Хабар қилинганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Ўзбекистон делегацияси таркибида Жазоирга илмий сафар қилмоқда.
Ағвот шаҳрида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган Сўфийлик таълимоти маданияти фестивали доирасида “Тасаввуф наволари: ўтмиш мероси, бугуннинг садоси ва келажак овози” мавзусидаги халқаро анжуманнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Йигирмага яқин давлатдан юздан ортиқ хорижий мутахассис иштирокида бошланган бу йилги форумнинг фахрий меҳмонлари – Ўзбекистон делегацияси номидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов нутқ сўзлаб, мамлакатларимиз ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорлик мустаҳкам пойдеворга эга экани, кейинги йилларда ушбу муносабатлар янги босқичга кўтарилаётгани ҳақида фикр билдирди.
Олим давлатлараро илмий алоқалар нафақат тарихий, балки бугунги кун нуқтаи назаридан ҳам юксак аҳамият касб этишини таъкидлаб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Жазоирдаги турли илмий муассасалар ўртасида ўрнатилаётган шериклик муносабатлари ўзаро манфаатли алоқаларнинг амалий намунаси бўлишини қайд этди.
Шунингдек, Ш.Зиёдов тасаввуф таълимотининг ислом цивилизациясида тутган ўрни, унинг маънавий тарбия, инсон камолотидаги аҳамияти ва бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, маънавий меросни асраб-авайлаш ва авлодларга етказишга қаратилган илмий фаолият ҳақида маълумот берди. Марказда амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш ишлари, шунингдек, сўфийлик таълимотига оид манбалар таҳлилига алоҳида тўхталди.
Олим жазоирлик ҳамкасбларни Ўзбекистонга келиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа илмий муассасаларда биргаликда тадқиқот олиб боришга таклиф этди.
Анжуман доирасида илмий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган келишувлар юзасидан музокаралар ўтказиш мўлжалланмоқда.
Фестиваль кунлари мамлакатимиз делегацияси Жазоирдаги сўфийлик марказлари, тарихий манбаларни сақлаш муассасаларига ташриф буюриши, маҳаллий уламолар билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.