улар бир вақтда Самарқандда фаолият олиб борган. Саид ибн Усмоннинг Мовароуннаҳрга волий бўлиб келиши ва у ерни 56/676 йилда сулҳ йўли билан фатҳ этгани тўғрисида ҳам манбаларда маълумот берилган.
Мовароуннаҳр ерларида биринчи азон айтган саҳоба Абулоълия Рофиъ ибн Меҳрон Раёҳий (ваф.90/709)дир [5:18/83]. Саҳоба Абулоълия Рофиъ ибн Меҳрон Раёҳий Амударёни Балх томондан кесиб ўтган ва Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб ислом азонини айтган [10:293].
Мовароуннаҳрга исломнинг кириб келиши ва шаклланиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъват мактублари, икки буюк халифа Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон топшириғи, буюк саҳобалар Бурайда ибн Ҳусайб, Абдуллоҳ ибн Ҳозим Сулламий, Қусам ибн Аббос, Саид ибн Усмон ибн Аффон ва Абулоълия Рофиъ ибн Меҳроннинг бу ерга келиб, дин тарғиботи йўлида кўплаб ишларни амалга ошириши орқали юз берган. Бу даъват юз йил давом этган. Халифа Умар ва волий Қутайба ибн Муслим даврида, яъни 705-715 йилларда фатҳ ниҳоясига етказилган [10:295-310].
Мовароуннаҳрлик муҳаддислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва ҳадисни бу ерга келган машҳур саҳобий ва тобеинлардан олган. Мовароуннаҳрга 55-65/675-685 йилларда тўққиз нафар машҳур саҳоба келган. Улар: Саид ибн Усмон ибн Аффон, Қусам ибн Аббос, Абулъолия Рофиъ ибн Меҳрон, Муҳаммад ибн Восиъ, Бард (Молик ибн Анаснинг мавлоси), Даҳҳок ибн Музоҳим, Лайс ибн Абу Сулайм, Зиёд ибн Миҳрон ва Хулайд ибн Ҳассондир. Ушбу саҳобийларнинг бу юртга келишидан асосий мақсади ислом динини ёйиш бўлган. Шу билан бирга, ҳали Мовароуннаҳр фатҳ қилинмаган бўлса-да, юртга ислом нури кириб келган. Маҳаллий аҳолидан ислом динига қизиқувчилар, уларга ихтиёрий эргашувчилар жуда кўп бўлган.
Тадқиқот натижасида шу нарса маълум бўладики, Мовароуннаҳрга ислом дини уч босқичда кириб келган.
Биринчи босқич: 622-662 йилларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак мактублари асосида, буюк тўрт халифа даврида табшир (ислом динидан хабардор) кўринишида бўлган.
Иккинчи босқич: 665-705 йилларда саҳобий ва тобеинларнинг ҳудудга келиши ва ислом динига очиқ даъват қилиши билан амалга оширилган.
Учинчи босқич: 705-715 йилларда Умар ибн Абдулазиз ва волий Қутайба ибн Муслимнинг Мовароуннаҳрни фатҳ қилиши билан ислом дини бу ерга тўлиқ кириб келган.
Мовароуннаҳрга келган саҳобийлар ўзи билан бирга Қуръон ва ҳадис илмини ҳам олиб келган. Шунинг учун ҳам, юртимизга ислом дини саҳобийлар даврида кириб келган, Қуръон ва ҳадислар илк саҳобийлардан олинган, деб айтишга тўлиқ асос бор. Дарҳақиқат, юртимизга саҳобаларнинг кириб келишининг яна бир буюк фазилати шундан иборатки, уларни кўриб, суҳбатида бўлган ва бундай улуғ инсонлардан илм ўрганган маҳаллий аҳолига тобеин даражаси берилган.
Мовароуннаҳр ва Хуросонга саҳобийлар олиб келган ҳадис илмини олий санад асосида ривоят қилган ҳолда юртимиздан кўплаб машҳур муҳаддислар етишиб чиққан. Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдулҳамид Кеший, Имом Дохилий, Пойкандий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа, Имом Доримий, Ҳайсум Шоший ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг фаолияти ва ҳадис илмига оид қолдирган нодир асарлари бу илмнинг бутун ислом оламига тарқалишига хизмат қилган.
-
Бухорий. Ториху Кабир. – Байрут: Дор Маъориф Усмония. 2010.
-
Ёқут Ҳамавай. Муъжам булдон. – Байрут: Дор иҳё турос араб, 1985.
-
Зириклий. Аълом. Миср: Дор ас-содр. 1999; Ал-Комил. – Байрут: Дор ал-фикр, 2015; Ибн Халдун. Ал-иъбар. – Ар-Риёд: Байтул афкорил илмий, 2018; Абдулҳодий Шаъир. Ал-Мамолику халифа. – Байрут: Дор ал-кутуби, 2020.
-
Ибн Асир. Ал-Комил. – Байрут: Дор ал-фикр, 2015.
-
Ибн Асокир. Ториху Дамашқ. – Байрут: Дор ал-кутуби илмий, 2010.
-
Ибн Касир. Ал-Бидоя ва ан-ниҳоя. – Байрут: Мактаба ал-маориф, 2016.
-
Ибн Ҳишом. Сийрати Набавий. – Қоҳира: Мактубат Сафо, 2001.
-
Маҳмуд Муҳаммад. Билоду Мовароуннаҳр фий асри Аббосий.
-
Муслим. Саҳиҳ Муслим би шарҳиҳи Нававий. – Қоҳира: Мактабату Ҳижоз, 2010.
-
Саййид Аҳмад Ҳошимий. Мажаллатул Академия лил абҳос. Жуҳудул уламои Мовароуннаҳр фий нашри илмил ҳадис. www. ajrsp.com. Афғонистон. Қобул №25. 2021.
-
Самъоний. Ал-Ансоб. – Байрут: Дор жинон, 2015.
-
Саъод Муҳаммад. Интишорул ислом фий билоди Мовароуннаҳр. – Миср: Жомиту Банҳо, 2017.
-
Табарий. Тариху русул ва мулук. – Миср: Дор ал-маориф, 2018.
-
Ҳажар Асқалоний. Таҳзибут таҳзиб. – Ҳиндистон: Доират маориф Низомия, 2010.
-
Чутматов Ж. Термизий алломалар. – Термиз: Китоб нашр, 2023.