Мусулмон киши содир этган ҳар қандай сўз, амал ё ҳолат устидан бидъат ё ширк, ҳалол ё ҳаром деб ҳукм чиқаришдан олдин бу борада қандай тартиб-тамойиллар мавжудлигини билиб олиш зарур. Акс ҳолда, енгиллик ва кенглик дини бўлмиш исломни қийинлик ва торлик динига айлантириб қўйиш ҳеч гап эмас.
Уламолар бу масалада уч асосий қоидани жорий қилган. Барчамизга мусулмон кишининг оғзидан чиққан сўзи, қўл урган амали ва содир этган ҳолати юзасидан яхши гумонда бўлиш, иложи борича уни энг яхши маънога буриб талқин қилиш буюрилган.
Биринчи қоида шуки, мусулмон киши содир этадиган амаллар тавҳиднинг аслига зид келадиган маънога буриб талқин қилинмайди. Шу боис уни дарҳол кофирлик ё мушрикликда айблаш мумкин эмас. Чунки содир этган амалларини куфрга сабаб бўладиган йўсинда талқин қилмаслигимиз зарурлигини тақозо этадиган кучли далил унинг мусулмон эканлигидир. Мусулмон киши диндошининг ҳар қандай сўз ё амалига баҳо беришда ана шу умумий қоидага қатъиян амал қилиши шарт. Бу борада Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Бир шахснинг кофир бўлиб қолганига тўқсон тўққизта далил чиқиб, мўминлигига биргина далил қолган бўлса, ана шу битта далил олинади”, деган.
Энди бу қоидани яхшироқ англаб етиш учун сўз ва амалдан биттадан мисол келтирамиз. Масалан, мусулмон киши Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтирганига ишонади. Насроний ҳам Исо алайҳиссалом ўликларни тирилтирганига ишонади. Лекин унинг эътиқодига кўра, Исо алайҳиссалом бу ишни ўз куч-қудрати билан амалга оширган, бинобарин, у Аллоҳдир ё Унинг ўғлидир, ҳар ҳолда Илоҳий учликнинг биридир. Шу фарққа асосан, мўмин-мусулмон “Мен Исо алайҳиссалом ўликларни тирилтирганига ишонаман” деса, бу гапи билан насроний бўлиб қолмайди. Айтганлари унинг мўмин-мусулмонлигига лойиқ маънога буриб талқин қилинади.
Мусулмон киши фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш мумкин, деб эътиқод қилади. Мушрикнинг эътиқоди бошқага ҳам ибодат қилишга изн беради. Шунга кўра, мусулмон киши кўринишидан ибодатга ўхшаб кетадиган бирор амални Аллоҳдан бошқаси учун қилаётганини кўрсак, унга бир мусулмондек қараб, ақидасига тўғри келадиган маънога буриш вожибдир. Чунки бир кишининг мусулмонлиги аниқ далиллар орқали ўз тасдиғини топган бўлса, шак-шубҳа ва турли эҳтимоллар гумони билан у йўққа чиқмайди. Шунинг учун Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломга сажда қилган чоғида у зот уни бу ишдан қайтарганлар (Ибн Можа ривояти). Аммо бу ишини ширк ё куфр деб баҳоламаганлар. Ўз-ўзидан маълумки, ҳалол-ҳаромни энг яхши билувчи саҳоба – Муоз розияллоҳу анҳу сажда ибодат эканини ва Аллоҳ таолодан бошқасига сажда қилиш мумкин эмаслигини билмаган бўлиши амри маҳолдир. Зотан, сажданинг бошқа маъноси ҳам борлиги учун мусулмон киши шу ишни содир этса, уни ҳақиқий ибодат маъносига буриш ё унга куфр ҳукмини бериш умуман тўғри эмас.
Бу борада Имом Заҳабийнинг қуйидаги сўзларини келтириш ўринлидир: “Буни қарангки, саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаддан зиёд яхши кўргани учун у зотга: “Сизга сажда қилсак бўлмайдими?!” деди. У зот: “Йўқ”, дедилар. Изн берганларида эди, улар, албатта, ибодат маъносида эмас, балки Юсуф алайҳиссаломнинг биродарлари сингари улуғлаш ва таъзим бажо келтириш маъносида у зотга сажда қилган бўлар эди. Мусулмон киши улуғлаш ва таъзим маъносида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига сажда қилиши ҳақидаги ҳукм ҳам худди шундай, яъни бу билан асло кофир бўлиб қолмайди, балки осий бўлади. Қабр томонга қараб намоз ўқиш ҳам худди шундай” (“Мўъжамуш шуюх”).
