Home / МАҚОЛАЛАР / ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни ахлоқ нормаларига риоя этиш, маънавий комилликка эришиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар инсоннинг ёшлик, яъни ўсмирлик давридан бошланади. Шу жиҳатдан қараганда ўсмир хулқ-атворининг ижтимоий детерминантларини ўрганиш замонавий фалсафа фанини долзарб муаммоларига киради.

Таниқли жадид мутафаккирларидан бири Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида таъкидлашича: “Инсон икки нарсадан мураккабдур. Бири жасад, иккинчиси нафсдур. Жасад кўз ила бир нарсани кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши, ё ёмон бўладур. Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўриниб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурки, бу хулқ деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулиб тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, “Аллоҳу акбар”, бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туриб юлдузларга қўл узатмак кабидур” [1: 11]. Мутафаккир ахлоқ, одоб, хулқ-атвор ва уни доимий тарбиялаб бориш борасида улкан тадқиқотлар олиб борган. Инсонларнинг, айниқса ёшларнинг ўзаро ижтимоий муносабатларда, шахслараро мулоқотда ахлоқ ва хулқ-атвор даражаларининг ўрнини диний ва дунёвий мисоллар орқали тушунтириб берган.

Ўсмирлик инсон ҳаётида муҳим, ўзига хос хусусиятга эга  босқичдир. Бу ёш шахсда болалик даврининг тугаши билан бошланадиган давр бўлиб, унда ўзига хос характерлар шакллана бошлайди. Ҳаёт мазмунини англаш билан боғлиқ дунёқараш вужудга келади. Олимларнинг таъкидлашича, “Ўсмирлик 10–11 ёшлардан 14–15 ёшларгача бўлган даврни ташкил этади. Аксарият ўқувчиларда ўсмирлик ёшига ўтиш, асосан, 5–синфдан бошланади. «Ўсмир энди бола эмас, бироқ катта ҳам эмас» – айни шу таъриф ўсмирлик даврининг муҳим характерини билдиради. Бу ёшда ўсмир ривожида кескин ўзгаришлар рўй беради. Булар физиологик ва психологик ўзгаришлардир. Физиологик ўзгариш жинсий етилишнинг бошланиши ва бу билан боғлиқ равишда танадаги барча аъзоларнинг мукаммал ривожланиши ва ўсиши, ҳужайра ва организм тузилмаларининг қайтадан шакллана бошлашидир” [2: 73].

Шунингдек, А.Мунавваров таҳрири остида нашр этилган “Педагогика” ўқув қўлланмасида ўқувчилар “12-13 ёшдан 15-16 ёшгача бўлган даврда  ўсмир дейилади. Бу ёшда боланинг жисмоний ва руҳий тараққиётида кескин ўзгариш рўй бериши сабабли, ўтиш даври деб аталади. Бу ёш балоғатга етиш даври деб ҳам аталади. Қиз болалар 13-15 ёшда, ўғил болалар 16-17 ёшида балоғатга етади. Бу давр кескин ўзгаришларга бой бўлгани сабабли ўсмирлар хулқида бир-бирига зид ҳолатлар: гоҳ болаларча серҳаракатлик, гоҳ сусткашлик, гоҳ жўшқинлик, гоҳ бўшанглик, гоҳо ишга кучли ҳавас, гоҳида ишни пайсалга солиш ва ўжарлик ҳолатлари учрайди” [3: 32].

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳоли фонди (UNFPA) томонидан қайд этилишича [4], илк ўсмир ёши 12-14 ёшни, катта ўсмир ёши  15-19 ёшни ташкил этади. Бугунги кунда замонавий фан ўсмирлик ёшини унинг қаерда ва қайси ҳудудда яшаши, қандай миллий, маданий, маънавий, ижтимоий ва иқтисодий ўзига хосликлари мавжудлигига боғлиқ ҳолда 12 ёшдан 17 ёшгача, деб ҳисоблайди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, глобаллашув даврида болаларнинг ўсмирлик даврига ўтиши, уларнинг биологик ва жинсий жиҳатдан балоғатга етиши ёшариб бормоқда.  

Ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши кўп жиҳатдан унинг ахлоқий хусусиятлари, маънавий қиёфаси ва маърифий савиясига боғлиқ. Ёшларда ижтимоий ишга масъулият билан ёндашиш, бурчга садоқат, оилада кўмакдош, меҳнат муносабатларида ҳалол бўлиш каби ахлоқий сифатлар қадриятга айлантирилса, жамиятда ишончли маънавий-маърифий муҳит шаклланади. “Инсон фаолияти ва хулқидаги энг муҳим жиҳат  мулоҳазалилик, ҳодиса ва жараёнларни мушоҳада қила олиш салоҳияти ҳам тафаккур ва руҳият уйғунлигидан нишонадир. Бизнинг кўпгина хатти-ҳаракатимиз хулқимиз билан боғлиқ бўлиб, вақт ўтиши билан улар одатга айланади” [5: 173]. Ўсмир хулқ-атвори ва ахлоқий фазилатлари жамият ва инсон маънавий оламининг муҳим таркибий қисми бўлиши билан бирга маърифий жараёнларнинг ҳосиласидир. Ахлоқ доимий равишда ўсмир онги, тафаккури, дунёқараши ва ақл-заковатини сайқаллаб турувчи, унинг камолот чўққисига етаклайдиган ижтимоий-маънавий ҳодисадир. Ўсмир хулқ-атворидаги деструктив ҳолатлар эса унинг ижтимоий ҳаётини издан чиқариб, жамоатчилик, оила, маҳалла, таълим муассасаси ва меҳнат жамоасида беқарор муҳит пайдо бўлишига олиб келади.

 Ўсмир замонавий билимлар, ахборот технологиялари ва илмий маълумотларни яхши эгалласа-да, маънавий-ахлоқий қиёфаси ёмон бўлса, бу илм беқарор жараёнларнинг вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин. Шуни таъкидлашимиз керакки, ҳар қандай билимли инсон ахлоқий фазилатларга ҳам эришишга интилса, юксак қадр-қимматга эга бўлади. Шу ўринда айтиш лозимки, “Одамлар жисмоний куч, истеъдоди жиҳатдан тенг эмас ва шунга қарамай, биз уларнинг барчасига нисбатан маънавий қадр-қимматни бирдек жойга қўйишга интиламиз. Шубҳасиз, маънавий эгалитаризм (тенглик) – бу ҳеч қачон етишиш мумкин бўлмаган орзу, бироқ биз унга борган сари яқинлашаётирмиз” [6: 109-110].

Ўсмир хулқ-атворининг барқарор даражаси унда умуминсоний фазилатларнинг намоён бўлиши, инсонийлик қиёфасининг мукаммал шаклланишида муҳим омилдир. Унинг маънавий қиёфаси бу қатлам хулқ-атворини барқарор бўлиши учун муҳим пойдевор вазифасини бажариб,  ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши учун ҳаракатлантирувчи куч сифатида иштирок этади. Ўсмир хулқ-атворининг барқарор бўлишида қуйидаги ахлоқий сифатлар муҳим ўрин тутади:

– инсонийлик – умуминсоний хислатларни ўзида мужассам этиш, унинг шаъни, қадр-қиммати ва эркинлигини ҳурмат қилиш, жамиятда яшовчи барча шахсларни тенг асосда ҳурматини жойига қўйиш.

– виждонлилик – жамият ижтимоий-маънавий ҳаётида юксак маънавий фазилатларни ўзида мужассам этиб, ҳар бир хатти-ҳаракатни юракдан ҳис этган ҳолда бажариш.

– ор-номус – жамиятда мавжуд миллий ва диний қадриятлар, асрлар давомида шаклланган инсон маънавиятига дахлдор анъаналар меъёрларини ижтимоий-маънавий ҳаётда мавжуд бўлиши учун масъуллик.

– адолат – инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини ижтимоий ҳаётда вужудга келиши учун турли ноҳақликлар, тўсиқлар ва салбий ҳолатларга қарши кураш, ижтимоий-маънавий барқарор муҳитни вужудга келтиришга шароит яратиш.

Ўсмирларнинг ахлоқий қиёфасида яна шундай хусусиятлар борки, бу уларнинг маънавий даражасини белгилайди. Бу хусусиятлар ичида виждон, мардлик, ирода каби сифатлар муҳим ўрин тутади. Виждон ўсмир маънавий-ахлоқий дунёсига хос муҳим ҳодиса бўлиб, шахснинг ижтимоий фаолияти ва руҳий жараёнларини ўзи назорат қилишига замин бўлади. Ўсмир хулқ-атворини ўзи назорат қилиши жамиятнинг маънавий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнларида ўзига хос аҳамиятга эга функциядир. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи муҳсинин” асарида бундай дейилади: “Одоб – бу ёмон сўздан ва ёмон ишдан ўзини тиймоқдир ҳамда ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам иззатини сақлаб, обрўсини тўкмасликдир” [7: 23].

Ўсмир маънавий-ахлоқий муҳитида ва руҳиятида ирода муҳим роль ўйнайди. Унинг хулқ-атворида ирода шундай ҳодисаки, маънавий соҳада баъзи муаммолар ҳамда таҳдидлар пайдо бўлганда, у онг, тафаккур, тажриба ва кўникмалар билан уйғунлашиши лозим. Ёшлар ўзидаги ирода ва матонат туйғуларини шакллантириб, нафақат ўз келажаги, балки мамлакат истиқболини таъминлашга, ижтимоий-маънавий тараққиётга хизмат қилишга сафарбар эта олиши лозим.

Ўсмир хулқ-атвори ва ахлоқий жиҳатлари соғломлигини таъминлаш учун муҳим сифатларнинг яна бири ҳалолликдир. Инсонлар ўртасида ҳалолликка асосланган муносабатлар шаклланиши ва ривожланиши маънавий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Ҳалоллик ўсмир маънавий-ахлоқий қиёфасида алоҳида сифат бўлиши билан бирга,  садоқат, тўғрисўзлик, собитлик ва масъулият каби сифатлар билан уйғунликда бўлади. Ана шу сифатлардан бирортаси ўсмир хулқ-атворида мавжуд бўлмаса, унинг ҳалоллик фазилатларининг амалий кўриниши ижтимоий-маънавий ҳаётда намоён бўлиши қийин кечади. Чунки жамиятга садоқат билан хизмат қилмайдиган ёшларнинг маънавий қиёфасида муаммолар вужудга келади.

Ўсмир маънавий-ахлоқий сифатлари учун зарур хислатлардан яна бири мардликдир. Бу сифат ёшларнинг кундалик ижтимоий турмушида жуда катта аҳамиятга эга феномендир. Мардлик муайян ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маънавий мақсадга эришиш йўлида ёшларнинг ўз ҳузур-ҳаловати, моддий-маиший имконияти ва турли имтиёздан кечишга ҳар доим тайёр эканини англатади. Ёшлар биринчи навбатда ўз ватани шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш йўлида ўзи учун қадрли нарсаларни асраб-авайлаш, уларни доимий ҳимоя қилиш учун мардлик намунасини кўрсатишга тайёр бўлади. Натижада ижтимоий барқарорликни таъминлаш бўйича муҳим анъаналар вужудга келиб, инсон ва жамият муносабатлари уйғунлиги таъминланади.

Ўсмир хулқ-атворидаги ижобий хислатлардан жасурлик, фидойилик, шижоат, меҳнатсеварлик ва масъулият кабилар ҳам унинг ижтимоий муҳитдаги ўрнини белгилайди. Меҳнатсеварлик ўсмирнинг кишилараро муносабатларда, жамоа, оила ва жамоатчилик орасида ўзининг намунали фаолиятини ташкил этишда ҳам муҳим хислатдир.

Ўсмирларда ижтимоий масъулият туйғуси ҳам зарур ахлоқий сифатдир. Ижтимоий масъулият ёшларнинг маънавий қиёфасини юқори даражада шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Масъулият ва бурч бир-бирига жуда яқин тушунчалар бўлиб, улар ўсмирнинг муайян шароитда ахлоқий меъёрлар талаб қиладиган мезонларни англаши ва бажариши борасидаги хатти-ҳаракатини англатади. Изоҳли илмий-оммабоп луғатда Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий масъулияти икки гуруҳга бўлинади:

  1. Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ва давлат тузумини мустаҳкамлашга қаратилган масъулият:
– Ўзбекистон Республикаси Конституциясига риоя этиш;
– қонунларни билиш ва унга қатъий амал қилиш;
– меҳнат интизомини сақлаш;
– жамоавий бурчга содиқ бўлиш;
– мулкнинг бозор шаклларини мустаҳкамлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш;
– турмуш қоидаларини ҳурмат қилиш;
– бошқа мамлакат фуқароларининг миллий қадр-қиммати, ҳуқуқлари, шаъни ва ўзлигини ҳурмат қилиш;
– ижтимоий бурчни ҳалоллик билан бажариш;
– Ўзбекистон фуқароси деган юксак номга муносиб бўлиш.
  1. Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган масъулият:
– Ватан қудратини ошириш ва уни ҳимоя қилиш;
– Ватанни кўз қорачиғидек асраш;
– умумий ҳарбий мажбуриятни қонун асосида бажариш [8: 229].

Шунингдек, ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий масъулият билан боғлиқ  ушбу омиллар ўсмирнинг атроф-муҳит ва жамоатчилик олдида жавобгарликни ҳис этишга ўргатади. Жавобгарликни сезиш эса бир қатор ҳолатларга боғлиқ бўлиб, ўсмир ижтимоий фаолиятида муҳим талабларни рўёбга чиқишига ёрдам беради. Булар қуйидагилар:

  1. Ўсмир ўзига қўйилаётган ижтимоий ва ахлоқий талабларни ўз ҳаётий фаолиятида бажаришга қодир ёки қодир эмаслиги.
  2. Ўсмирнинг бу талабларни қай даражада англагани ва тушуниб етгани.
  3. Бу талабларни бажариш учун ўсмир қандай имкониятга эгалиги.
  4. Ўсмирнинг бу талабларни бажариш натижасида юзага келадиган оқибатлар учун масъулиятни қай даражада анг­лаб етгани.

Ўсмир маънавий ҳаётини соғломлигини таъминлашда зарур хислатлардан яна бири оптимизмдир. Бу феномен ёшларни ижтимоий ҳаёт воқелигига ижобий кўз билан қарашга ўргатади. Шунингдек, ўсмирда тушкунлик кайфиятини, ўзига ишончи йўқолиши каби ёмон иллатлардан халос этиш ва келажакка ижобий назар билан боқиш ҳиссини вужудга келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, ўсмир хулқ-атвори тушунчаси ва унинг замонавий жамиятда ижтимоий-маънавий ҳаёт билан боғлиқ детерминантларини ўрганишнинг ижтимоий-фалсафий хусусиятлари қуйидаги омиллар билан боғлиқ:

– замонавий шароитда ўсмир маънавий-ахлоқий қиёфасининг қанчалик барқарорлиги, унинг ижтимоий йўналтирилгани муҳим жараён ҳисобланади;

– ёшларнинг фуқаролик масъулиятини юксалтириш жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Унда ижтимоий-маънавий тараққиётга нисбатан янгича қадриятлар ва анъаналарнинг вужудга келишига ўзига хос замин яратади;

 – ўсмирларнинг ахлоқ нормаларига риоя этиш, маънавий комилликка эришиши борасидаги жараёнлар, ўсмир хулқ-атворини ижтимоий детерминантларини ўрганиш ижтимоий фалсафа фанининг долзарб муаммоларига киради;

– ёшлар жамият учун қадрли ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий анъаналарни асраб-авайлаши, уларни доимий тарзда ҳимоя қилиши ижтимоий барқарорликни юксалтиради, инсон ва жамият муносабатлари уйғунлигини таъминлайди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абдулла Авлоний. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. – Т.: Ўқитувчи, 1992.
  2. Педагогик психология фанидан маърузалар матни. – T.: ТДЮУ, 2005. https://staff.tiiame.uz/storage/users/83/books.
  3. Педагогика. Ўқув қўлланма / А.Қ.Мунавваровнинг умумий таҳрири остида. – Т.: Ўқитувчи, 1996.
  4. Шербакова Е. Возрастные границы отрочества и юности не жестки. // Демоскоп Weekly, 2012. – №: 509-510.
  5. Гримак Л.П. Резривы человеческой психики. – М.: Политиздат, 1989.
  6. Дюркгейм Э. Ценностные и реальные суждения // Социологические исследования. 1991. – №. 2.
  7. Ҳикматлар дурдоналари. – Т.: Меҳнат, 1993.
  8. Мустақиллик. Изоҳли илмий-оммабоп луғат. – Т.: Шарқ, 1998.

 

ФОЗИЛ САТТАРОВ,
Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси

Check Also

Сўзнинг тузи нимада?

Тил инсонга ато этилган сув ва ҳаводек бебаҳо неъмат. Мисол учун, қаршингиздаги одамга «мен ҳозир …