Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Муассасалараро илмий-маънавий ҳамкорлик тарихида янги босқич

Муассасалараро илмий-маънавий ҳамкорлик тарихида янги босқич

Ўзбекистон делегациясининг Жазоирга ташрифи доирасида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти, мақсад ва вазифалари ҳақида тақдимот ўтказилди. Тақдимотда марказнинг ислом илмий меросини ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ролига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, марказ фаолиятига оид махсус видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Жазоир Ислом илмлари ва цивилизацияси маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Мазкур ҳужжат илмий муассасалар ўртасида қўлёзма манбаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, илмий конференциялар, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, илмий тадқиқот натижалари алмашуви ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш, икки марказ фондларида сақланаётган илмий меросни ўзаро тақдим этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш каби йўналишларда изчил ҳамкорликни назарда тутади.

Имзолаш маросимида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов ушбу ҳамкорлик нафақат икки давлат ўртасидаги илмий алоқаларни ривожлантириш, балки бутун мусулмон уммати учун муҳим бўлган тарихий ва маънавий меросни чуқурроқ ўрганиш учун кенг имкониятлар эшигини очишини таъкидлади.

Жазоир Ислом илмлари ва цивилизацияси маркази раҳбарияти мазкур меморандум ўзаро тажриба алмашиш, илмий салоҳиятни юксалтириш ва замонавий илмий ёндашувларни татбиқ этишда пухта замин бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ушбу муҳим ҳужжат икки нуфузли илмий муассаса ўртасидаги илмий, маданий ва тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, исломий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун залворли ҳуқуқий пойдевор бўлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ОАВ ҳафталигида замонавий медиа муҳокамаси

Жорий йил 26 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ташаббуси билан «ОАВ ҳафталиги» …