Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҚУРБОНЛИК — ИБОДАТ

ҚУРБОНЛИК — ИБОДАТ

Аллоҳ таоло барча инсонларни Ўзигагина ибодат қилишга буюради. Чунки ибодат — Унга қурбат (Яратганга яқинлик) ҳосил қилиш, Унинг розилигини топиш учун бир восита. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи молиявий ибодатлардан бири қурбонлик бўлиб, у ҳар йили бир вақтда, яъни ҳижрий ҳисоб билан Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни — Қурбон ҳайити кунлари қилинади. Қурбонликнинг моҳияти Аллоҳга бандалик қилган ҳолда, унинг неъматлари учун шукрона этмоқ ва фидокорлик қилмоқдир.

Қурбонликнинг тарихи Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг ўғли Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалади. Ҳазрати Иброҳим бир куни тушида ўғли Исмоилни қурбонлик қилаётганини кўради — бу илоҳий ваҳий эди. Ҳазрати Иброҳим аҳволни, яъни кўрган тушини ўғлига айтади. Ўғли Исмоил ҳам аҳволни тўғри тушуниб, бунга тайёр, рози эканлигини билдиради. Ҳазрати Иброҳим ўғли Исмоилни қурбонлик қилишга тайёрланаётганда Аллоҳ таоло уларнинг бу самимияти ва итоати сабабли Исмоилнинг ўрнига жаннатдан бир қўйни эваз қилиб берди. Ҳазрати Иброҳим Исмоилнинг ўрнига шу қўйни қурбонлик қилди. Аллоҳ таоло бу борада Қуръони каримнинг «Ас-Соффат» сураси 102-111-оятларида шундай марҳамат қилади:

«Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?» — деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан».

«Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида биз унга нидо қилдик: «Эй, Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз».

«Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир», «Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик». «Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик».

Қурбонлик луғатда «яқинлашмоқ», «қурбат ҳосил қилиш» маъносини англатса, истилоҳда эса Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий қурбат — яқинлик ҳосил қилиш мақсадида тури, ёши ва бошқа васфлари динимиз белгилаган ҳайвон (жонлиқ)ни сўйиш ва муҳтожларга тарқатишдир.

Ислом динида қурбонлик ҳижратнинг иккинчи (милодий 624) йили Мадинада машруʼ қилинган. Қурбонлик қилиш бой — қарзи ва яшаётган уйи ва зарурий эҳтиёжидан ташқари закот нисобига етарли маблағ (20 мисқол (80.18 грамм) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки мол)га эга ва муқим бўлган (ўз элида доимий яшаётган) ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб амал ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай марҳамат қилганлар: «Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили қурбонлик лозимдир», деганларини эшитдим», деди (Имом Термизий ривояти).

Қурбонликнинг фазилати ҳақида бир қанча ҳадисларни келтириш мумкин. Жумладан, бир ҳадисда қурбонликнинг қони ерга тушиб улгурмасдан қурбонлик қилаётган кишининг гуноҳлари мағфират қилиниши ҳамда қурбонлик қилинаётган ҳайвоннинг жунлари миқдорича савобланиши башорат қилинган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: «Туринг ва бориб қурбонлигингизга гувоҳ бўлинг. Унинг қонининг биринчи томчиси томиши билан сизнинг ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинур», дедилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу (қурбонликнинг қонининг биринчи томчиси томиши билан гуноҳларнинг мағфират қилиниши) биз — аҳли байтга хосми ёки биз ва мусулмонларга умумийми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ. Барча мусулмонларга умумийдир», дедилар.

Шу боис улуғларимиз қурбонлик қилишнинг савоби улуғ ва фазилати юксаклигидан вожиб бўлмаса ҳам, киши бир қўйни сўйишга қодир бўлса, қурбонлик қилса яхши бўлади, деб айтишган.

Қурбонлик учун сўйишга беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, олти ойликдан ошган қўй ва бир ёшли эчки ярайди. Хўроз, товуқ, курка ва ғоз каби уй паррандалари ҳамда гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар қурбонлик учун сўйишга ярамайди.

