Home / ЯНГИЛИКЛАР / АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижобий ўзгаришларни эътироф этди

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижобий ўзгаришларни эътироф этди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ахборотига кўра, 2018 йили дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича вазият ҳақидаги йиллик маърузада (2019 йил 13 март куни чоп этилган) АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари юзасидан аҳвол кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этган.
 
Хусусан, жиноий одил судлов, суд жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, айбловчи далиллар базасидан фойдаланишга ҳимоячи томонига кенгроқ изн берилиши натижасида оқловчи қарорлар сони кўпайгани холис баҳоланган.
 
Ҳужжатда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги, қийноқлардан ҳамда бошқа муомала ва жазонинг ноинсоний ёки шахсни камситувчи турларидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилгани айтилади. Шу билан бирга, мамлакатимизда сўз эркинлигини кучайтириш чора-тадбирлари доирасида матбуот эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ вазият яхшилангани тилга олинади.
 
Маърузада диний экстремизмда гумонланган минглаб шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рўйхатидан чиқарилгани, шунингдек, кўплаб афв этиш ҳолатлари ва уларнинг ижтимоий мослашувига қаратилган дастурлар алоҳида қайд этилган.
 
“Human Rights Watch” маълумотларига асосланиб, ”Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақтдан бери илк маротаба журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари қамоқхоналарда қолмагани” таъкидланган.
 
Ҳужжатда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича қабул қилинган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.
 
Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат департаментининг 2018 йилдаги баёнотларида бир неча бор эътироф этилган.
 
Ўтган йил декабрь ойида АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасидаги алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхатидан” чиқариш тўғрисидаги қарори мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларининг яна бир муҳим эътирофи бўлди.
Манба: ЎзА

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …