Home / МАҚОЛАЛАР / ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун ҳанафийлар етакчиси («Раис ал-ҳанафийа») – «Шамс ал-Aимма» («Имомлар қуёши») [4:318] фахрий унвонига эга бўлган. Айтишларича, ушбу фақиҳ кўплаб табақот ва тарожим китобларида «Ҳалвоий» номи билан ҳам зикр қилинган, бошқаларида эса Шамсул Аимма Ҳалвоний деб номланган. Шамсул Аимма Ҳалвонийнинг куняси Абу Муҳаммаддир [2:111]. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

Баъзилар Шамсул Аимма Ҳалвонийни ҳалво (ширинлик) тайёрлаб сотиш касбига нисбат бериб «Ҳалвоий» лақаби билан атаса [2:355], бошқалар Ҳулвон («حلوان»)  қишлоғига нисбат бериб, Ҳулвоний деб атаган [4:95].

Фақиҳ Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалвоний Бухоро қошидаги Бумижкас қишлоғида туғилган. Шунинг учун унга Бухорий деб ҳам нисбат берилади.

Фақиҳ Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалвоний Бухоро қошидаги Бумижкас қишлоғида туғилган. Манбаларда Бухоро ҳақида қуйидагича келтирилади: “Бухоро шаҳри Мовароуннаҳрнинг энг катта шаҳарларидан бири бўлиб, у ерга Омул аш-шатт шаҳридан борилади. Мазкур шаҳар билан Жайҳуннинг ораси икки кунлик йўлдир. Сомонийлар шоҳи Исломга киришидан аввал Бухоро шаҳри унинг қароргоҳи бўлган. Бухоро шаҳри боғлари кўп, мевалари мўл қадимий шаҳардир. Унинг мевалари ўн икки марҳала узоқликдаги Марв шаҳрига, ўн беш кунлик масофадан узоқроқдаги Хоразм шаҳрига олиб борилади. Бухоро шаҳри билан Самарқанднинг орасида масофа етти кунлик йўлдир ёки ўттиз етти фарсахдир. Бир фарсах эса уч милдир”[4:95].

Тарожим ва табақот асарларида у кишининг туғилган санаси айтилмаган. Мовароуннаҳрдаги бошқа кўплаб уламоларнинг туғилган санаси ҳам тарожим китобларида зикр қилинмаган. Бунинг кўплаб сабаблари бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилар:
– Маданият ва илм марказларидан узоқлиги;
– Исломий жамиятда содир бўлган кўплаб нотинчлик ва фитналар.
Уламолар у кишининг вафоти борасида икки хил гап айтган:
Биринчиси: у киши ҳижрий 456 йилнинг [6:177] Шаъ­бон ойида вафот этган. Шу гап машҳур ва аниқроқ­дир.
Иккинчиси: у киши ҳижрий 449 йилда [6 :355] вафот этган ва Судур қабристонига дафн қилинган [6:177].

Имом Ҳалвоний кўплаб шайхлардан илм олиб, фақиҳ бўлиб етишган. Устозларининг машҳурлари:

  1. Абу Саҳл Анмотий Бухорий: наматфурушлик касбига нисбат бериб Анмотий деб номланган [4 :317];
  2. Абу Шуайб Солиҳ ибн Муҳаммад Бухорий [4:536];
  3. Абу Али Фақиҳ Қозий Насафий. Самъоний у киши ҳақида шундай деган: «У зот замонасининг пешвоси эди, Бағдодда фиқҳни ўрганган. Муртазо билан пайғамбарлардан мерос қолиши масаласида илмий баҳс олиб борган. Имом Муҳаммад ибн Фазлнинг дўстларидан эди. У киши билан Бухорода учрашган. Ҳусайн ибн Ҳизрнинг уламо аҳлидан дўсти бўлган ва кўплаб шогирд чиқарган. Ҳижрий 424 йилда ёши саксонга яқинлашганда вафот этган [2:355].
  4. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Сабазмуний. Унинг асарларидан бири: «Кашфул осор аш-шарийфа фий маноқиб ал-имом Абу Ҳанифа» [3:502].
  5. Абдураҳмон ибн Ҳусайн Котиб Ҳанафий: ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган уламоларидан. Марвда ҳаёт кечирган. Ҳадис ва ҳанафий фиқҳи олими бўлган. Балх шайхларидан илм олган. Ҳижрий 450 йилда вафот этган [1:359].
  6. Ғунжор Ҳофиз Бухорий. Ҳижрий 412 йилда вафот этган.

Имом Ҳалвоний катта уламолардандир. У киши кўплаб шогирд чиқарган ва улар ўлканинг турли ҳудудларига бориб илм тарқатган. Энг кўзга кўринган шогирдлари қуйидагилар:

  1. Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Баздавий. Ҳижрий 493 йилда вафот этган.
  2. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн Насафий: Шамсул Аимма Ҳалвонийдан фиқҳни ўрганган ва у кишидан ривоят қилган. Амолий ровийларидан бири ва ўзининг ҳам «Амолий»си («Имло қилинган масалалар тўплами») бор.
  3. Абул Фазоил Бакр ибн Муҳаммад Бухорий Заранжарий. Шамсул Аимма лақабини олган. Бухоро аҳлидан. Абу Ҳанифа мазҳабини пухта билишда намуна бўлган. Фатво беришда ва турли масалаларга жавоб йўллашда моҳир бўлган. Насабларни ва тарихни яхши билган. Юртдошлари уни Абу Ҳанифа Асғар (яъни кичик Абу Ҳанифа) деб номлаган. Ҳижрий 490 йилда вафот этган [3:177].
  4. Абул Музаффар Абдулкарим ибн Абу Ҳанифа Андақий. Бухоро қишлоқларидан бирига мансуб бўлиб, ҳижрий 400 йилда туғилган. Фозил ва фақиҳ киши бўлган. Шасмул Аимма Ҳалвонийдан фиқҳни ўрганган. Ҳижрий 481 йил Шаъбон ойида вафот этган [3:177].
  5. Фахрул Ислом Абулҳасан Али ибн Муҳаммад Баздавий. Мовароуннаҳрнинг катта фақиҳи унвони соҳиби. Тариқатда шайх ҳисобланган ва Абу Ҳанифа мазҳабида бўлган. Куняси Абул Уср. Қози Муҳаммад ибн Юсрнинг акаси. Ўн бир жилдли «Ал-Мабсут» асарининг муаллифи. «Ал-Жомеъ ал-кабир» китобига шарҳ ёзган. Ҳижрий 482 йил ражаб ойининг 5 санаси, пайшанба куни вафот этган. Тобутини Самарқандга олиб боришган ва масжид дарвозаси яқинига дафн қилинган.
  6. Абу Наср Аҳмад ибн Абдураҳмон Бухорий Ҳанафий. Унинг ҳанафий мазҳаби фуруъул фиқҳи бўйича «Амолий»си («Имло қилинган масалалар тўплами») бор. Ҳижрий 518 йилда вафот этган.
  7. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий. Имом Кабир, Шамсул Аимма унвонларининг соҳиби. «Ал-Мабсут» ва бошқа асарлар муаллифи. Катта пешволардан бири, усул, фиқҳ бўйича етук олим. Имом Шамсул Аимма Ҳалвонийни лозим тутиб, илм олган. Замонасининг етук олимлари­дан бўлиб етишган, асарлар ёзган, замондошлари билан илмий баҳс олиб борган. Натижада номи чиқиб, машҳур бўлган. Зиндонда ўтирган ҳолида ўн беш жилдли «Ал-Мабсут» китобини ёддан айтиб, шогирдларига ёздирган. Ҳижрий 490 йилда вафот этган [4:28].
  8. Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад Баздавий. «Садрул Ислом» лақабини олган. Исмоил ибн Абдуллоҳдан илм олган. Унинг ўзидан эса Нажмиддин Умар Насафий ва «Туҳфатул фуқаҳо» асарининг муаллифи Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий ва бошқа кўплаб шогирдлар илм олган. Фуруъул фиқҳ бўйича «Ал-Мабсут» ва «Ал-Воқиот» асарларини ёзган. «Тожут тарожим» асари муаллифи шундай деган: Умар ибн Муҳаммад Насафий айтади: «Абул Юср Мовароуннаҳрдаги дўстларимизнинг устози эди. Ҳақиқий маънода пешволар пешвоси эди. У зотнинг ҳузурига турли ўлкалардан илм истаб келишарди. Усул ва фуруъ бобида ёзган асарлари Шарқ ва Ғарбни тўлдирган эди». Ҳижрий 493 йил ражаб ойида вафот этган [4:188].

