Home / МАҚОЛАЛАР / ХАЙРИХОҲЛИК

ХАЙРИХОҲЛИК

(Бир ҳадис шарҳи)

  1. Жарир ибн Абдуллоҳ: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тўкис адо этиш, закот бериш ва ҳар бир мусулмонга хайрихоҳ бўлишга байъат қилдим”, деди.

* * *

Бу ривоятда Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг гаплари келтирилган. Унда ислом арконларини бажариш билан бирга инсонларга хайрихоҳ бўлиш лозимлиги айтиб ўтилган.

“Хайрихоҳлик” деб таржима қилинган сўз асли араб тилида «النصيحة» [ан-насийҳату] дейилади. Шунингдек, бу сўзнинг ҳамдардлик маъноси ҳам бор.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин – Аллоҳга, унинг расулига ва мусулмонларнинг имомлари ва оммасига хайрихоҳликдир”, деганлар. Яъни у зотнинг ўзлари хайрихоҳликни тафсир қилиб, у Аллоҳ учун, Расули учун, мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва оммаси учун бўлишини айтганлар.

Аллоҳга хайрихоҳлик – Аллоҳнинг бир-у борлигига имон келтириш, Унга ҳеч кимни шерик қилмаслик, буйруқларига итоат этишдир. Ана шу ишларнинг барчаси Аллоҳга хайрихоҳлик бўлади.

Расулига хайрихоҳлик – у зотга имон келтириш, суннатларига эргашишдир.

Мусулмонларнинг имомларига хайрихоҳлик – мусулмон раҳбарлар жоиз ишларга буюрганда уларга итоат этмоқдир.

Омма мусулмонларга хайрихоҳлик эса – уларга яхши муомалада бўлиш, азият бермаслик, қўлидан келганча уларга яхшилик қилиш, уларнинг ҳаққини адо этиш кабилардир.

“Саҳиҳи Бухорий” шарҳи (2-жилд) китоби асосида тайёрланди.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …