Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сўфийлик анжуманида Нақшбандия таълимотига илмий назар

Сўфийлик анжуманида Нақшбандия таълимотига илмий назар

Хабар қилинганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Ўзбекистон делегацияси таркибида Жазоирнинг Ағвот шаҳрида Сўфийлик таълимоти маданияти фестивали доирасида “Тасаввуф наволари: ўтмиш мероси, бугуннинг садоси ва келажак овози” мавзусида ўтказилаётган халқаро анжуманда иштирок этмоқда.

Анжуман шўъбаларидан бирида Марказ илмий ходими Шукурилло Умаров “Нақшбандия тариқати ва унинг ислом оламида кенг тарқалиши” мавзусида маъруза қилди.

Ислом таълимотида инсоннинг зоҳирий ва ботиний камолотига алоҳида эътибор қаратилади. Маърузада айнан шундай мукаммал тарбия мактаби – тасаввуф ва унинг муҳим тармоқларидан бири бўлмиш нақшбандия тариқати ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Маърузачи Нақшбандия тариқатининг тарихи, юксалиш босқичлари, Туркистон, Ҳиндистон, араб мамлакатлари ва ҳатто Европа бўйлаб тарқалиши, султон ва подшоҳлар, хусусан, Амир Темур, темурзодалар ва усмонийларнинг унга эътиборини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, “Илм инсонни ибодатга етакласа, тасаввуф қалбни Аллоҳга етаклайди”. Бу сўзлар тасаввуфнинг инсон руҳиятидаги ўрни ва аҳамиятини яққол намоён этади. Яъни, тариқат шунчаки назарий таълимот эмас, амалда у қалб поклиги, нафсни тарбия қилиш, ихлос, тавозеъ, эҳсон каби ахлоқий фазилатларни шакллантиради.

Марказ олими тариқатнинг асл ботиний мазмуни, унга қаратиладиган танқидлар борасида ҳам илмий мулоҳазалар билдириб, тасаввуфнинг замонавий жамиятдаги аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Маъруза йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Мавзунинг илмий муҳокамаси тасаввуф меросини янада чуқур ўрганиш ва замонавий шароитда уни теранроқ англашга хизмат қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГЛИК ДИЁРИ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида шу мавзуда маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда нуфузли турк олими, …