Home / МАҚОЛАЛАР / МАЗҲАБДА БЎЛИШ ВОЖИБ

МАЗҲАБДА БЎЛИШ ВОЖИБ

Ислом оламида кўп асрлардан буён фаолият юритиб келаётган ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий ва моликий мазҳабларининг ҳақ эканига мусулмон олимлари ижмо қилган. Улар мазкур мазҳабларнинг фатволари Қуръон ва суннатга таянишини бир овоздан тасдиқлаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга икки нарсани қолдиряпман. Уларни маҳкам тутсангиз, ҳаргиз адашмайсиз. Бири Аллоҳнинг китоби, иккинчиси менинг суннатимдир”, деганлар.

Тўрт мазҳаб асосчилари Қуръон ва ҳадислардан ҳукмларни истинбот[1] қилиш усули билан мусулмонларнинг кундалик ҳаётида юзага келадиган фиқҳий саволларга жавоб топишга ҳаракат қилган.

 Аллоҳ таоло: “Уларга омонлик ёки хавф-хатарга оид хабар келганда, уни тарқатиб юборади. Улар уни Расулга ва ўзларидан бўлган иш бошқарувчиларга топширганида, истинбот қиладиганлари уни билар эди. Сизларга Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлмаганда, кўпчилигингиз шайтонга эргашиб кетардингиз”, деган (Нисо, 83-оят).

 Оятда мужтаҳид бўлмаганларни Қуръон ва ҳадислардан ҳукмларни чиқариб олиш усулларини яхши биладиганларга эргашишга чақирилмоқда. Бу мазҳабга эргашиш вожиблигига очиқ далилдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганда: “Қандай ҳукм қиласан? деганлар.У: “Аллоҳнинг китобидаги оятлар билан ҳукм чиқараман”, деган. “Аллоҳнинг китобида бўлмаса-чи?” деганлар. “Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатлари билан ҳукм чиқараман”, деган. “Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатида бўлмаса-чи?” деганлар. “У ҳолда, ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”, деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг элчисини тўғриликка йўллаган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалнинг: “У ҳолда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан” деган жавобидан хурсанд бўлиб, Аллоҳга ҳамду сано айтмоқдалар. Бундан бирор диёрдаги мужтаҳиднинг Қуръон ва ҳадисларга қиёс қилиб айтган фатволарига ўша диёр аҳли эргашиши вожиб экани маълум бўлади. Чунки Муоз ибн Жабал Яманга айнан шу мақсадда юборилган эди. Агар одамлар унинг фатволарига амал қилмаса, уни юборишдан маъно қолмас эди.

Аллоҳ таоло мусулмонлар учун раҳмат эшикларини очиб, уларнинг орасидан мужтаҳид олимларни чиқарди. Сўнг мужтаҳидлар орасидан Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва Имом Молик каби ҳар бир масалада фатво айтишга улгуриб, фиқҳий дастур тузишга муваффақ бўлганларини танлаб олиб, уларнинг мазҳабини кенг ёйди. Форс диёрлари ва Мовароуннаҳрда ҳанафий, баъзи диёрларда шофеъий, баъзисида ҳанбалий ва яна баъзисида моликий мазҳабларининг ривожланишини таъминлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Яман халқига Муоз ибн Жабал каби мужтаҳидни насиб этган Аллоҳга ҳамду сано айтганларидек, ҳар бир диёр аҳли улуғ мужтаҳидлардан бирининг мазҳабини ато этгани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиши ва Яман аҳли Муоз ибн Жабалнинг фатволарига амал қилиши вожиб бўлганидек, ҳар бир диёр аҳли ўз юртида ривожланган мазҳаб фатволарига амал қилиши вожибдир.

Ҳар бир юртда битта мазҳабга амал қилиниши мусулмонларнинг бирдамлигига хизмат қилиши тажрибадан маълум. Бирдамлик эса ислом динидан кўзланган асосий мақсадлардан биридир. Аллоҳ таоло: “Албатта, мўминлар бир-бирига биродардир. Бас, ўртангизни ислоҳ қилинг!” (Ҳужурот, 10-оят) деган. Мўминлар бир-бирига иттифоқ бўлиб яшаши вожиб экан, уларнинг битта мазҳабда бўлиши ҳам вожибдир. Чунки вожибга элтувчи нарса ҳам вожиб ҳисобланади.

Биз юқорида келтирган далиллар денгиздан томчи холос. Аммо баъзи адашган тоифалар битта мазҳабда бўлишга ҳеч қандай далил йўқ, деб даъво қилади. Улар бу билан далилни тушунмайдиган илмсиз одамларнигина алдайди. Улар тўрт мазҳабдан бирига эргашишни инкор қилиб, ўзининг мазҳабига эргашишга чақиради. Аслида, бу ҳам битта мазҳабга эргашишга чақиришдир. Аммо уларнинг мазҳаби ботил эканига барча аҳли сунна олимлари иттифоқ қилган.

[1]Қуръон ва ҳадислардан ҳукмларни чиқариб олиш усулларини яхши билиш.
Обид ХУРСАНДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИМОНДА ИСТИСНО ҚИЛИШ (“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Ким имоннинг олти рукнини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлса, у ҳақиқий мўминдир. Аллоҳ …