Германиянинг Гамбург шаҳрида жойлашган Қўлёзма маданиятини ўрганиш маркази (CSMC – Centre for the Study of Manuscript Cultures) ҳузуридаги Ёзма артефактларни ўрганиш бўйича илғор тажриба кластери ташаббуси билан “Мусулмон жамиятларда мустамлака давридаги алоқалар ва қўлёзма мероси” мавзусида халқаро илмий семинар бўлиб ўтди.
Унда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов онлайн иштирок этиб, “1898 йилдаги Андижон қўзғолони раҳнамоси Дукчи Эшон кутубхонаси” мавзусида маъруза қилди.
Олим Дукчи Эшон хонақоҳидаги вақф кутубхонасининг шаклланиш тарихи, унда сақланган асарлар, қўлёзмалар ва уларнинг тақдири ҳақида сўз юритар экан, у нафақат диний-маърифий ҳаётнинг маркази, балки Дукчи Эшоннинг назарий қарашларини теранроқ англаш учун муҳим манба эканини алоҳида таъкидлади.
– Бу кутубхона Дукчи Эшоннинг илмга, маърифатга чуқур меҳр-муҳаббатининг ифодаси бўлиб, унинг дунёқараши, илмий мероси ва жамиятдаги таъсир доирасини ўрганиш учун бебаҳо манбадир”, – деди Ш.Зиёдов.
Маъруза давомида кутубхонадаги 194 қўлёзма, ундаги илмий, илоҳиётга, фалсафа ва тасаввуфга оид асарлар шарҳи, шунингдек, бу нодир манбаларнинг Россияга олиб кетилгани ва Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтига қандай қайтиб келгани хронологик тарзда баён этилди. Таъкидланганидек, 1912 йилда машҳур шарқшунос В.Бартольд томонидан тартибланган, ҳозиргача нашр этилмаган 231 қўлёзмадан иборат каталог – Дукчи Эшон кутубхонасининг бойлигини тасдиқловчи муҳим ҳужжатлардан биридир.
Тадқиқот давомида кутубхонага тегишли муҳрлар билан белгиланган 54 қўлёзма ва 17 тошбосма китоб аниқлангани, уларда “вақф хонақоҳ халифа Дукчи” ва “Дуксоз Али Собирий” ёзувли муҳрлар борлиги, ушбу асарларнинг вақф мулки сифатида сақланиши – кутубхона фаолиятидаги тартиб ва мақсадли йўналишни намоён этишига урғу берилди.
Маърузачи қуйидаги хулосани баён этди: “Дукчи Эшон кутубхонаси – нафақат ноёб тарихий, балки буюк маънавий мерос ҳамдир. Унинг китобларидан Эшоннинг фақат диний эмас, балки дунёвий илмларга ҳам қизиққанини кўрамиз. Бу эса унинг комиллик сари интилиб, маърифат нурини таратишга уриниб яшаганини англатади”.
Маъруза халқаро илмий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, кейинги изланишлар учун муҳим йўналиш сифатида эътироф этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати