Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Яссавийлик ва замонавий жамият: Халқаро симпозиум тафсилотлари

Яссавийлик ва замонавий жамият: Халқаро симпозиум тафсилотлари

Хабар қилинганидек, Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида “Аҳмад Яссавий илмий мероси замон ва маданиятлар мулоқотида: Инсонпарварлик анъаналари ва замонавий ёндашувлар” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Ҳазрати Султон меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, унинг ҳикмат ва тамойилларини таълим тизимига жорий этиш, маҳаллий ва хориж олимларининг бу борадаги тадқиқотларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган анжуманда ўнга яқин давлатдан элликдан зиёд олим маърузаси тингланди.

Анжуман ишида қатнашган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Меҳрожиддин Омонов “Яссавия илмий меросини ўрганиш: Муаммо ва истиқбол” шўъбасида “Яссавия тариқати: Муршид, мурид, силсила” мавзусида маъруза қилди.

Олим яссавийлик тариқатининг тарихи ва унинг замонавий аҳамиятига ҳамда Ҳазрати Султон маънавий меросини илмий тадқиқ қилишга оид муҳим масалаларга тўхталиб ўтди.

Маърузада тариқатнинг ижтимоий ва маънавий аҳамияти алоҳида таъкидланди. Унга кўра, яссавийлик aсрлар давомида турли маданиятлар ва халқлар ўртасидаги мулоқотни таъминлаган, унинг ўрганилиши ва тарғиб қилиниши бугунги кунда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яссавийлик, айниқса, инсонпарварлик, гўзал ахлоқ ва маънавий тараққиётга йўналтирилган тамойиллари билан замонавий жамиятдаги маънавий бошқарув ва тарбия бериш тизимлари учун намуна бўлиб хизмат қилади.

М.Омонов яссавийликнинг асосий тамойиллари – муршид (устоз), мурид (талаба) ва силсила (узвийлик) ҳақида батафсил таҳлилий фикр юритди. Унинг таъкидлашича, бу тамойиллар ёрдамида нафақат индивидуал маънавий ўсиш, балки жамиятни маънан поклантириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга эришиш мумкин. Шу боис яссавийликка оид илмий ва маънавий мерос жуда катта аҳамиятга эга.

Таъкидланганидек, яссавийлик Мовароуннаҳрда илк мумтоз тариқат сифатида вужудга келган. Аҳмад Яссавий раҳнамолигида Туркистонда шаклланиб, Тошкент, Хоразм, Бухоро ва Самарқанд каби йирик шаҳарларда ривожланган. Тариқатнинг турли шажара ва силсила тармоқлари мавжуд бўлиб, ҳар бири турли шаҳарларга тарқалган. Хусусан, Самарқандда азизон ва иқония тармоқлари ўз тараққиётини давом эттирган.

Маърузачи тариқатнинг ҳар бири тарихий аҳамиятга эга бўлган ва маънавий баркамолликни таъминлашда муҳим роль ўйнаган турли авлодлари ва шажаралари ҳақида маълумот берди. Унинг таҳлиллари симпозиум қатнашчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Симпозиум доирасида Яссавий меросини ўрганишга доир тарихий манбалар, янги манбаларни нашрга тайёрлаш, филологик тадқиқотлар, яссавийлик меросининг моддий ва маънавий маданиятдаги ўрни, бугунги куннинг долзарб ижтимоий масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир яссавийлик тариқатининг ижтимоий ва маънавий аҳамияти, унинг замонавий жамиятдаги ўрни ва илмий тадқиқ қилиш имкониятларини янада оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ илмий ходими – Туркистондаги халқаро симпозиумда

Айни соатларда Қозоғистон Республикаси, Туркистон шаҳрида “Аҳмад Яссавий илмий мероси замонлар ва маданиятлар мулоқотида: Инсонпарварлик …