Қўй ва эчкини бир киши, туя ва қорамолни эса бир кишидан етти кишигача бирлашиб, барчаси қурбонлик нияти билан сўйса бўлади. Қурбонлик қилинган ҳайвон гўшти, ёғи, териси ва бошқа нарсалари сотилмайди. Лекин киши уларни ихтиёрий равишда бировларга бериши ёки оиласи учун ишлатиши мумкин. Агар тери сотилса, қиймати садақа қилинади.

Қурбонлик учун танланган жонлиқ ўта озғин, сўйиш жойигача юриб бора олмайдиган ҳолдаги

чўлоқ, кўзи кўр, қулоғи, шохи ёки думининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесиб ташланган бўлса қурбонликка ярамайди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас — ғилайлиги, беморлиги, чўлоқлиги очиқ-ойдин бўлган ҳайвон ва мияси айланиб қолган ҳайвон» деб марҳамат қилганлар.

Қурбон ҳайити куни ҳайит намозининг ўқиб бўлиниши қурбонлик сўйиш вақтининг бошланишидир. Бунга қуйидаги оят ва ҳадислар далил бўлади:

Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасининг 1,2-оятларида шундай марҳамат қилади: «Албатта, Биз Сенга Кавсарни бердик. Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй».

Оятда аввал ҳайит намозини ўқишга буюрилиб, сўнг қурбонлик қилишга амр қилинмоқда.

Шунингдек, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба айтиб: «Албатта, бугун (ҳайит куни) биринчи бўлиб қиладиган ишимиз — намоз ўқимоқ, кейин эрса, бориб қурбонлик қилмоқдир. Кимки шундай қилса, бизнинг суннатимизни бажо келтирибди!» деганлар».

Қурбонликни Ҳайит намози ўқиб бўлингандан бошлаб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботгунга қадар сўйиш мумкин. Бироқ ҳайитнинг биринчи куни сўйган афзал.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг кўрсатмасига мувофиқ, бомдод намозини адо қилгандан сўнг, то қуёш чиққунга қадар зикру тасбеҳлар билан машғул бўлиб, қуёш чиқиб, бироз кўтарилгач (қуёш чиққанидан 15-20 дақиқадан сўнг), зуҳо намозини адо қилгандан кейин қурбонликларимизни сўйсак, бир нечта суннат ва мустаҳабларни адо қилган бўламиз.

Агар қурбонликни сўйиш қўлидан келса, қурбонлик қилаётган кишининг ўзи сўяди. Қўлидан келмаса, қўлидан келадиган кишига сўйдиради ва ўзи ёнида қурбонлик қилинаётган ҳайвонга қўлини теккизиб, қурбонлигининг қабул бўлишини сўраб дуо қилади. Сўйган кишига хизмат ҳақи сифатида қурбонлик гўштидан (териси ва бошқа нарсаларидан) бериш жоиз эмас. Унга пул бериб, рози қилинади.

Қурбонлик гўштининг учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини келган меҳмонларга пишириб бериш ва учдан бирини кейинчалик ейишга олиб қолиш мустаҳаб. Агар қурбонлик қилувчи серфарзанд бўлса, садақа қилиш ўрнига ҳаммасини оиласи эҳтиёжи учун қолдирса ҳам бўлади.

Қурбонликнинг ахлоқий ва иқтисодий аҳамияти ҳам катта. Қурбонлик гўштининг бир қисмини моддий имконияти чекланган, ночор оилаларга, етим-есирларга берса, уларнинг ҳам қозони қайнайди ва хонадонига хурсандчилик киради. Албатта, бу хайрли иш орқали қурбонлик қилган киши яна бир бор улкан ажр-савобга эга бўлади.

Муҳими, бу хайрли иш жамиятдаги ижтимоий ёрдам ва бирдамликнинг гўзал намуналаридан бири ҳисобланади.

Йўлдошхон ИСАЕВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

Check Also

“Маърифат карвони” — маънавиятнинг нурли йўлида

“Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот лойиҳаси доирасида 5 декабрь куни Қашқадарё, Навоий, Андижон ва …