Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Чинакам билим ва ижтимоий фаоллик – асл қадрият

Чинакам билим ва ижтимоий фаоллик – асл қадрият

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси Жомбой тумани бўлими ва тумандаги Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Марказ илмий ходимлари, бирлашма аъзолари, мураббий ва ўқувчилар иштирок этди.

“Сохта салафийликнинг хатарлари”, “Инсон камолотида спортнинг ўрни”, “Ақидапарастликнинг ёш авлод тарбиясига таҳдиди” мавзуларини қамраб олган тадбирда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан камол топтиришда таълимнинг роли ҳақида сўз юритилди. Ёшларимизнинг маънавий оламини кенгайтириш, уларда чинакам билим ва ижтимоий фаолликни асл қадрият сифатида шакллантириш, ҳар томонлама баркамол авлодга айланишига кўмаклашиш устувор вазифа экани хусусида фикр алмашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Усмонхон Муҳаммадиев қатнашчиларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси, шунингдек, турли оқимлар таъсиридан ҳимояланиш ҳақида чуқур ва кенг тушунча берди. Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирди. Жумладан, ёшларга таълим-тарбия беришда ота-оналар ролини ошириш, ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва қарашларини юксалтириш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” аталувчи улуғвор ғояни шиор қилиб, юрт тинчлиги ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш хусусида гапирди.

Жамиятимизда соғлом диний муҳитни сақлаш, асл манбаларга таянган ҳолда ва алломаларимиз илмий меросини тадқиқ этиш орқали турли ботил ва фитначи оқимларга раддиялар бериш, ёшларга соф ислом таълимотини етказиш, буюк аждодларимиз асарларидаги Ватанга муҳаббат, илмга тарғиб, ота-онага эъзоз ва эҳтиром каби улуғ ғояларни кенг жамоатчиликка етказиш сингари маърифий тадбирларни ташкил этаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг хайрли ҳаракатлари ҳудудларда давом этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Самарқанд аграр-инновацион ва тадқиқотлар институти ҳамкорлигида “Диний маърифат ва …