Қуйида Туркиянинг “SANATKıbrıs” газетасида чоп этилган мақоланинг тўлиқ таржимаси келтирилмоқда. Хулоса ва таассуротларни ўқувчининг ўз ҳукмига ҳавола қиламиз.
Нисо Йилмаз
Илм устунларида юксалган цивилизация: Бухорий давридан бизнинг кунларгача
Самарқанд…
Ипак йўлининг ҳорғин карвонларига соя берган миноралари, илм устунларида юксалган мадрасалари билан асрлар давомида тафаккур юрагини жунбушга солиб келган маскан. Бу тошларга ганчланган ҳикматлар ери, замонларнинг ғуборларини илм билан аритган буюк қалб эгаларининг тупроғидир. Қадим Самарқанд бағрида юлдуздек порлаб турган исмлардан бири – Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Имом Бухорийнинг “Жомеус саҳиҳ” асари шунчаки ҳадис тўплами эмас; балки ўта пухталик билан бунёд этилган интеллектуал тузилмадир. Юз минглаб ҳадисларни ёд олган, ҳар бир ривоятни қалб тарозусига солган Бухорий ишончлилик тушунчасига янги мезон олиб кирди. У илм виждон билан уйғунлашганда абадийликни вужудга келтиришини кўрсатиб берди.
Ҳадис методологиясида инқилоб
Бухорийнинг саҳиҳ ҳадисларни саралаб олиш услуби унинг илмий пухталиги ва юксак масъулиятини ёрқин ифода этади. Ўзи ривоят қилган ҳадисларнинг ривоят занжирларини диққат билан ўрганган; У ровийларнинг ишончлилигини теран синчковлик ўрганиб, фақат хотираси кучли бўлган ҳалол ва ростгўй кишиларнинг ривоятларини олган. Унинг ҳадисшунослик илми ривожига қўшган ҳиссаси фақат тинимсиз машаққатли меҳнатни англатмайди, балки юксак маънавий-ахлоқий аҳамияти билан ҳам беқиёсдир. Чунки ҳадиснинг саҳиҳ деб ҳисобланиши учун ровийлар силсиласининг узлуксиз бўлиши етарли эмас. Ривоят занжиридаги кишилар ҳақиқатан бир-бири билан учрашган, ҳалол-покиза ва кучли қувваи ҳофизага эга бўлиши керак (унинг ҳадисни саҳиҳ деб қабул қилиш шартлари 15 бўлимдан иборат бўлган, бошқа муҳаддисларники 10-11 тадан ошмайди – ИБХИТМ). Шу жиҳатдан “Саҳиҳул Бухорий” нафақат ҳадисшуносликдаги адабиёт манбаларининг, балки башарият онг-тафаккурининг дурдоналаридан биридир.
Бугунги руҳият: Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази
Имом Бухорийнинг илмий мероси 2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилиши билан қайта тиклана бошлади. Бу Марказ нафақат алломанинг меросини ўрганяпти, балки уни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда илмий шарҳ ва изоҳлар билан талқин қилиб, янги авлодга тақдим этяпти. Ўзининг рақамлаштирилган архивлари, нодир қўлёзмалар фонди, классик матн тўпламлари ва замонавий академик инфратузилмаси билан Марказ тадқиқотчилар учун ноёб имкониятлар яратиб бермоқда. Ҳадис илми, ислом тарихи, Имом Бухорий ва бошқа алломалар меросини ўрганиш бўйича амалга ошираётган лойиҳалари, шунингдек, халқаро симпозиумлар, онлайн тренинглар ва маданий тадбирлар ташкил этиш орқали ўз мақсад ва вазифалари кўламидан анча кенг бўлган миқёсда фаолият кўрсатмоқда.
Глобал таъсир: Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам Бухорий
Имом Бухорийнинг таъсири фақат ислом олами географияси билан чекланиб қолмайди. “Жомеус саҳиҳ” Принстондан Қоҳирагача, Теҳрондан Куала-Лумпургача ёйилган кўплаб илмий марказларда ўрганиляпти, юзлаб докторлар учун илмий изланиш мавзуси бўлиб қоляпти. Бу асар шунчаки ҳадис тўплами эмас, балки ялпи ишончлилик ва интеллектуал адолатнинг рамзи ҳисобланади. Шу тариқа бу асар турли маданиятлар ўртасида билим робитаси бўлиб хизмат қилишда давом этяпти, Шарқ ҳам, Ғарб ҳам бирдек бош урадиган умумий илмий мурожаат марказига айланди.
Самарқанд: Тошларга ганчланган ҳикматлар
Бугун Самарқанд нафақат Имом Бухорийнинг, балки бутун бир етук цивилизациянинг ҳам илмий рамзи саналади. Бу шаҳар файласуфлар, математиклар, ҳакими ҳозиқлар ва тасаввуф намояндаларининг ҳам ватани бўлган. У Ўрта Осиёдан Андалусиягача бўлган тафаккур томирини озиқлантирган. Қадамжолари ва мадрасалари билан гўё осмон остидаги кутубхонадек. Бу муҳит нафақат ўтмишдан сўйлайди, балки келажакни ҳам барпо эттиради.
Рақамли асримизнинг бетартиб ахборот гирдобларида ўз йўлини топишга қийналаётган ҳозирги ёшлар Имом Бухорийнинг илмий меросидан энг ишончли йўл-йўриқларни топиши мумкин. Манбаи мавҳум, тасдиғи мушкул маълумотлар денгизига ғарқ бўлиш ўрнига ахборотни чиғириқдан ўтказишга қодир бўлган, теран фикрлашга ундайдиган, ахлоқий асосларга таянадиган тафаккурни шакллантириш бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур. Имом Бухорийнинг илмга ёндашуви аслида бир умрлик ҳаёт фалсафасини тақдим этади. Балки Самарқандда қад ростлаган бу янги авлод (энг илғор – тарж.) тадқиқот маркази шунчаки илмий муассасалардан бири эмас, аслида соғлом онг-тафаккурнинг сўнгги таянчларидан биридир.
Барча даҳолар каби Имом Бухорий ҳам ҳаётлик даврида етарлича ардоқланмаган аллома эди. Вафотидан кейин сўнг асрлар оша нур таратиб турадиган юлдузга айланди. Бугун Самарқанд осмонида унинг юлдузи яна порламоқда.