Илм талабида сафар қилиш маърифат сабабларидан биридир. Бундай риёзат Мовароуннаҳр ва ислом олами ўртасида илмий ва маданий алоқа ўрнатиш воситаси бўлган. Илм марказлари орасидаги сафарлар ислом олами яхлитлигини намоён қилар эди. Эркин кўчиб юриш учун ҳеч қандай тўсиқ ва чегаралар йўқ эди. Шунинг учун уламолар Андалусдан Хитойгача ислом олами бўйлаб илм талабида сафар қиларди. Уламоларнинг илм талабида сафар қилишига иккита сабаб бор эди:

Биринчи сабаб: олимлар бепул бошпана сифатида фойдаланиши (ва меҳмон бўлиши) мумкин бўлган масжид, мадраса, работ, намозхона ва хонақоларнинг мавжудлиги;

Иккинчи сабаб: бепул илм ўрганиш имконияти борлиги.

Имом Шамсул Аимма Ҳалвоний кўплаб сафар қилган, жумладан:

Кичик сафарлар: илм олиш ва тарқатиш мақсадида Мовароуннаҳр шаҳар ва қишлоқлари орасидаги сафарлар. Табақот ва тарожим китобларида Имом Ҳалвонийнинг кичик сафарларидан фақат биттаси келтирилган. Бу бўлажак алломанинг ўша замон машҳур шайхларидан Имом Муҳаммад ибн Аҳмаддан илм олиш талабида Бухоро шаҳридан Кеш қишлоғига сафаридир. Имом Ҳалвоний Кеш қишлоғига бориб, устозининг этагини маҳкам тутади ва у ерда мударрис, муфтий ва воиз бўлиб етишади. Ҳанафий мазҳабининг алломаларидан ва кўзга кўринган мужтаҳидлардан бўлиб, умрбод Кешда қолади. Кўплаб тарожим асарлари муаллифлари у зотнинг вафот этгунига қадар Бухоро шаҳрига қайтмаганини айтади.

Олис сафарлар: Маккаи мукаррамага қилган сафари. Тарожим китобларида Имом Ҳалвонийнинг Маккага қилган сафари зикр қилинмаган [3:350].

Имом Ҳалвоний қаламига мансуб баъзи асарларни ва улардаги илм-маърифатни ўрганган ҳолда айтиш мум­кинки, у зот ўз замонасининг катта уламоларидан эди.

Имом Ҳалвоний асарларини ўрганган инсон у зотнинг ўзига хос қисқа ва лўнда услубда ёзганини кўриши мумкин. Шунинг учун ҳам асарлари илм талабидагилар учун тадқиқот, изланиш ва илм манбасига айланган. Чунки ушбу асарларда муаллиф аниқ, лўнда маълумотлар келтирилган ва тафсилотлар ўрнига ишоралар билан кифояланган. Имом Ҳалвоний асарларининг баъзилари чоп этилган, бошқалари эса қўлёзма ҳолидадир. Жумладан:

  1. «Аш-Шарҳ ал-кабир»: Абу Бакр Хассофнинг «Ҳиялуш шариъа» (шаръий ҳийлалар) асари шарҳи. Шаръий ҳийлалар фиқҳ бўлимларидан бири бўлиб, икки жилддан иборат. Мазкур китобга Имом Ҳалвоний шарҳ ёзган, шунингдек, Шамсиддин Сарахсий ва Имом Хоҳарзодалар ҳам шарҳ ёзган [5: 695]. Ушбу китоб қўлёзма ҳолатида бўлиб, чоп этилмаган.
  2. «Шарҳу зиёдотуз зиёдот лифуруъил ҳанафия»: (Ҳижрий 187 йилда вафот этган) Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний асарига ёзилган шарҳ. Бошқа уламолар ҳам бу асарга шарҳ ёзган. Ҳоким Шаҳид эса бу асарга «Усулуз зиёдот» деган мухтасар ёзган [5: 695]. Бу китоб чоп этилмаган.
  3. «Шарҳу китаб адаб ал-қоди ала мазҳаб ал-имом Абу Ҳанифа ан-Нуъмон»: Ҳижрий 261 йилда вафот этган Абу Бакр Аҳмад ибн Амр Хассоф асарига шарҳ. Мусанниф уни 120 бобга ажратган. Ушбу китобга фуруъ ва усул имомлари шарҳ битган. Жумладан, Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Алий Жассос (ҳижрий 370 йилда вафот этган). Мазкур шарҳ бугунги кунда машҳурдир. Китоб аввалида ҳар бир масала оқибати санаб ўтилгани айтилган. Бу китоб чоп этилмаган.
  4. «Шарҳ китоб ал-жоме ас-сағийр фил фуруъ»: Ҳижрий 187 йилда вафот этган мужтаҳид имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Ҳанафий асарига шарҳ. Бу зарур маълумотларга бой китоб бўлиб, 1532 та масалани ўз ичига олган [5:46]. Мазкур китоб Байрут шаҳридаги Дору содир матбаасида чоп этилган.
  5. «Шарҳу китоб ал-жоме ал-кабир фил фуруъ»: Ҳижрий 187 йилда вафот этган мужтаҳид имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний Ҳанафий асарига шарҳ. Бу китобга бошқа уламолар ҳам шарҳ ёзган [4:567]. Дорут турос матбаасида чоп этилган.
  6. Фатаво Шамсул Аимма Ал-Ҳалвоний [2:1224].
  7. Китаб ан-нафақот.
  8. Ал-Мабсут.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Шамсул Аимма Ҳалвоний нафақат ижтимоий-сиёсий ҳаётда, балки илмий ишда ҳам фаол бўлган. Ҳалвонийнинг «Мажлис фи сифат ашрат ас-саъа ва-мақомат ал-қиёма» асари ноёб ҳисобланади ва нусхаси сақланиб қолган. Бу асар эсхатологик жанр анъаналарида тузилган. Асарлар таҳлили шуни кўрсатадики, Шамсул Аимма Ҳалвоний бухоролик ваъзгўйлар (музаккирунлар) анъанасини давом эттирган. Улар оммавий нутқида («аммат») дунё охири, одамларни диний бурчини бажаришга қайтишга, Ислом аҳкомларига риоя қилишга чақирган. Шунингдек, Шамсул Аимма Ҳалвоний фатволар берган. Жумладан, Кафавий ўз асарида 26 та фатвони тилга олган.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абу Са‘д ‘Абд ал-Карим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамими ас-Сам‘ани. Ал-Ансаб. Ҳинд: 1385 ҳ.
  2. Ал-Амир Абу Наср ‘Али ибн Ҳибат Аллаҳ ибн ‘Али Ибн Макула ал-‘Иджли. «Ал-Икмал фи раф‘ ал-иртийаб ‘ан ал-му’талаф ва-мухталаф мин ал-асма’ ва-л-куна ва-л-ансаб». – Байрут: Дарул кутуб илмийа, I жилд, 1411 ҳ.
  3. И’мадиддин Аби ал-Фидаи Исма’ил бин ал-Хатиб Аби Хафс Умар бин Касир ал-Қураший ад-Димашқий. Сийар ал-а’лам ан-нубала. – Байрут: Мактаб ал-ма’ариф, 1974, II жилд.
  4. Муҳйиддин Абу Муҳаммад ‘Абд ал-Қодир ибн Муҳаммад ибн Абил Вафа’ ал-Қураши ал-Ҳанафий. Ал-жавоҳир ал-муддийа фи табақат ал-ҳанафийа.
  5. Ходжи Халифа. Кашф аз-зунун ‘ан асами ал-кутуб ва-л-фунун. – Б. 46.
  6. Шаҳабуддин Аби Абдулла Яъқуб бин Абдулла ал-Ҳамавий ар-Румий ал-Бағдодий. Му’жам ал-булдан. – Байрут: 1968.

 

БАХРОМХУЖА МАХАМАДХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси

Check Also

МУҚАДДАС ДИНИМИЗДА ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА ТИРИКЛАРНИ ҚАДРЛАШ ҲАҚИДА

Ислом дини инсонларни одоб-ахлоқ, яхшилик ва эзгуликка чорлайди. Шу боис, унда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақига …