Юртимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги амалий ишларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш, шунингдек, мотуридийликка оид тадқиқотлар кўламини кенгайтириш вазифалари белгиланган.
Имом Мотуридий меросини ўрганишнинг долзарблиги шундаки, аллома ўз асарларида ўша даврдаги оқимларнинг ғоя ва қарашларини ҳам келтириб, уларга нақлий ва ақлий далиллар билан раддия ёзган, даъволари асоссиз эканини кўрсатиб берган. Ўша ғоя ва қарашлар бугун қандайдир деструктив кучлар томонидан янгиланадиган бўлса, бизнинг уларга жавобимиз тайёр, қарши курашишнинг усул ва услублари ҳам қўлимиздадир.
Самарқандда Абу Мансур Мотуридий асос солган калом таълимоти йиллар ўтиб, бутун ислом оламига тарқалади ва суннийликдаги икки йирик мактабнинг бирига айланади. Ушбу таълимотнинг мазмун-моҳияти ва тарихини ўрганишдан аввал алломанинг ҳаёти ва жамиятда тутган мавқеини чуқур тадқиқ қилиш керак. Мотуридия таълимоти XI асрдан бошлаб ислом оламида шуҳрат қозонади ва шу даврдан аллома шахсига қизиқиш кучаяди.
Мутакаллим ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, ўзи ҳам араб тилида тафсир ва эътиқодга оид “Таъвилот аҳли ас-сунна” (Таъвилот Қуръон) ни ёзади. Бундан кўзланган асосий мақсад “Аҳли сунна вал жамоа” таълимотига зид қарашларни рад қилишдир. Бу асардан эътиқодий масалалар ва фиқҳда кенг фойдаланилади. Абу Мансур Мотуридий бу асарини ёзишда асосан Абу Ҳанифанинг қарашларига суянади. “Таъвилот Қуръон” илк бор биринчи жилди 1971 йилда Сайид ва Иброҳим Авадайнлар томонидан нашр этилди. Худди мана шу китоб бангладешлик олим А.А.Раҳмон томонидан 1981 йил янги қўшимчалар билан қайта нашр қилинди. Асарнинг чоп қилиниши Мотуридий каломига оид бир қатор мақолалар ёзилишига сабаб бўлди. Ф.Сезгин ўзининг “Араб қўлёзмалари тарихи” китобида “Китоб таъвилот” асарининг дунё фондидаги нусхалари ҳақида қимматли маълумот беради. Сўнгги йилларга келиб, унинг тўлиқ нашрлари ҳам амалга оширилди. 2004 йил Фотима Юсуф Хайми томонидан 1-5 жилдлари Байрутда нашр этилди. Яна бири Муждий Баслум томонидан тайёрланган бўлиб, 2005 йил Қоҳирада “Мактабатул карамат” нашриётида чоп этилган. Энг сўнгги 2008-2009 йиллардаги илмий нашри Туркияда доктор Эртигул Бойнукалин томонидан тайёрланган, унга профессор, доктор Бекир Тўпалу ўғли илмий муҳаррир бўлган. Туркиядаги “Дарул мезон” нашриётида унинг етти жилди чоп этилди. Сўнгги йилларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Таъвилот Қуръон”нинг 30-жилди араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинди. Қолган жилдлари Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази олимлари томонидан таржима қилинмоқда.
“Таъвилот Қуръон” асарининг 2 та нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида №5126 ва №5127 рақамлари остида сақланади.
Тошкент фондидаги №5126 рақам остида сақланаётган нусхаси асарнинг иккинчи жилдидир. Иккинчи жилд (дафтар)нинг умумий ҳажми 258 варақ, шарқ қоғозига қора сиёҳ билан кўчирилган. Қўлёзма асарнинг бир қисми – LXII-CXIV суралар таъвилини ўз ичига олади. Қўлёзманинг 171а саҳифасида бу асар Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасида сақлангани тўғрисида белги бор. Унда жумладан шундай дейилади; “Ушбу китоб Бухоро шаҳрининг Куйи Дихқон манзилидаги кутубхонага Аллоҳ бандаси Муҳаммад ал-Хофизи ал-Бухорий томонидан вақф қилинган”.
Эътиборли жиҳати шундаки, юқорида тилга олинган қўлёзма “Китоб таъвилот”нинг ҳозирги кунга қадар дунёдаги энг қадимий нусхаси бўлиб турибди. Мазкур нусханинг тавсифи СВР (Собрание восточных рукописей. – Т.I-XI. – Т.: Фан, 1952-1987)га киритилмаган эди ва у илк бор мақола муаллифи (Ш.З) томонидан илмий муомалага киритилди (Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” асари ҳақида янги маълумотлар // Шарқшунослик. – 1999. – № 9. – Б.66-73).
Бу қўлёзма 529/1134-35 йилларда кўчирилган. Бухоро жоме масжидида қабул қилинган ва таҳрир этилган (Қубила ва суҳҳиҳа фи масжиди жаъми ал-Бухара).
“Китоб таъвилот” асарининг яна бир нусхаси 5127 инв. рақами остида сақланади. Бу нусха асарнинг охирги жилдидир. Насх ёзувида кўчирилган бу нусха 294 варақдан иборат. Китоб ўлчами 19,5 х 15,5 см., матн ҳар саҳифага 19 қатордан жойлаштирилган. Қўлёзма қора сиёҳ билан шарқ қоғозига ёзилган. Бу жилд жигарранг чарм муқовали, ғилоф ишланган. Бундай муқовалаш усули Усмонийлар даврига хос. Муқованинг юзида бир бўлак қадимий қоғозга “Китоб таъвилот” сўзлари ёзилган бўлиб, ёзув йиллар давомида эскириб, кўз илғамайдиган даражага келиб қолган. Қўлёзманинг бошланғич варағидаги (1а) юқори сатрда “Тафсири шайх Абу Мансур ал-Мотуридий” деб ёзилган. Шу саҳифанинг қуйироғида шундай ёзувлар бор: “Бу охирги дафтар буюк имом, зоҳид, ҳидоят йўли имоми, аҳли сунна ва жамоа раиси шайх Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридийдан нақл қилинган”. Варақнинг чап тарафига “Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Ҳофиз ал-Бухорий мулки” деб ёзиб қўйилган.
Икки нусха ҳам машҳур Хожа Муҳаммад Порсонинг кутубхонасига тегишли (қаранг: Shovosil Ziyodov, Ashirbek Muminov et Elizaveta Nekrasova «La “Bibliothèque de Khwâja Muhammad Pârsâ” revisitée», [Studia Iranica. Cahier 40], Paris: 2009, pp.17-41;).
Шу фонднинг ўзида “Китоб таъвилот” асарининг машҳур ҳанафий фиқҳ олими Алоуддин Самарқандий (GAL, Suppl., I, 640) томонидан ёзилган шарҳи ҳам мавжуд бўлиб, унинг нусхалари № 3249 ва № 3155 рақамлари остида сақланади. Буларнинг ҳам ҳар иккиси Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонасидандир. Бу нусхаларнинг бири (№ 3249), айниқса, қимматлидир. Унинг энг диққатга сазовор жойи – унинг сарварағидир (1а). Унда икки иснод келтирилган.
Қўлёзманинг сарварағи шундай иборалар билан бошланади:
اسناد تصانيف عالم الهدى رئيس اهل السنة ابى منصور الماتريدي رضى الله عنه و اباته الجنة قال… اخبرنا الشيخ الامام حافظ الدين محمد بن محمد بن نصر البخاري قال اخبرنا الشيخ الامام العالم الرباني الحبر الرحماني صاحب الاصول و الفروع شمس الدين محمد بن عبد الستار العمادي الكردري رضي الله عنه تغمد الله بالرحمة و الرضوان قال اخبرنا الشيخ نجم الدين ابو حفص عمر بن محمد بن احمد النسفي قال اخبرنا الشيخ الامام القاضي ابو اليسر محمد بن محمد بن الحسين بن عبد الكريم النسفي عن ابيه عن جده عن ابيه عبد الكريم عن الشيخ الامام عالم الهدى رئس اهل السنة ابي منصور محمدبن محمد بن محمود الماتريدي السمرقندي تغمد الله بالرحمة و الرضوان.
الدفتر الاول من كتاب شرح التأويلات للشيخ الامام الزاهد رئس اهل السنة و الجماعت ابي منصور الماتريدي طيب الله تربته و اعلاه رحمة شرحه الشيخ الامام علاؤ الدين ابو بكر محمد بن احمد السمرقندي
“Аҳл ас-сунна раиси Абу Мансур ал-Мотуридий – Аллоҳ ундан рози бўлсин – ҳидоят илми пешвосидан аш-шайх ал-имом Ҳофиз ад-дин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Бухорийга асарлар қуйидаги иснод билан етиб келди: аш-шайх ал-имом ар-раббоний, усул ва фуруъ соҳиби Шамс ад-дин Муҳаммад ибн ‘Абд ас-Саттор ибн Муҳаммад ал-‘Имодий ал-Кардарий хабар қилди (Аллоҳ уни раҳматига ва ризосига йўлласин), унга, ўз навбатида, аш-Шайх ал-Имом Нажм ад-дин Абу Ҳафс ‘Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий айтди, аш-Шайх ал-Имом ал-қози Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ибн ‘Абд ал-Карим ан-Насафий, у – отасидан, у – бобосидан, у эса – отаси ‘Абд ал-Каримдан, у эса – аш-шайх, ҳидоят йўлига бошловчи, аҳл ас-суннанинг раиси Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандийдан – Аллоҳ уни раҳмати ва ризоси билан қўлласин – айтади”, деган сўзлар билан биринчи иснод матни тугайди.
Иккинчи иснод “Шарҳ Таъвилот”дан бу биринчи дафтарни шайх имом ар-роҳиб аҳл ас-сунна ва жамоанинг раиси Абу Мансур ал-Мотуридийдан – Аллоҳ унинг тавбасини қабул этиб, раҳмати ва ризоси билан қўлласин – Шайх ал-Имом ‘Ало’ ад-дин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий шарҳлаган” деган жумла билан тугайди.
Юқоридаги изоҳда Мотуридий таълимоти, асарлари ўз замонасида кейинги даврлардагидек машҳур бўлмаганига ишора мавжуд. Бу асар дастлаб Абдулкарим Паздавий (ваф. 999 й.) оиласи аъзолари орасида нақл этилади. XII асрдан бошлаб эса уламолар орасида кенг тарқала бошлайди. Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Мотуридия таълимоти Самарқанддан Бухорога ёйилиши тафсилотларини ҳам шу манба асосида ўрганиш мумкин.
Айтиш мумкинки, бу янги манбалар Мотуридийнинг шахсий ҳаётига доир айрим жиҳатларга бир қадар аниқлик киритади ва унинг таълимоти билан боғлиқ қимматли маълумотлар беради.