Home / МАҚОЛАЛАР / Маҳмуд Замахшарийнинг тилшуносликка қўшган ҳиссаси ва унинг “Ал-муфассал” асари

Маҳмуд Замахшарийнинг тилшуносликка қўшган ҳиссаси ва унинг “Ал-муфассал” асари

Кўҳна Хоразм заминида жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Аз-Замахшарий ана шундай улуғ сиймолардан биридир. Буюк мутафаккир Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ мукаммал асарларни яратган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли томонларига оид асарлар Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, у араб тили грамматикасига оид муфассал китоб “Ал-муфассал” (1121 йил) номли асарини Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган. Асарнинг ҳар бир бўлимида морфологик ва синтаксис масалалари кўриб чиқилган. Асар фонетика бўлими билан якунланади. Ушбу асар араб тили наҳв ва сарфни ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган. Наҳв фани араб тили грамматикасининг синтаксис қисми бўлиб, уни ўрганмасдан Қуръон оятларини тушуниш ёки араб тилида ёзилган бошқа манбалардан фойдаланиш мумкин эмас. Тарихда илк бор наҳв фанига ҳазрат Али розияллоҳу анҳу асос солганлар. У киши Абул Асвад Дуалийга Қуръони каримни тўғри ўқиш ва тушунишга кўмаклашадиган қоидалар тузишни буюрадилар. Сабаби ривоят қилишларича, Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳ бир қорининг: Анналлоҳа бариъун минал-мушрикийна ва Расулуҳу “Аллоҳ ва унинг расули мушриклардан безордир” оятида келган (раф ҳолатидаги) Расулуҳу сўзини (жар ҳолатида) Расулиҳи деб ўқиганини эшитиб, қаттиқ таъсирланадилар. Чунки бу ҳолда оятнинг мазмуни “Аллоҳ мушриклардан ва ўз Расулидан безордир”, бўлиб қолган эди.

Шундан кейин Ҳазрат Али ўша замондош донишмандларидан Абул Асвад Дуалийни чақириб, мусулмонларга Қуръони каримни тўғри ўқиб, тўғри тушунишларига ёрдам берадиган қоида ва йўриқлар мажмуасини тузиш вазифасини топширадилар ва шу асосида наҳв илми пайдо бўлади. [43]

Наҳв илмини ўрганишда Маҳмуд Замахшарийнинг “Ал-муфассал фи илмил арабийя” номли асари машҳур манбалардан бири ҳисобланади. Бу китоб тўрт қисмдан иборат бўлиб, дастлабки қисми исмлар, иккинчи қисми феъллар, учинчи қисми ҳарфлар, тўртинчи қисми феъл, исм ва ҳарфларда муштарак бўлган ҳолатлар ҳақида тўлалигича ёритиб берилган. Муаллиф китоб муқаддимасида: “Бу китобнинг ёзилишига сабаб – у мусулмонларнинг араб каломини ўрганишга бўлган эҳтиёжидир”, деб ёзади. “Ал-муфассал китобининг аҳамияти ва илмий қийматига катта эътибор қаратилиши натижасида унинг шарҳлари ҳам кўпайиб борди. Ҳатто унинг шарҳлари етмиштага яқин бўлди. [44]

Замахшарий дин ва луғат илмида улуғ илмий мартабаларга эришди. Унинг луғат борасидаги асарлари беками кўст ва юксак ҳолатда етиб келди. Уларнинг асоси эса “Ал-муфассал” китоби ҳисобланади. Бу китоб ўзидан олдинги Сибавайҳ “Китоб”идан бошқа, ўзидан кейинги Ибн Ҳожибнинг “Кофия”сидан бошқа бирорта китоб эриша олмаган мартабаларга эришди. Араб аҳли ҳам таълим бериш ва таълим олишда ушбу китобнинг очиқ-ойдин, пухта қилиб ёритилган услубига, унинг кенг қамровлигига таянишди.[44] Сурия ҳокими Музаффариддин Мусо кимда-ким Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга 5 минг кумуш танга ва сарпо совға қилишини ваъда берган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга сазовор бўлишган. “Ал-муфассал”нинг ихчамлаштирилган, мухтасар ҳолатга келтирилган нусхаси “Ал-унмузаж” (Намуна) номи билан аталади.

Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари, айниқса, араб тили ва адабиётини, диний илмлар билан бир қаторда ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаган.

Устоз тил, луғат ва адабиёт соҳасида машҳур олим Абу Мудар Исфахонийдан илм олган. Бағдодда шайхул-ислом Абу Мансур Наср Ал-Хорисий, Абу Саад Аш-Шаққоний, Абул Хаттаб ибн Абдул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан таҳсил олди. Маккада бўлганида эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талха ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ал-Ябирий Ал-Андалусий, Аш-шайх Ас-Садийд Ал-Хаууатий, луғат илмини эса  Абу Мансур Мавҳуб ибн Ал-Хадар Ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди. Замахшарий ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Шижозда, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишини давом эттирди, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳалий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди, бу минтақа жўғрофиясига оид хилма-хил маълумотлар тўплади. Адиб кўп асарларини Маккада яратди. Ўз ҳаётида чуқур из қолдирга Маккада беш йил яшайди. Шу боисдан у Жоруллоҳ “Аллоҳнинг қўшниси” деган шарафли номга муяссар бўлади.

Замахшарий ҳикматларидан

Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.

Тилингдан чиққан садақанг баъзан қўлингдан чиққан садақангдан хайрлироқдир.

Шодиева Моҳира
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими ходими.
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Маҳмуд Замахшарий ва унинг “кашшоф “ асари мавзусидаги илмий-амалий семинар Тошкент 2019.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …