Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган «Ilm» компанияси раҳбарияти билан онлайн мулоқот ўтказди.
Йиғилишда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳолиқов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, қўмита мутасаддилари ва «Ilm» компаниясининг мижозлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Усома Хаттобий иштирок этди.
Учрашувнинг асосий эътибори зиёратчилар оқимини самарали ташкил этиш, юқори стандартлар асосида меҳмонларга хизмат кўрсатиш ва марказларда зиёрат йўналишларини тўғри шакллантириш масалаларига қаратилди. Шу мақсадда Саудия Арабистонида Ҳаж ва Умра каби йирик зиёрат тадбирларини ташкил этишда бой тажрибага эга бўлган «Ilm» компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Компания вакили Усома Хаттобий мулоқотдан мамнунлигини қуйидагича изҳор этди:
“Аслида биз сизлардан илм ўрганишимиз керак. Чунки буюк мутафаккирлар – Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний ва бошқалар айнан сизнинг юртингизда етишиб чиққан. Биз уларни тан оламиз ва уларнинг илмий мероси сизнинг тамаддунингизда юксалган. Бугунги учрашувда билдирилган фикрлар мен учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди.”
Учрашувда «Ilm» компанияси мутахассисларининг Ўзбекистонга ташрифи, улар томонидан марказлар ходимлари учун махсус ўқув-тренинглар ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ва исломий илм-маърифатни юқори даражада тақдим этиш мақсадларига хизмат қилиши кутилмоқда.
Манба:cisc.uz