Хабар берганимиздек, Туркиядаги Ислом тафаккури институтида “Мовароуннаҳр тўртинчи ёзги семинарлари” изчил давом этмоқда. Дастур доирасида унинг иштирокчилари учун қадимий Бурса шаҳрига сафар ташкил этилди.
Профессор доктор Бунямин Эрўл ва доцент Ферҳат Гўкче раҳбарлигида уюштирилган ушбу илмий-маънавий сафар давомида тингловчилар шаҳарнинг диний ва тарихий масканларини зиёрат қилиб, уларнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.
Шунингдек, сафар доирасида Улудағ университети Илоҳият факультетининг таниқли олимлари – профессорлар Мустафо Кара, Халис Айдемир, Желалеттин Дивлеқчи, Жаъфер Караташ, Ҳасан Басрий Ўжалан, Исмоил Гулер ва Муҳаммад Таракчи билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Бу суҳбатларда Усмонийлар давлатининг тарихан шаклланиши, уни етти аср давомида бардавом тутиб турган маънавий ва илмий асослар, Бурсанинг тарихий мероси ҳамда Мовароуннаҳр билан Онадоли ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорлик кенг муҳокама қилинди. Хусусан, Бухоро, Бурса ва Босния ўртасидаги тасаввуфий ва қалбий боғлиқликлар, тарихий алоқалар ва умумий маънавий география ҳақида фойдали фикр алмашувлари бўлиб ўтди.
Илмий мулоқотлар давомида ислом цивилизациясида илм ва маърифатнинг тутган ўрни, бугунги куннинг долзарб масалалари ва Мовароуннаҳрнинг бой илмий меросини кенг қамровда тадқиқ этиш зарурати хусусида ҳам мулоҳазалар билдирилди.
Сафар “Мовароуннаҳр ёзги семинарлари”нинг маърифат ва тадқиқотлар уйғунлигига асосланган анъанавий тамойилларини янада бойитди.