Home / МАҚОЛА / СИЗ АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАДАНМИСИЗ?

СИЗ АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАДАНМИСИЗ?

Маълумки, ўзини мусулмон санаган киши Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиши фарз бўлгани каби раҳбарига итоат қилиши ҳам фарздир. Бу хусусда Қуръони каримда бундай дейилган: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят). Ўзи яратган бандалари учун нима фойдали-ю, нима зарарли эканини яхши биладиган буюк зот – Аллоҳ таолонинг мазкур буйруғида раҳбарга итоат қилиш Унинг ўзига ва Расулига итоат қилиш билан бир ўринда зикр қилинган. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: Гарчи сизларга боши майиздек ҳабаш ҳоким қилиб тайинланган бўлса ҳам унга қулоқ солинглар ва бўйсунинглар!” деб буюрганлар (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур оят ва ҳадислар юзасидан ижтиҳод олиб борган буюк уламоларнинг барчаси раҳбарга итоат қилишни Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш сингари фарз ҳисоблаган. Шундай уламолардан бири Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ қуйидагиларни ёзган: “Имомларимиз ва раҳбарларимиз бизга зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб билмаймиз. Улардан ҳеч бирини қарғаб дуо қилмаймиз. Уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз. Модомики, гуноҳ ишга буюрмас эканлар, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳақларига салоҳият, тавфиқ ва саломатлик сўраб дуо қиламиз” (“Ақидатут Таҳовий”).

Соф ислом йўлидан юраман, деган мусулмон ҳукуматнинг қонун доирасидаги бирон бир қарори ёқмаган тақдирда ҳам унга бўйсунишдан бош тортмайди, жамиятдан ажралиб олмайди, халқ тинчлигини бузиб, давлатга қарши ҳаракатларга қўшилмайди, бошлиқлар ортидан иғво қилмайди, қарғамайди, фитна қўзғамайди. Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг йўли ҳисобланмиш аҳли сунна ақидаси таълимотига кўра, тинч аҳоли томонидан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам, итоат қилиш, амридан бўйин товламаслик лозим. Чунки раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг муҳим масалаларидан биридир!

Ҳанафийларнинг буюк фақиҳларидан бири Имом Сарахсий Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳнинг “Ас-сиярул кабир” асарини шарҳлашда бошлиққа итоат қилиш вожиблигини, агар гуноҳ ишга буюрса, итоат қилинмаслигини, балки сабр қилиб, унга қарши қурол кўтаришдан тийилиш лозимлигини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини далил сифатида келтирган: “Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки ким подшоҳ қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилиятда ўлади” (Имом Бухорий, Муслим, Доримий ва Аҳмад ривоят қилган). Буюк ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳнинг: “Имом фосиқлиги ва зулми туфайли ишдан четлатилмайди” (“Ал-ақоидун Насафия”), деган сўзлари ҳам юқоридаги фикримизни қувватлайди.

Тўғри йўлда яшаб ўтган тўрт халифа давридан кейин келган раҳбарлару амирлар орасида зулм кенг тарқалган. Салафи солиҳлар, яъни исломнинг дастлабки уч асрида яшаб ўтган саҳобалар, тобеинлар ҳамда улардан кейинги зотлар уларга қарши қўзғолон қилиб чиқиш фикридан узоқ бўлган. Ислом тарихида мусулмон раҳбарга қарши исён кўтариб чиққан илк тоифа “хаворижлар” бўлиб, улар Али розияллоҳу анҳунинг халифалигини тан олмай, унга қарши чиққан. Бугун мўмин-мусулмонларни ўз раҳбарларига қарши исён кўтаришга даъват этаётган баъзи бир кимсалар ёки тоифалар айнан мазкур “хаворижлар”нинг маънавий издошларидир, деб айта оламиз.

Хўш, нима учун ислом динида раҳбарга қарши чиқиш ёки инқилоб қилишга рухсат берилмаган. Чунки инқилоб йўли билан раҳбарни четлатиб, ўрнига бошқасини қўйиш ортида мусулмонлар орасида низо ва қон тўкилишлар содир бўлиши эҳтимоли жуда каттадир. Негаки, ҳокимият, ижро органлари, ҳукумат қўшинлари ва кучли қуролланган кўпсонли қўшин унинг ихтиёрида бўлади. Барчамизга маълумки, яқин ўтмишда араб диёрларида содир этилган рангли ва рангсиз инқилоблар ўша юртларнинг фуқароларига улар орзу қилган ҳаётни олиб келмади. Мамлакатнинг табиий бойликлари ва фуқароларнинг пешона тери эвазига барпо этилган бир-биридан обод ва кўркам шаҳарлар харобаларга айлангани, тараққиётда бир неча ўн йиллаб орқада қолиб кетгани қолди, холос.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ўзини Аҳли сунна вал жамоа ақидасида деб билган ҳар бир мўмин-мусулмоннинг барча амаллари динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши керак. Исломнинг энг забардаст уламолари, аввалгилари ҳам, ҳозиргилари ҳам, раҳбарга қарши инқилобларни жоиз билмаган экан, биз ҳам уларнинг йўлларидан бориб, ўзимизни ислоҳ қилишимиз, дунё ва охиратимиз учун фойдали бўлган ишлар билан машғул бўлишимиз, қолаверса, салоҳият, тавфиқ, ҳидоят, омонлик тилаб раҳбарларимиз ҳаққига дуойи хайрлар қилиб юришни афзал билишимиз лозим. Манфаатдор кучлар тарафидан ранг-баранг ва жилвали номлар остида амалга ошириладиган инқилобларга динимизнинг муносабатини билишни истасак, ижтимоий тармоқлар ва бошқа номаълум ОАВларда ўтириб олган “шайх”ларнинг нутқларига эмас, бир неча асрлардан буён ўзининг ҳақ ва тўғрилигини исботлаб келаётган буюк алломаларимизнинг асарларига қулоқ соладиган бўлсак, албатта, энг тўғри ишни қилган бўламиз.

Алоуддин НЕМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Илмий меросга замонавий нигоҳ: Марказда халқаро тадқиқотчилар тақдимоти

Айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари Данияр Иссабеков “Ҳанафий …