Ургутлик Асрорхон ибн Муфтий Умархон – Муфтақир зуллисонайн шоир, мударрис, маърифатпарвар, муфтий бўлиб, кўп йиллар давомида Ургут беклигида қози вазифасида фаолият олиб борган. Қози Эшон Асрорхон 1875 йилда таваллуд топган. Бошланғич таълимни Чўбин мадрасасида олган. Ёшлик чоғларидаёқ Жомий, Навоий, Бедил, Мир Кашмирий, Муқимий ва бошқа йирик шоирлар асарини зўр эътибор билан ўқиган.
Илмга чанқоқлик Муфтақирни Бухорога етаклади. У 1891-1892 йилларда Мир Араб мадрасасига қабул қилинди. Мадрасани тугатган Муфтақир 1905 йилда Ургутга қайтади ва умрининг сўнгги кунигача “Нақшин” мадрасасида мударрислик қилади. У ўз замонасининг етук жамоат арбоби даражасига кўтарилган уламолардан биридир.
Маърифатчи Қози Асрорхон 1920-1925 йилларда Мир Араб мадрасасида ўқишни рус инқилоби туфайли тугата олмаган талабаларни Ургутга чақиртириб, уларга сабоқ беришни йўлга қўйган. Унинг ташаббуси билан “Нақшин” мадрасаси ёнида икки қаватли катта хонақоҳ қурилган. Унда 200 талабанинг яшаб, ўқиши учун имконият яратилган. Буюк маърифатпарвар Ургут мадрасаларида дарс бериш учун Бухородаги машҳур мадрасалар мударрисларини таклиф этган ва улар келиб ёшларга илм ўргатган.
XIX аср адабиёти ривожига ургутлик шоирлар ҳам муносиб ҳисса қўшган. Ургутлик адабиётшунос олим А.Абдураҳмоновнинг бу борадаги илмий тадқиқотлари диққатга сазовордир. Муаллиф ўз асарида бир неча олим ва шоирларнинг ўтмишда баракали ижод қилганини ёритиб берган. Шулардан бири ургутлик шоир ва жамоат арбоби Муфтақирдир . Шунингдек, ёзувчи Фармон Тошевнинг “Самарқандлик адиблар” номли рисоласида ҳам Муфтақир тўғрисида маълумот берилган.
Муфтақир ўз замондоши бўлган истеъдодли шоирлар Доий Уратепагий, Садри Зиё Бухорий, Васлий Самарқандий, Неъматилло Муҳтарам, Абдулла Хўжа Абди ва Таслим Қоратепагийлар билан ижодий мулоқотда бўлган. Лирик шеърларини Муфтақир, ҳажвий шеърларини эса Пашминапўш тахаллуси билан ёзган. У зуллисонайн шоир эди. Яъни тожикча ва ўзбекча (форсча-турк) шеър ёзган. Муфтақирдан икки йирик девон қолган. Лекин бу девонлар кимнинг қўлида қолгани ва қаерда экани маълум эмас.
Шунингдек, уламолардан Хатирчи туманида яшаб ўтган уламо Мулло Қодир ва баландқишлоқлик Мулло Исоқ шоир Муфтақир ҳақида қизиқарли маълумот берган. Улар шоирни доимо алоҳида бир меҳр билан эслаб, ўз устози сифатида илиқ фикр билдирган. Шоирнинг фарзанди Саид Абдулҳай Эшон бобо ҳаётлик чоғларида отасидан қолган бир рубоийни адабиётшунос олим А.Абдураҳмоновга айтиб берган:
Бу айтишув икки дўстнинг бир-бирига ниҳоятда яқин бўлганидан далолат беради.
Баландқишлоқлик Мулло Ҳусенхон бобо биз билан суҳбатда бундай дейди:
– Падари бузрукворимиз Навоий ва Бедилни ўқиб, ҳаётда ғам-ҳасратга тўлиб тошган Муфтақир шеърларининг жуда кўп қисмини ёддан билар эди. Айниқса, шоирнинг ҳазил-мутойиба шеърларини жуда шавқ билан ўқир эдики, биз ҳам уларни эшитиб завқ олганмиз. Муфтақир – серқирра ижодкор бўлиб, шоир Навоий ва Бедилга қизиқиши ниҳоятда кучли бўлган.
