Home / МАҚОЛАЛАР / МИЛЛАТЛАРАРО БАҒРИКEНГЛИК МАДАНИЯТИНИНГ ЁШЛАР ТАРБИЯСИДАГИ ЎРНИ

МИЛЛАТЛАРАРО БАҒРИКEНГЛИК МАДАНИЯТИНИНГ ЁШЛАР ТАРБИЯСИДАГИ ЎРНИ

Янги Ўзбекистон тараққиёт даражаси миллатлараро бағрикенглик маданияти ва мамлакат ёшларининг маънавий қиёфаси билан белгиланади. Давлат ва миллат келажаги ёрқин бўлиши учун, аввало, уни барпо этувчилари ҳам жисмонан, ҳам маънавий соғлом бўлиши лозим. Инсоният тараққиётидан маълумки, ҳар бир шахс, жамият, миллат ва давлат ўз келажагини ёш авлод тарбияси билан боғлаган. Бу борада халқимиз азалдан илм-фанни ривожлантириш, ёш авлодни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ва фарзандлар тарбиясига катта эътибор қаратган. Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ давлатимиз томонидан ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратилди. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг «Биз бугун ёш авлод тарбиясига ҳар қачонгидан ҳам кўра катта аҳамият бермоқдамиз. Бизнинг энг катта ишончимиз, мадад-таянчимиз – бу ўсиб келаётган ёш авлодимиздир», деган фикрлари бунга яққол мисол бўла олади [4:256].

Бугунги кунда ёшларда диний бағрикенглик маданиятини шакллантириш устувор аҳамият касб этади. Кишилик ижтимоий-тарихий тараққиётидан бизга маълумки, ҳеч қайси дин инсонларни ёмон йўлга бошламаган. Жумладан, Ислом дини бу дунёнинг ўткинчи эканини эслатиб турувчи дин бўлиб, инсонларни ҳушёр, ҳалол ва пок бўлишга ундаган.

Ёшларда диний бағрикенглик тамойиллари асосида меҳр-оқибат, ор-номус, орият ва иззат-эҳтиром каби инсоний эзгу фазилатларни шакллантириш муҳимдир. Диний бағрикенглик халқ маънавияти ва маърифатининг юксалишига катта ҳисса қўшиб келган. Шунинг учун диний бағрикенглик миллий ва умуминсоний қадрият сифатида эътибор марказимизда туриши лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатлараро бағрикенглик маданияти масаласига асосий эътиборини қаратиб, шундай дейди: «Биз Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга маҳкам бел боғлаган эканмиз, бу улуғ ишни эртага эмас, бугун бошлашимиз, бунинг учун аввало навқирон ёшларимизга зарур шароитларни айнан бугун яратиб беришимиз керак» [1:387].

Маънавий баркамол инсон тарбияси давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда таълим-тарбия жараёнида шахснинг маънавий, ахлоқий, эстетик, ҳуқуқий ва миллатлараро бағрикенглик маданияти масалаларига эътибор кучайтирилмоқда. Тарихдан маълумки, жамият ва давлатда миллатлараро тотувлик, ахлоқий бағрикенглик ғояларининг моҳиятини фуқароларнинг барчаси яхши англаб олиши асосида турли таҳдидлар ва бўҳтонларнинг олди олинади. Шунинг учун мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли миллат вакилларига тенг имконият яратиш, айниқса, диний бағрикенглик давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўриш мумкин. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузалари ва халқ билан учрашувларида ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, миллатлар ва динлараро тинчликни таъминлаш, бағрикенглик муҳитини қўллаб-қувватлаш асосий тамойил сифатида илгари суриб келинмоқда. «Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик халқимизга доимо хос бўлган. Унинг менталитети асосини ташкил этади» [2:295]. Бугунги кунда ёшлар мамлакатимиз аҳолисининг 60% ни ташкил этмоқда. Бу катта куч эканини яхши биламиз. Шунинг учун ёшларда бағрикенгликни шакллантириш ва уларни маънавий-ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда ёшлар тафаккурида миллатлараро бағрикенглик маданияти ва демократик тараққиёт ривожига хос дунёқарашни ривожлантириш долзарб вазифалардан биридир.  Миллатлараро бағрикенглик маданияти ахлоқий муносабатлар ижтимоий муҳитининг таркибий қисми бўлиб, ёшларнинг миллатлараро бағрикенглик маданиятини ўзлаштириши ҳамда унга амал қилиши учун пойдевор вазифасини ўтайди. Миллатлараро бағрикенглик маданиятининг ривожланиши ахлоқий муносабатлар билан боғлиқ ҳисобланади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганидек: «Бизнинг кейинги йилларда эришган энг катта ютуғимиз – бу умумий хонадонимизда қарор топган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувликдир» [5:9]. Бугунги кунда жамият ҳаёти ва кишилар турмуш тарзини яхшилаш учун зарур иқтисодий, маънавий тушунча ва қадриятларни ёшларга таълим жараёнида сингдириш мумкин.

Дунё тажрибасидан бизга маълумки, давлатнинг барқарорлиги давлатда яшаётган миллатларнинг бирдамлиги, миллатлараро муносабатлардаги турли муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ. Бугунги кунда дунёда турли низолар кучайиб бораётган бир шароитда миллатлараро бағрикенглик маданиятини ёшлар онгига сингдириш долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Шу муносабат билан  миллатлараро бағрикенглик маданияти кўпмиллатли давлат учун тинчлик ва барқарорликни таъминловчи омил ҳисобланади.

Мамлакатимизда сиёсий барқарорликни таъминлашда миллатлараро бағрикенгликни ҳимоялаш долзарб масала сифатида эътироф этилмоқда. Ислом дини бағрикенглигини бошқа бирор дин ёки моддий нарсага тенглаштириш мумкин эмас. У асрлар оша халқларни бирдамликка чорлаб, тинч-тотувликни таъминлашда ўзининг ғоялари билан инсониятга тўғри йўлни кўрсатган. Шу билан бирга кишилик жамиятининг озод ва фаровон яшаши учун курашиб келаётган жаҳон динларидан биридир.

Фалсафа фанлар доктори Н.Назаровнинг фикрича: «Шахснинг миллий давлатчилигига бўлган позитив муносабати ҳамда фуқаролик мавқеини идрок этиши ҳам миллий ўзликни англашнинг компонентлари ҳисобланиб, тафаккур ривожига имкон яратади. Тафаккурдаги бундай ривожланиш кўп миллатли жамиятда миллатлараро муносабатлар такомиллашувини таъминлайди. Бугун ҳар бир миллат вакили ва ҳар бир шахс ўзлигини билиб, миллий келиб чиқишини чуқур англаб, идрок этган ҳолда умумцивилизация тараққиётига ҳисса қўшиши лозим» [7:11].

Миллатлараро муносабатлар институционал тизимидаги субъектлар фаолияти миллатлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўрганилган. Бундай миллатлараро муносабатлар жамиятда муайян тамойиллар асосида турли халқларни, уларнинг вакилларини бирлаштиришга, турли миллат ёшларининг бир-бири билан ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Ёшлар ўртасида миллатлараро муносабат маданиятини шакллантиришнинг таълим тизими билан узвий боғлиқлигини биз юқорида айтиб ўтдик. Таълим мазмуни, унинг янги педагогик технологияларга асослангани ва ёшлар томонидан ўзаро мулоқотда қўллаш учун зарур қадриятларни ўз ичига олган тизим мавжудлиги мақсадга эришишда бирламчи воситадир. Бунинг натижасида ёшларнинг ижтимоийлашиш жараёни тезлашади ва ўзини ривожлантириш ва шахс сифатида шаклланишига туртки беради.

Ёшларда миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш имкониятини ошириш ва миллатлараро муносабатларни такомиллаштиришнинг институционал тизимини шакллантиришда юқорида кўрсатилган омиллар масаланинг ижобий ечимини таъминлайди. Шу билан бирга ёшларда миллатлараро муносабатлар такомили учун қуйидаги жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш муҳим.

Мамлакатимизда ёшларнинг ахлоқий бағрикенглик маданиятини инсонпарварлик, маърифатпарварлик, ҳалоллик тамойиллари билан камол топтиришга ва уларни миллий менталитетимиз негизида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, «Мамлакатимизда бағрикенглик маданиятини юксалтириш, миллатлар ва конфессиялараро ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланади…» [3:455]. Шу нуқтаи назардан ёшларда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш мезон ва тамойилларини аниқлаш ҳамда уни юксалтириш тенденцияларини тадқиқ этиш ҳаётий зарурият бўлиб қолмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг «….келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом, баркамол наслни тарбиялаб етиштиришга интилиш – бизнинг миллий хусусиятимиздир», деган сўзлари айни ҳақиқат эканини англаб олиш қийин эмас. Чунки ҳар бир мамлакат миллий хусусиятларининг муҳим жиҳатларидан бири – бу тарбия масаласидир [6:4]. Шунинг учун мамлакатимизда ёш авлодни тарбиялаш ва таълим бериш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жамият равнақи ва тараққиёти кўп жиҳатдан баркамол авлод тарбиясининг  ҳар томонлама мукаммаллигига боғлиқ. Шу боис Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: «Агар биз ўз вақтида узоқни кўзлаб эртага ҳаётга кириб келаётган ёшларимизнинг чуқур билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун замин яратмасак, уларни замон талаб қиладиган мутахассис кадрлар этиб тайёрламасак, бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган молиявий-иқтисодий инқироз даврида юртимизда тинчликни сақлаб, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга эътиборни қаратмасак, халқимиз ҳаётининг тобора юксалишига эриша олмаган бўлар эдик», деган фикрни алоҳида таъкидлаган эди. Шунинг учун мустақиллик йилларида бу вазифаларга устувор йўналиш сифатида қаралмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир халқ ва миллатнинг эртанги куни бугун вояга етаётган авлод тақдири билан узвий боғлиқдир. Чунки келажакни ёшлар яратади. Шундай экан барча ҳаракатларимиз негизида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўстириш, уларнинг фаровон келажагини қуриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш устувор вазифамиз бўлиб қолаверади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Мирзиёев Ш.М. Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади. 3-жилд. – Т.: 2019. Ўзбекистон. – Б.387.
  2. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 1-жилд. –Т.: Ўзбекистон. 2018. – Б.295.
  3. Мирзиёев Ш.М. «Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида» мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларига. – Т.: 2017 йил, 18 октябрь // Мирзиёев Ш.М. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. 2-жилд. – Т.: Ўзбекистон. 2018. –Б.455.
  4. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. – Т.: Ўзбекистон. 1999. – Б.256.
  5. Каримов И.А. Ўзбекистон ХХИ асрга интилмоқда. – Т.: Ўзбекистон. 1999. – Б.9.
  6. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Т.: Шарқ. 1997. – Б.4.
  7. Назаров Н.А. Марказий Осиё полиэтник социумида миллатлараро муносабатлар такомиллашувининг фалсафий-функционал тадқиқи. Фалсафа фанлари доктори (ДСc) диссертацияси автореферати. – Б.11.
ЮНУС ХОЛИҚОВ
Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти, PhD

Check Also

“Чиғатой” аҳли билан учрашув

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича тарғибот тадбирларини …