19 июль куни Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, “Фалсафий ва социал фанлар” электрон журнали ва Тошкент иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиали ҳамкорлигида ўтказилган СКОПУС-семинарнинг халқаро иштирокчилари Марказда меҳмон бўлди.
Асосан Индонезия ва Озарбайжондан келган СКОПУС факторли журнал муҳаррирларидан иборат меҳмонлар Марказ директори Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев билан самимий мулоқот қилди.
Унда халқаро илмий журналлар фаолияти, СКОПУС тизими орқали илмий тадқиқотларнинг халқаро миқёсда баҳоланиш даражаси, шунингдек, илм-фан ва маърифатни ривожлантиришда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Б.Тўраев илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ва Мовароуннаҳрнинг илмий меросини замонавий замон талаблари билан уйғунлаштириш йўллари ҳақида мулоҳаза юритди.
Меҳмонлар ўз мамлакатларидаги илмий салоҳият ва таълим жараёнлари билан ўртоқлашиб, тажриба алмашишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказнинг кишини беихтиёр қадимий илмий-маънавий муҳитга элтиб қўядиган Имом Бухорий музейи билан танишди. Экспонатлар орқали буюк муҳаддис ҳаёти, илмий мероси ва ўлмас маънавий хазинаси ҳақида батафсил маълумот олди.
Мулоқот ва музейдан олинган илмий-маърифий таассуротлар меҳмонларда ўзаро муштарак илмий қадриятларга қизиқиш ва ҳурматни янада оширди. Бундай мулоқотлар, фикр алмашувлари ва маънавий яқинлик асосида илмий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, халқаро миқёсда якдил ва бардавом ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга замин яратиши таъкидланди.