Home / МАҚОЛАЛАР / ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик ва халқаро террористик фаолиятнинг аксар ҳолатларда дин ниқоби остида ҳаракатланаётгани масалага жиддий ёндашувни талаб қилади. Шу боис ҳам бугун дин ва унинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ғояларини дунёга етказиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳар бир мамлакатда яшовчи халқ муайян динга эътиқод қилади, унинг ўз урф-одат ва анъаналари мавжуд. Дунё халқлари тарихини ўрганишда уларнинг диний қарашлари, эътиқоди ва диний амалиётларини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Дин жамиятда инсонлар дунёқарашини шакллантириш, тасалли бериш, бирлаштириш, бошқариш, руҳий-маънавий тарбиялаш каби бир қатор вазифаларни бажариб келган [1: 32-39].

Диннинг инсонпарварлик фалсафаси, эзгу ғоялари ёшлар қалбидан жой олиши учун турли жамиятларда таълим тизими соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, унинг сифатини ошириш ва турли йўналишлар бўйича малакали педагог ҳамда етук кадрлар тайёрланмоқда.  Шу қаторда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси диншунослик ва исломшуносликка оид фанларни профессионал даражада ўқитиш бўйича педагоглар тайёрлаш ва таълим сифатини оширишга қаратилган катта вазифани ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Услублар. Ўзбекистон халқаро ислом академиясида юртимиздаги диний таълимдан фарқли ўлароқ академик диншунослик-исломшунослик таълим дастурлари ишлаб чиқилган. Бу йўналишда малакали мутахассис кадрларни тайёрлашга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Академия профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари то­монидан умумий ўрта таълим мактаб ва академик лицей-коллеж ўқувчилари учун “Тарбия”,  “Дунё динлари тарихи”, “Диншунослик асослари” каби ўқув қўлланмалари тайёрланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда диний таълим олиш соҳасини шартли равишда 3 турга бўлиш мумкин: 1 – махсус диний таълим, 2 – давлат таълим муассасаларидаги диншуносликка оид таълим, 3 – электрон порталлар орқали расмий диний таълим олиш.

Биринчиси – диний таълим олиш имкониятлари махсус диний таълим муассасалари орқали амалга оширилади.

Ўзбекистонда барча йўналишдаги дин вакилларига тенг қаралади, “диний озчилик” деган ибора бизнинг маданиятимиз ва тилимизга хос эмас. Бу ҳолат диний таълим соҳасида ҳам кўзга ташланади. Бунинг исботи сифатида бугунги кунда юртимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 13 та олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ҳамда 2 та Тошкент православ ва Тошкент протестант семинариялари фаолият кўрсатаётганини айтиш мумкин [5: 704].

Ўрта махсус маълумотли имом-хатиблар малакасини ошириш ва уларни олий маълумотли қилиш мақсадида Тошкент ислом институтида 3 йиллик модуль таълим тизими жорий этилди. Ушбу таълим тизимига 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда имом-хатиблар ўқишга қабул қилинди.

Бундан ташқари, юртимизни турли жойларида аҳолига пуллик хизмат асосида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган уч ойлик “Қуръон ва тажвид курслари” фаолият кўрсатмоқда. Ушбу курсларда фуқароларимиз ўзига керакли даражада Қуръон ўқиш қоидаларини ўрганмоқда.

Иккинчиси – давлат таълим муассасаларидаги диншуносликка оид таълим йўналишидир. Бунда умумий ўрта мактаб ва академик лицей-коллежларда “Диншунослик асослари”, “Дунё динлари тарихи”, “Тарбия”, “Маънавият асослари” каби фанларда дунё ва жаҳон динлари ҳамда улардаги ибодатлар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Давлат таълим тизимининг ўқув дастурларида бирор динга устунлик бермаган ҳолда кўпчилик эътиқод қилувчи дунё ва миллий динлар тарихи, улардаги ибодат ва расм-русмлар ҳақидаги билимлар академик ёндашув асосида берилади. Бу эса ҳар бир ўқувчида инсонийлик, ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, меҳр-мурувват ва бағрикенглик туйғуларини камол топтиришга хизмат қилади.

