Home / АЛЛОМАЛАР / ЎРТА АСРЛАРДА РАЗМОЗ ҚИШЛОҒИДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

ЎРТА АСРЛАРДА РАЗМОЗ ҚИШЛОҒИДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан юксак даражада ривожлангани боис илм-фан ривожининг олтин даври деб эътироф этилган. Айнан шу даврда Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Шош, Фарғона ва Марғинон каби узоқ тарихга эга кўҳна ва навқирон шаҳарлар ҳамда улар атрофида жойлашган Дабусия, Афшона, Замахшар, Кушония, Иштихон, Соғарж, Хушуфағон, Размоз каби шаҳар, қўрғон ва қишлоқлардан ҳам минглаб алломалар етишиб чиққани барчага маълум. Улар илм-фаннинг тиббиёт, астрономия, жуғрофия, философия, математика, адабиёт каби табиий ва ижтимоий ҳамда тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ каби диний илмлар ривожига беназир ҳисса қўшган. Ўзининг кўҳна ва қадимийлиги билан тарих саҳифаларидан ўрин олган қишлоқлардан бири “Размоз”дир.

Манбаларда қайд этилишича, “Размоз” Самарқанд воҳасидаги Иштихон ва Кушония оралиғида жойлашган бўлиб, Самарқанд билан унинг оралиғи етти фарсах масофани ташкил этган[1]. Ўрта асрларда бу қишлоқдан кўплаб алломалар етишиб чиққан.

Абу Бакр Размозий (ваф. 987 ёки 989 й.). Унинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Жобир ибн Қарқон ибн Водеъ Размозий Сўғдийдир[2]. Аксар манбаларда Абу Бакр Размозий деб қайд этилган. У ўз даврининг зодагони ва ер эгаси бўлиб, тижорат билан ҳам шуғулланган. Ёқут Ҳамавийнинг “Муъжамул булдон” китобида келтирилишича Абу Бакр Размозий ҳадис бўйича асосий таълимни Ҳасан ибн Соҳиб Шоший, Абу Наъим Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Адий Астарбозий ва Зоҳир ибн Абдуллоҳ ибн Хусайн Сўғдий каби устозлардан олган ва улардан ҳадислар ривоят қилган.

Ўз навбатида, Абу Бакр Размозийдан ўз даврининг етук ровийлари бўлмиш ҳофиз Абу Саъд ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад Идрисий ва Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шоҳин Шоҳиний Самарқандий[3]лар ҳадис тинглаган ва ривоят қилган. Жумладан, Абу Саъд ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад Идрисий: “Мен Абу Бакр Размозийдан эшитган ҳадисларнинг ҳаммаси ҳасан эди”, деган.

Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” китобида қайд этилишича, Абу Бакр Размозий 377/987 ёки 379/989 йилда вафот этган[4].

Сулаймон Размозий. Алломанинг тўлиқ исми Сулаймон ибн Довуд ибн Муҳаммад Размозийдир. У бошланғич таълимни туғилиб ўсган қишлоғи Размозда олган. Кейинчалик Бухоро ва бошқа шаҳарларга бориб, у ердаги олимлардан ҳадис ўрганган ва замонасининг ишончли ровийси бўлиб етишган. Сулаймон Размозий Сарбул файий деган жойда қози лавозимида ҳам фаолият олиб борган.

Нажмиддин Умар Насафийнинг “Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд” асарида унинг Жамолиддин Абу Наср Аҳмад ибн Абдураҳмон Бухорийдан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси келтирилган: Сулаймон Размозий: “Бизга қози, имом Жамолиддин Абу Наср Аҳмад ибн Абдураҳмон Бухорода хабар берди”, – деди. У: “Бизга шайх, имом Шамсулаимма Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоний раҳматуллоҳи алайҳ хабар берди”, – деди. У: “Бизга имом Абу Али Ҳусайн ибн Назр Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис айтди, – деди”. У: “Бизга Абу Ёқуб Юсуф ибн Бакр ибн Абдуллоҳ ҳадис айтди”, – деди. У: “Бизга Ҳайсама ибн Сулаймон ҳадис айтди”, – деди. У: “Бизга Аҳмад ибн Фарж эса Муҳаммад ибн Саъид Тоифийдан, у эса Ибн Журайждан, у эса Аътодан, у эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтди”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан уч тоифа кишилар иблис ва унинг аскарларидан ҳимоялангандир: эртаю кеч Аллоҳни ёд (зикр) этадиганлар, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқиб йиғлайдиганлар ва саҳарда истиғфор айтадиганлар”, – дедилар.

Нажмиддин раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисни назмга солиб бундай деган экан:

Малъун Иблис ва унинг аскарларининг ёмонлигидан,
Уч тоифа кишилар ҳимояланган, бу келган хабарларда.
Аллоҳни зикр қилувчи ва йиғлагувчи қўрқиб Аллоҳдан,
Ҳамда Аллоҳга дуо қилувчи саҳарларда[5].

Абу Исҳоқ Размозий. Унинг тўлиқ исми Абу Исҳоқ Иброҳим Занун Диҳқон Размозийдир. У аксар манбаларда Абу Исҳоқ Размозий номи билан қайд этилган. У ҳадис борасида Абу Салим Аъло ибн Маслама ва Маҳмуд ибн Хаддош Толиқонийлардан таълим олган ва улардан ҳадис ривоят қилган.

Ўз навбатида, Абу Исҳоқ Размозийдан Абу Амр Муҳаммад ибн Исҳоқ Усфурий ва Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Самарқандий каби алломалар ҳадис ўрганган ва ривоят қилган[6].

Абу Муҳаммад Размозий. Абу Муҳаммад Размозий Сўғдий ҳам ўз замонасининг ҳадис ровийларидан бўлган. У устози Абу Исҳоқ Касийдан ҳадис ўрганиш ва ривоят қилиш борасида таълим олган ва ундан ҳадислар ривоят қилган.

Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” асарида келтирилишича Абу Муҳаммад Размозийдан Муҳаммад ибн Каром каби ровийлар ҳадис ривоят қилган[7].

Абу Абдуллоҳ Размозий.  Абу Абдуллоҳ Размозий Сўғдий Самарқандий ҳам ўз замонасининг таниқли ҳадис ровийларидан бўлган. Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” китобида келтирилишича Абу Абдуллоҳ Размозий асосан Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Рабанжанийдан ҳадис ривоят қилиш метод[8]ларини ўрганиб, ундан ҳадислар ривоят қилган.

Ўз навбатида Юсуф ибн Маъруф Иштихоний каби ровийлари Абу Абдуллоҳ Размозийдан ҳадислар ривоят қилган[9].

Юқорида келтирилган маълумотлардан илмий хулоса олинадиган бўлса, Ўрта асрларда Размоз қишлоғида ҳам ўзига хос ҳадис мактабига асос солиниб, ҳадислар санадини чуқур ўрганадиган ровийлар фаолияти кенг ривожланган. Кўриниб турибдики, минтақанинг бошқа жойларидан кўплаб алломалар илм ўрганиш мақсадида Размозга келган. Бунинг натижасида Размоздан кўплаб ҳадис ровийлари етишиб чиқиб, ҳадис ва санад илми равнақига катта ҳисса қўшган.

Албатта, бу мухтасар мақола Ўрта асрларда Размозда туғилиб ўсган ва фаолият олиб борган барча алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини акс эттирмайди. Унда араб манбаларида қайд этилган баъзи маълумотлар келтирилди, холос. Шу боис Размоз қишлоғи тарихи ва у ердан етишиб чиққан алломалар ҳаёти ва илмий ижодини ўрганиш бўйича кенг қамровли илмий изланишлар олиб бориш долзарб масала бўлиб қолаверади.

[1] Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж. 5. – Байрут, 1979. – Б. 454.
[2] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 3. – Байрут. – Лубнон, 1998. – Б. 60.
[3] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 3. – Байрут. – Лубнон, 1998. – Б. 390;
[4] Қаранг: Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 6. – Байрут. – Лубнон, 1998. – Б. 122; Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Муъжамул булдон. Ж. 5. – Байрут, 1979. – Б. 454
[5] Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд. – Теҳрон, 1999. – Б. 225.
[6] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 6. – Байрут. – Лубнон, 1998. – Б. 122
[7] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 6. – Байрут. – Лубнон, 1998. – Б. 122
[8] Метод сўзи  юнонча “metodos” сўзидан олинган бўлиб, билиш ёки тадқиқот йўли, назария, таълимот деган маъноларни англатади. Яъни воқеликни амалий ва назарий эгаллаш, ўзлаштириш, ўрганиш, билиш учун йўл-йўриқлар, усуллар мажмуаси, фалсафий билимларни яратиш ва асослаш усули.
[9] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 6. – Байрут, 1998. – Б. 122
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХОРАЗМНИНГ ИЛК РОВИЙЛАРИ

Уйғониш даври тарихини ўрганиш жараёнида шу нарсага амин бўламизки, Хоразм ўлкаси VIII асрдан мусулмон дунёсига …