Home / МАҚОЛАЛАР / МИЛЛИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОС – ТАРБИЯ ОМИЛИ СИФАТИДА

МИЛЛИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОС – ТАРБИЯ ОМИЛИ СИФАТИДА

Бугунги глобаллашув даврида ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий-сиёсий, маънавий-ахлоқий зиддиятларнинг кучайиши жаҳонда тинчлик ва барқарорликка жиддий хавф солмоқда. “Ҳеч кимга сир эмас, дунёдаги таҳликали вазият кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик, экология муаммолар тобора ўткир тус олиб бормоқда” [1]. Шундай экан, инсоният дуч келаётган глобал муаммоларнинг конструктив ечимларини топишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш ўта долзарб вазифалардан ҳисобланади. Буни амалга оширишда бой миллий-маънавий меросимизни,  хусусан, Қуръон ва ҳадиси шариф каби ислом динининг муқаддас манбалари, улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо асарларини замонавий илмий методологиялар асосида чуқур тадқиқ этиш муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади.

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  2024 йил 29 сентябрда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишидаги нутқидан,  “Қуръони карим маънолари таржимаси”дан, Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн” (“Ота-онага яхшилик қилиш”),  “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” китобидан, Алишер Навоийнинг “Хамсатул мутаҳаййирин” ва “Арбаъин” асарларидан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ва шунингдек, Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф: Комил инсон” асаридан фойдаланилди.

Тадқиқотда илмий билишнинг тарихийлик ва мантиқийлик, анализ ва синтез, таққослаш, умумлаштириш, синергетик таҳлил каби усулларидан фойдаланилган.

Ислом дини том маънода эзгулик ва тинчлик дини бўлиб, унинг мазмун-моҳияти яхшилик, инсонийлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби қадриятлар тарғиботидан иборат. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг” [7], деб марҳамат қилади.

Дарҳақиқат, кечиримлилик, яхшиликка буюриш ва илм олиш фазилати жамиятдаги зиддиятларни бартараф этиш ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омиллари ҳисобланади. Фалсафанинг “Мураккабликдаги оддийлик” тамойилига кўра, беқарорлик ҳолати турли омиллар таъсирида рўй берадиган мураккаб жараён бўлиб, миллий қадриятлар беқарорликни бартараф этишнинг содда йўли сифатида илм олишни тавсия этади. Чунки барча зиддият ва муаммолар асосан илмсизлик оқибатида содир бўлади.

Исломда ҳусни хулқ масаласига катта эътибор қаратилган. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Қалам сураси, 4-оятида “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” [7], деб марҳамат қилади.

Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади: “У отасининг: “Улар: “Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан”, дейишар эди”, деганини эшитган экан”. Бу ривоятдан боланинг ким бўлиб етишиши шубҳасиз Аллоҳ таолонинг қадари ила бўлса ҳам, унинг одобли бўлишида ота-онанинг ўрни катта экани маълум бўлади. “Солиҳлик кишидаги ахлоқий сифатлардан бўлиб, унинг яратилишидаги асл хилқатдир. Уламолар инсон яратилишидаги ўша асл хусусият хамиртуруш ўрнида бўлади, у яхшилик ила давом эттирилса, ҳақиқий сифатга айланади”, деганлар [6:220].

“Одоб” – адаб сўзининг асл маъноси “чақириш”дир. Кейинчалик бу сўз таълим-тарбия соҳасига нисбатан ишлатилган. Киши фарзандига ўзини қандай тутиш ҳақида таълим берса, “боласига адаб берди” дейилган.

Истилоҳда эшитувчи ва ўқувчида кучли таъсир қолдирадиган ва ундаги нарсани қайта қилишга уриниш руҳини қолдирадиган чиройли каломга ҳам “адаб” дейилади. Бизда бунинг кўплик шаклида, яъни “адабиёт” шаклида ишлатиш одатга айланган. Адабиёт билан шуғулланувчи шахсни “адиб” дейилиши эса, унинг одамларни ўз ижоди ила одобга чақириши, яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариши туфайлидир.

Одобдан мақсад, инсоннинг фазилатлардан бир фазилатга эришиш учун қиладиган мақтовга сазовор уринишидир. У – карамли ахлоқларга амал қилиш, мақталган сўз ва ишларни амалга оширишни англатади. Одоб – кейин ўрганиладиган, уриниш ила амалга ошадиган хислат бўлиб, у эгасини ўзига айб келтирадиган нарсалардан сақлайди [6:221].

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мен солиҳ ахлоқларни батамом қилиш учун юборилганман, деганлар” [6:442].

Демак, бундан У зотга юкланган шарафли вазифалардан, рисолат берилишининг асосий сабабларидан бири – яхши ахлоқни баркамол қилиш ва такомилга етказиш экани маълум бўлади. Ушбу жараён ўз-ўзини ташкиллаштириш фалсафий тамойилини акс эттириб, очиқ ижтимоий тизим ҳисобланган инсонни илм, таълим ва тарбия воситасида камолга йўналтириш мумкинлигини кўрсатади.

Абу Дардодан ривоят қилинган ҳадисда: “Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқ” [6:439-440] экани таъкидланади. Ушбу ҳадис орқали охиратда амаллар тарозига қўйилганда ҳусни хулқ (чиройли хулқ)дан, инсоннинг муҳим сифатига айланиб қолган хислатдан қимматроқ нарса йўқ, дейилмоқда. Ҳусни хулқ, яъни гўзал хулқ – ўзаро муносабатда ўйлаб, чиройли муомала қилиш қоидаларини ўзида мужассам этади. Чунки муайян сифатларга эга бўлган инсон ўзини ўша даражага мувофиқ тутади, доим чиройли ахлоқ билан ҳаракат қилишга одатланади, зиддият ва келишмовчиликларга ўрин қолдирмайди.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в): Ичингизда энг яхшингиз хулқи яхшиларингиздир, деганлар [6:440].

Демак, мўмин-мусулмонларнинг орасида ким яхши, деб сўралса, ушбу ҳадис билан ҳусни хулқли бўлганларидир, деб жавоб берилади.

Жубайр ибн Нуфайрдан ривоят қилинади: “Наввос ибн Самъон Ансорий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва гуноҳ ҳақида сўради. Шунда у зот: Яхшилик – бу ҳусни хулқдир, гуноҳ эса кўнглинг тортган, лекин одамлар билиб қолишини истамаган нарсангдир, деб жавоб бердилар” [4:90].

Юқорида келтирилган ҳадислар мазмунидан маълум бўлади-ки, ижтимоий муносабатларда ҳусни хулқ муҳим ўрин тутар экан. Шундай экан, фарзандларимизни илк даврлардан бошлаб гўзал хулқли қилиб тарбиялаш, улар онги ва қалбига ислом дини, бой миллий қадриятлар асосида муомала маданиятини чуқур сингдириш лозимдир.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Тўрт хислат бор. Агар шу хислатлар сенга берилса, дунёда қолган ҳар нарсадан бебаҳра қолсанг ҳам сенга зарари тегмайди. Ҳусни хулқ. Луқманинг иффатли бўлиши. Ростгўйлик. Омонатни муҳофаза қилиш, деганлар [6:461].

Ушбу сифатларни синергетик тартиб параметрлари дейиш мумкин. Чунки улар босқичма-босқич равишда инсонни камолга олиб чиқувчи яхлит бир жараённи ташкил этади.

Луқманинг пок ва иффатли бўлиши ҳам катта хайр-баракадир. Бунда одам иштаҳани ўртача тутиб, шубҳали таомдан, тамадан сақланади ва борига қаноат қилиб, ҳурмат топади.

Ростгўйлик муҳим ахлоқий тамойилдир. Бундай сифат эгаси кўнглидагини тили ила рўй-рост ифода этади.

Омонатдорлик ҳам улуғ фазилатдир. Одамлар унинг соҳибидан жони ва моли омонда бўлишига комил ишонч билдиради.

Ҳусни хулқ, комил инсонни тарбиялаш масалалари барча замонларда ўта долзарб бўлиб, улуғ аллома ва мутафаккирлар маънавий меросининг мазмун-моҳиятини ташкил этган.

Жумладан, тасаввуф – инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илмлардан бўлиб, ушбу тушунча комил инсон концепциясида аниқ кўзга ташланади. Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини таъминлаш тасаввуфнинг доимий ўзак масаласи бўлиб келган. Айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар инсонда азалий икки қарама-қарши куч-раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлаганлар. Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамият бўлиб яшаш тартибларига ҳам шу мавқедан туриб қаралган, чунончи, ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам тасаввуф инсон табиати ва сийратидан қидиради. Инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни мавҳ этишдан бошлаш керак, деб тушунтиради. Тасаввуф намояндалари инсон табиатидаги салбий кучларни умумий ном билан “нафс” ёки “нафси аммора” деб атадилар ва унга қарши кураш эълон қилдилар. Мол-дунё тўплаш, нафсга тобелик, ҳирсу ҳавас қатъий қораланди. Инсонни ноқислигу фалокатлардан қутқаришнинг бирдан-бир тўғри йўли – нафсни ўлдириб, қаноат билан ҳалол яшаш, руҳ – иродани чиниқтира бориб, инсонда инсонийликни, яъни илоҳийликни тантана эттириш зарур, деб тарғиб қилинди. “Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, руҳи Мутлақ руҳга туташ, файзу кароматдан сероб, сурати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим покиза зотдир”, деб таърифланди [9].

Буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий асарларида комил инсонни тарбиялашга оид эзгу ғоялар Қуръони карим оятлари ва ҳадислар мазмунига ҳамоҳанг равишда диний ва дунёвий илмлар уйғунлигида илгари сурилган.

Мутафаккир инсонни мукаррам зот сифатида улуғлаш асносида зиммасига улкан масъулият юклаб, уни тараққиётга, такомилга йўналтиради. Хусусан, “Хамсатул мутаҳаййирин” асарида катта олам деб аталмиш инсон қалби бўлмаган жаҳоннинг жаҳон эмаслиги, бундай жаҳон бўлганда ҳам у мақсадсиз ва қусурли экани таъкидланади:

Жаҳон йўқ, олами кубро де они,
Жаҳонда мақсади ақсо де они.
 Ки ҳарне олами суғрода мавжуд,
Бори бу олами куброда мавжуд [3:76].

Тасаввуф аҳли олами суғро – “кичик олам” деб бу дунёни,  олами кубро – “катта олам” деб эса инсон қалбини, унинг ўзини атаган [8].

Алишер Навоийнинг “Арбаъин” асарида ислом динининг эзгу моҳиятини акс эттирувчи қирқ ҳадис шеърий услубда баён этилган. 

Жумладан, мазмунида муҳим ижтимоий қоида мужассам бўлган Бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича мўмин бўла олмайди [5:118] ҳадиси қуйидагича ифода этилган:

Мўъмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошига раво кўрмас —
Ҳар неким ўзига раво кўргай [2:256].

Ушбу ҳадисга амал қилинса, одамлар ўртасида юзага келадиган турли тушунмовчиликлар олди олинади. Чунки зиддиятлар пайдо бўлишининг асосий сабаби ҳар бир инсон ўзи учун бир ўлчов, бошқалар учун бўлак ўлчов қилинишидир. Яъни ўзи ёқтирган нарсани ўзгаларга раво кўрмайди ва ўзи ёқтирмайдиган нарсани бошқаларга ҳам ёқтирмайдиган ҳолда бўлмайди. Мазкур ҳадисга амал қилинса, ўз-ўзидан жамият ислоҳ бўлади.

Мусулмон – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир [5:98], деган ҳадис Навоий талқинида қуйидагича кўриниш касб этган:

Ким мусулмонлиғ айласа даъво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур,
Тилию илгидин мусулмонлар [2:256].

Мусулмонликка даъво қилган киши ҳатто ўзгалар учун жон фидо қилган тақдирда ҳам токи тили ва қўлидан мусулмонлар омонликда эмас экан, уни чин мусулмон деб бўлмаслиги айтилмоқда.

Икки хислат  мўмин кишида жам бўлмайди. Биринчиси бахиллик, иккинчиси бадхулқлик, деган [6:450] ҳадис мўминда “бахиллик” ва “бадхулқлик” каби ёмон сифатлар айро ҳолда ҳам, биргаликда ҳам жам бўлиши мутлақо мумкин эмаслигини англатиб, кишини камолга йўналтиради.

Алишер Навоий ушбу ҳадисни қуйидагича баён этган:

Мўъмин эрсанг қилиб дуррингни нисор,
Эл била равшан ўл нечукким шамъ.
Негаким, тенгри ҳеч мўъминда,
Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамъ [2:257].

Хулоса қилиб айтганда, ислом динининг муқаддас манбаларида, улуғ аллома ва мутафаккирлар маънавий меросида комил инсонга хос бўлган ҳусни хулқ, юксак ахлоқий фазилатлар кенг тараннум этилган. Инсоннинг ўзлигини, маънавий дунёси сарҳадларини белгиловчи мазкур эзгу тамойиллар баркамол авлод тарбиясида муҳим роль ўйнаб, ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ш. Мирзиёевнинг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг 9- йиллик йиғилишдаги нутқи// https://president.uz/uz/lists/view/7570.
  2. Алишер Навоий. Арбаъин. МАТ. 20 жилдлик. 16-жилд. – Т.: Фан, 2000.
  3. Алишер Навоий. Хамсатул мутаҳаййирин. Мукаммал асарлар тўплами (МАТ). 15 т. – Т.: Фан, 1999.
  4. Имом Бухорий. Биррул волидайн. (Ота-онага яхшилик қилиш). Таржима ва изоҳлар муаллифи: Алоуддин Ҳофий / – Т.: Bio-faktor press, 2024.
  5. Саҳиҳи Бухорий шарҳи. 2-жилд. –Т.: Hilol-Nashr, 2022.
  6. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ал-адаб ал-муфрад. 1-жуз. – Т.: Sharq, 2011.
  7. Қуръони карим маънолари таржимаси. Таржимон ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур.
БАХТИЁР ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
 фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

МАҲДИЙ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

Имом Маҳдий ҳақида гап-сўзлар доим гоҳ урчиб, гоҳ пасайиб турган. Ҳозирги кунда яна кўпая бошлади. …