Хаворижлар мана шу қоидани инкор қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо уларнинг залолатга кетишига сабаб бўлган асосий жиҳатни тушунтираётиб: “Улар кофирлар хусусида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан татбиқ этишга киришиб кетди”, деган (Имом Бухорий ва Ибн Жарир Табарий ривоят қилган).
Иккинчи қоида васила билан ширк ўртасидаги жуда катта фарқни ажрата билишдир. Васила – Аллоҳ таолонинг: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга (яқинлаштирувчи савобли ишлардан) васила (восита) излангиз!” (Моида сураси, 35-оят) деган сўзлари билан шаръан буюрилган иш.
“Васила” сўзи луғатда мартаба, яқинлик, алоқа сингари маъноларни ифодалайди. Умуман олганда, васила – бу Аллоҳ таоло рухсат берган ҳар қандай нарса воситаси билан Унга яқинлашишдир. Ҳақ таоло улуғлаб қўйган макон ва замонлар, шахслар ва ҳолатларни улуғ деб эътиқод қилиш ҳам шунга киради. Бинобарин, мусулмон киши Масжидул ҳаромда намоз ўқиш, Мултазам (Каъба деворининг эшик билан Ҳажарул асвад орасидаги қисми)да, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрлари олдида дуо қилиш пайида бўлар экан, Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб қўйган ўша маконларни улуғ деб билгани учун шундай қилади. Қадр кечасини ибодат ва муножот билан бедор ўтказишга, жума куни ва ҳар кечанинг охирги учдан бир қисмидаги дуо ижобат бўладиган лаҳзаларда дуо қилишга интилар экан, Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб қўйган ўша паллаларни улуғ деб билгани учун шундай қилади. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб қўйган анбиёлар ва солиҳларни яхши кўргани учун уларни васила қилиб, эҳтиёжларини Ундан сўрайди. Мусофирликда, ёмғир ёғаётганда дуо қилишга шошилади. Чунки бу ҳолатларни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб қўйган. Хуллас, бу ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг “(Гап) шудир. Яна ким Аллоҳнинг шиорларини (қурбонликларни) улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят) деган сўзлари жумласига киради.
Ширк тўғрисида сўз юритадиган бўлсак, у фақатгина Аллоҳ таоло учун мумкин бўлган тарздаги ибодат амалларининг бирон бир турини У Зотдан бошқага йўналтиришдир. Ҳатто муқарраблик (яқин бўлиш) нияти билан бўлса ҳам. Чунончи, Аллоҳ таоло: (Эй инсонлар!) Огоҳ бўлингизки, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ») қилиб олган кимсалар: «Биз уларга фақат бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз» (дерлар)” (Зумар сураси, 3-оят), деган. Ташқи кўринишдан ибодатга ўхшаса-да, ҳақиқий маънода ибодат саналмайдиган ишларни бу сирадан чиқариб юбориш мақсадида “фақатгина Аллоҳ таоло учун мумкин бўлган тарзда” деган шартни қайд этдик. Чунки “Улар (мушриклар) Аллоҳни қўйиб, фақат аёллар (Лот, Уззо ва Манот деган бут-санамлар)га сиғинадилар” (Нисо сураси, 117-ояти)да таъкидланганидек, дуо ўша дуо билан мурожаат қилинаётган нарсага ибодат ҳисобланиши ҳам, “(Эй мўминлар!) Пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангиз!” (Нур сураси, 63-оят)ида айтилганидек, ибодат ҳисобланмаслиги ҳам мумкин.
Сўраш ҳам худди шундай. “Аллоҳдан Унинг фазлини сўрангиз” (Нисо сураси, 32-оят)ида айтилганидек, сўралувчи зотга ибодат саналиши ҳам, “Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрангиз!” (Наҳл сураси, 43-оят)ида кўрсатилганидек, ибодат саналмаслиги ҳам мумкин.
