Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида устоз-мураббийлар ва ёш спортчилар иштирокида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ёшлар онгида соғлом тафаккурни шакллантириш, уларни ёт ғоя ва ақидавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, маърифат ва маънавият асосида жаҳолатга қарши курашиш шиорини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган учрашувда Марказ илмий ходими Б.Маҳмудов жаҳолатнинг ҳозирги кўринишлари, оқибатлари ва унга қарши курашишда таълим-тарбия, маърифат ва фаол фуқаролик позициясининг аҳамияти ҳақида сўзлади.
Шунингдек, маъруза давомида ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни миллат ва давлатга садоқат, умуминсоний қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида ҳам фикр юритилди. Қайд этилганидек, Концепция нафақат дин ва эътиқод эркинлигини кафолатлаш, балки ёшлар орасида соғлом тафаккурни қарор топтириш, радикал ғояларга танқидий муносабатни шакллантириш ва шу орқали жамиятда маънавий барқарорликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли йўналишларни ўз ичига олади.
Айни пайтда Концепцияда таълим муассасаларида диний-маърифий саводхонликни ошириш, экстремизм ва фанатизм каби таҳдидларга қарши иммунитет яратиш, маърифат орқали жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш каби вазифаларга ҳам устувор аҳамият берилган. Бу эса, айниқса, спортчилар сингари фаол ва ташаббускор ёшлар учун жуда муҳим платформа ҳисобланади.
Тадбир ёшларда масъулият туйғусини, маърифий иммунитетни кучайтириш, соғлом дунёқарашни шакллантиришга хизмат қилди.