Муфтақирнинг ўғли Эшон Шамсиддинхоннинг гувоҳлик беришича, Ургутнинг талайгина машҳур ва зукко илм соҳиблари унинг шогирдлари бўлган. Чунончи ургутлик таниқли шарқшунос олим Қутбиддин Муҳиддинов – Қутбий, шоир Мусанниф Абдулазиз, шунингдек, Мулла Исоқ, Мулло Шариф, Мулло Шоназар, Мулло Бегбой ва Мулло Худойберди шулар жумласидандир. Қози Асрорхон Муфтақир 1926 йилда мустамлакачилар томонидан миллий-озодлик ҳаракати вакилларини қўллаб-қувватлашда айбланади. Улар халқ ҳурматига сазовор бўлган бу инсонни заҳарлаб ўлдиради. Бу, ўз навбатида, шоирнинг катта эътиборга эга эканини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан караганда, Муфтақир ургутлик иршодпаноҳ Эшон Валихон бобонинг яқин қариндоши ва шайх Муҳиддинхоннинг яқин дўсти, маслакдоши эди.
Душанбе шаҳридаги “Дониш” нашриётида чоп этилган Абдуллахўжа Абди қаламига мансуб “Тазкиратуш шуаро” асарида Муфтақир ҳақида илиқ сўзлар айтилган. Шунингдек, бундай сўзлар Неъматилло Муҳтарамнинг “Тазкиратуш шуаро” китобида ҳам келтирилган.
Мустақиллик туфайли ўтмишимизга холис ва тўғри баҳо бериш имконияти яратилди. Шу сабабдан Ургутда яшаб ўтган олимлар, уламолар ва шоирлар ижодини ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Қози Асрорхон – Муфтақир ўз фаолиятини Фаридиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Ёқуб Чархий, Хожа Аҳрор Вали, Махдуми Аъзам каби етук уламоларимиз ва уларнинг сулуклари асосида давом эттириб келган. Аммо ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига келиб бу тариқат йўли тазйиққа учради. Фақат мустақилликка эришганимиздан кейин тасаввуф ва тариқатга ҳам холис ҳамда ҳаққоний баҳо бериш асосий вазифалар қаторидан жой олди. Тарихда халқимиз юксалиш ва инқироз даврларини бошидан кечирди. Саводсизлик, ижтимоий қолоқлик, мустабидлик, илғор фикрли кишиларни ўлдириш ва китобларга ўт қўйиш каби ҳолатлар юртдошларимиз руҳини эзди.
Янги Ўзбекистондан она юрти ва жаҳон тарихига ўзгача назар билан қарайдиган, жиддий ва холис муносабатга эга, ўз Ватани тарихи ва мустақиллигидан фахрланадиган ёшлар етишиб чиқмоқда. Маълумки, ўн беш асрдан буён ислом дини меҳр-оқибат, поклик, одоб-ахлоқ, сабр-тоқатлилик таълимоти билан халқ эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. Афсуски, дин тарихида ҳам ислом таълимотини бузиб кўрсатиш ҳоллари бўлган. Аммо истиқлол шарофати билан минглаб диний мадраса, мактаб ва олий таълим муассасалари очилди.
Инқилоб босқини даврларида шароит оғирлашган, замон бирмунча нотинч, аҳолининг зиёли қатлами, саййид ва эшонлар, муллалар қаттиқ таъқиб остига олинган эди. Ана шундай кишилардан бири Умархожа ўғли Муфтақир бўлиб, у бу даврда Ургутнинг етук уламоси, шоири, Улуғбек мадрасаси мударриси ва барча ургутликлар қатори ўз қишлоғи тақдири учун босқинчиларга қарши курашда фаол иштирок этган ҳамда раҳбарлик қилган кишилардан биридир.
Мустақиллик шарофати билан бугунги кунда туманнинг барча гўшалари қайта чирой очмоқда. Ўз қадриятларимизни тиклаш учун Муфтақирдек таниқли юртдошимизнинг номини абадийлаштириш, қолдирган шеърий девонларини излаб топиш ва нашр қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу эса, адабиётшуносларимиз олдидаги долзарб вазифалардан биридир.
-
Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008.
-
Ўзбекистон уламолари. Тузувчилар: Х.Йўлдошхўжаев, И.Қаюмова. – Т.: Мовароуннаҳр, 2015.
-
Абдуллохожа Абди. Тазкиратуш шуаро. Камол Айний таҳрири остида. 1951.
-
Неъматулло Мўҳтарам. Тазкиратуш шуаро. Камол Айний таҳрири остида. 1951.
-
Остонақулов И., Абдуаҳатов Н., Тошқулов А. Бир умр достони. – Т.: Мумтоз сўз, 2013.
-
Чориев А. Ҳазрати Султон тарихи ва Ҳазрати Башир маноқиби. – Т.: Шарқ, 1996.
-
Зоти бобаракот – Шайх Қутбиддин Ургутий. Тузувчи. Филология фанлари доктори, профессор М.Муҳиддинов. – Т.: Тамаддун, 2020.
-
Турдиев Ш. Қисмат. Ҳидоят журнали. 2007 йил 9-сон. – Б.26-27.
-
Респондент: Шамсиддин ота Асрорхонов – Ургут.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