Ёрдам сўраш ҳам айни шундай. Яъни “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” (Фотиҳа сураси, 5-оят) ва “Мусо (ўз) қавмига деди: «Аллоҳдан мадад сўрангиз ва сабрли бўлингиз!»” (Аъроф сураси, 128-оят)да айтилганидек, ё ёрдам сўралувчи зотга ибодат саналиши ҳам, “Сабр ва намоз ила (Аллоҳдан) ёрдам сўрангиз” (Бақара сураси, 45-оят)да кўрсатилганидек, ибодат саналмаслиги ҳам мумкин.
Юқорида баён қилинганлардан яққол кўриниб турибдики, васила билан ширк ўртасида каттагина фарқ бор. Васила қилишда Аллоҳ таоло улуғлаган нарсани улуғ деб билиш маъноси мужассам. Демак, бу Аллоҳ таоло учун улуғлашдир. Ширкда эса Аллоҳга қўшиб ё У Зотнинг ўрнига улуғлаш маъноси бўлади. Шунинг учун фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга сажда қилгани тавҳид, мушрикларнинг бутларга сажда қилиши куфр ва ширк ҳисобланади. Ваҳоланки, икки ҳолатда ҳам сажда объектлари Аллоҳ таоло яратган мавжудотлардир. Лекин фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга сажда қилиши – Аллоҳ таоло амр этганидек – унга таъзим маъносида бўлгани учун у шаръан савобли иш саналади. Мушрикларнинг бутларга сажда қилиши уларни худди Аллоҳ таолони улуғлагандек улуғлаш бўлгани учун ширк бўлади.
Бинобарин, василанинг солиҳларни васила қилиш ё уларнинг қабрлари ёнида туриб Аллоҳ таолога дуо қилиш сингари кўринишлари борасида ихтилоф пайдо бўлиб қолса, бу ишни васила доирасидан чиқариб, ширк ва куфр доирасига киритиш мумкин эмас. Чунки бу орқали ишларнинг моҳияти чалкашиб кетади, Аллоҳ учун улуғлаш Аллоҳга қўшиб улуғлашга чиқиб қолади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Ахир, Биз мусулмонларни жиноятчиларга (кофирларга) баробар қилармидик?! (Эй мушриклар!) Сизларга не бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасиз?!” (Қалам сураси, 35-36-оятлар), деган.
Учинчи қоида шуки, бир нарсани сабаб деб билиш билан яратувчи деб эътиқод қилиш ўртасида фарқ бор. Биринчи қоидани баён этиш асносида келтирган мисолга яна бир мурожаат қилсак, мусулмон киши Исо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг изни билан лойдан қуш яралишига сабаб бўлган, деб эътиқод қилади. Насроний эса Исо алайҳиссалом бу ишни мустақил равишда (ўз қудрати билан) амалга оширган, деб ишонади. Бинобарин, бирор мусулмон Аллоҳ таолодан бошқадан нимадир беришни ё қайсидир ёмонликни даф қилишни сўраётганини кўрсак, буни таъсир кўрсатиш ва яратишга эмас, балки сабабиятга буриб талқин қилишимиз шарт. Чунки ҳар бир мусулмон фойда ҳам, зарар ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг қўлида бўлиб, Ундан бошқа бирор нарса мустақил равишда фойда ё зарар бера олмайди, деб эътиқод қилади. Шу билан бирга, У Зот яратган нарсаларнинг айримлари Унинг изни билан фойда бериши ё зарар етказиши мумкинлигига ҳам ишонади. Бу ерда гап ўша нарсага яратувчи ё сабаб сифатида қарашга боғлиқ, холос.
Хулоса шуки, мусулмонларни сал нарсага бидъатчи ё кофирга чиқаришга ундайдиган асосий сабаб – бу диннинг моҳиятини яхши англаб етмаслик ва уламолар жорий қилган мазкур уч асосий қоидага амал қилмасликдир. Хотирада мустаҳкам ўрнашиб қолсин, деган мақсадда қуйида уларни умумий қилиб келтириб ўтамиз:
Биринчи қоида: мусулмон киши содир этадиган амаллар тавҳиднинг аслига зид келадиган маънога буриб талқин қилинмайди.
Иккинчи қоида: васила билан ширкнинг ўртасида жуда катта фарқ бор.
Учинчи қоида: бир нарсани сабаб деб билиш билан яратувчи деб эътиқод қилиш бир-биридан мутлақо фарқлидир.