Диншунослик фанларини ўқитишда қуйидаги тамойилларга амал қилиш лозимлигини таъкидлаш зарур:
– бирор-бир динга устунлик бермаган ҳолда бағрикенглик тамойиллари асосида таълим бериш;
– муайян бир эътиқод ёки динга мажбур қилмаслик;
– амалдаги виждон эркинлиги тўғрисидаги қонун-ҳужжатларни бузмаслик;
– ўқувчи ва талабаларни дини ва миллатига қараб камситмаслик;
– сифатли таълим ва тарбияга эътибор бериш.

Учинчиси – Дин ишлари бўйича қўмита билан тегишли тартибда мувофиқлаштирилган ҳолда расмий диний электрон порталлар орқали диний таълим бериш йўлга қўйилди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайти “muslim.uz”, расмий диний таълим муассасалари, жомеъ масжидлари, иқтидорли имомлар сайтлари ва телеграм каналларидаги контентлар орқали ҳам диний таълим олиш имкониятлари кенг яратилган. Туркум видеодарс, мақола, инфографика, мультфильм, аудиодарс, китоб, қўлланма ва мастер класслар шаклида диний таълим олиш имкониятлари мавжуд.

Афсуски, бугунги кунда интернет тармоқларида турли экстремистик ва террористик ташкилотлар медиамарказлари томонидан экстремистик ва террористик мазмундаги тарғибот материаллари кенг тарқатилмоқда. Айни ҳолат нафақат юртимизда, балки жаҳонда ҳам бу каби маълумотлар тарқалишининг олдини олишга, уларни аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш бўйича механизм ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ қилиш заруратини кун тартибига қўймоқда.

Мисол учун, ўтган давр мобайнида АҚШда 68 та, Россия Федерациясида 47 та, Буюк Британияда 78 та ва Туркияда 15 та экстремистик ва террористик ташкилотлар фаолияти тақиқланган. Шу билан бирга, Россия Федерациясида 5342 та [6], Қозоғистон Республикасида 1133 та [7], Қирғиз Республикасида 167 та [8] ва Тожикистон Республикасида 2417 та [9] радикал контентлар суд томонидан тақиқланган.

2023 йил 17 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган материаллар рўйхатини Дин ишлари бўйича қўмита эълон қилди [10].

Шуни унутмаслик лозимки, Ўзбекистон ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли жамиятдир. Қонунчиликда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан алоҳида имтиёз ёки чеклаш белгиланишига йўл қўйилмайди.

Юртимизда хавфсизликни таъминлаш, фаровон турмуш ва буюк келажак қуришни истар эканмиз, ёшлар онгида жаҳолатга қарши маърифат билан кураша олиш кўникмаларини шакллантириш муҳим масала бўлиб қолаверади [2: 148].

Шунинг учун ҳам бугунги кунда таълим тизимида диншунослик ва исломшуносликка оид фанларни ўқитиш методикасини академик статусга олиб чиқиш ва натижада динларнинг эзгулик ва инсонпарварлик ғояларини ўқувчиларга етказиш устуворлик қилади. Бу эса келажакда ўқув-тарбия ишларини янада такомиллаштириш, ўқувчиларда ўзлигини англаш ва фаол фуқаролик позициясини камол топтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Исломов З.М., Исматова Н.К. Дунё динлари тарихининг фан сифатидаги назарий-методологик асослари. // Замонавий таълим/ Современное образование. 9(82), 2019. – Б. 32-39.
  2. Лафасов М.Ф., Саттарова Ф.М., Норқулов Ҳ.Д. Маънавият асосларини ўқитиш методикаси. Дарслик. – Т.: 2009. – Б. 148.
  3. Муаллифлар жамоаси. Тарбия. 11-синф учун дарслик. – Т.: Республика таълим маркази, 2021. – Б. 128.
  4. Муаллифлар жамоаси. Дунё динлари тарихи. 10-синф учун дарслик. – Т.: Шарқ, 2017.
  5. Ўзбекистон миллий энциклопедияси 5-жилд. – Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2003. – Б. 704.
  6. https:// minjust.gov.ru/ru/extremist-materials/?page=54&
  7. https://www.gov.kz/memleket/entities/pravstat/яpress/ article/details/17669? lang=ru
  8. https://drive.google.com/file/d/11anEEHxeFtj9tc5tPj-SszvJ5zsXZh4R/view
  9. https://nbt.tj/ru/financial_monitoring /perechni .php
МИРОДИЛ ХАЙДАРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, PhD

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …