Home / МАҚОЛАЛАР / ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх ва тариқат пиридир. Унинг ижоди ҳақидаги маълумотлар тор доирадагина маълум. “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Миллат фидойилари” кўрсатувида [4] ижодкор ҳақида батафсил маълумот берилди. Кўрсатувда Сабрий ҳаёти, фаолияти ва адабий мероси тилга олиниб, қатағон қурбонига айлангани қайд этилди. Бу кўрсатув Сабрий ҳаёти ва ижодий меросини ўрганишнинг дебочаси бўлди, дейиш мумкин.

Сабрий тариқат илмининг сўнгги муршидларидан бири, таниқли уламо, миллий–маданий, диний меросимизни ўзига хос йўсинда асраб–авайлашга интилган адибдир. Айни пайтда даҳрийлик асосига қурилган собиқ иттифоқ тазйиқига учраб, қатағон азобини бошдан кечирган, ўз эътиқодидан заррача бўлса-да чекинмаган инсон [3].

Тасаввуф ислом тамаддуни устунларидан бири ҳисобланади. Унинг пайдо бўлиши билвосита динимиз тарихи билан боғлиқ. Ҳақиқат шуки, тасаввуф пайғамбаримиз Расули Акрам (с.а.в.) ва у зотнинг саҳобалари турмуш тарзида ислом таълимоти ва тарғиботи асносида юзага келди. Тасаввуф таълимоти Аллоҳни англаш, билиш ва покланиш йўлидир. Тасаввуф тарихи шуни кўрсатадики, ҳар бир даврда ҳам тасаввуф ва унинг намояндалари битта вазифани, яъни Аллоҳни таниш, унинг зикри билан машғуллик ҳамда поклик билан уни келгуси авлодларга етказиш вазифасини бажарган. Чунки тасаввуф Ҳақ маърифати бўлиб, ақл ва қалбнинг покланиш йўлини ифода этади. Пайғамбаримиз даврларидаёқ муҳаддислар ўз тақво ва ибодати орқали шундай баланд даражаларга эришдики, натижада ишорат илми замирида мустақил тасаввуф илми таркиб топди ва авлоддан авлодга анъанавий  мерос сифатида ўтиб келаверди. Нақшбандия тариқати дарғаларидан бири, етакчиси ва беназир шоир – Сабрийдир.

Сабрий Ургут 1886 йилда Ургут туманида таваллуд топган. Унинг етук шоир, адиб ва иршод пири бўлиб етишишида оилавий муҳит катта ўрин тутган. Ижодкор маърифатли оилада камолга етган. Сабрий сингари буюк шахслар яшаб, ижод қилган давр – Иттифоқ империяси зуғуми кучайган, айниқса, миллатпарвар ёзувчи ва  ижодкорларга қирғин келтирган давр эди. Тариқат ва нақшбандия сулукини давомчиси Сабрий ҳам шу қийинчиликлар даврида шайх ва муршидлик  иршодларига эга бўлди. Дастлабки маълумотни Ургутда Нақшин мадрасада, ундан кейин ўқишни Самарқандда Улуғбек мадрасасида давом эттирган. Етти ёшида Қуръон каримни, 12 ёшида Алишер Навоий “Хамса”сини тўлиқ ёд олган. Абу Саййид Хайрулло билан олдинма-кейин Ургутда ўқиган Мулло Исҳоқхон бобо, Омонхон  ва Шукур бобо билан бирга эшон тўрани Мозори Шарифга, пирлари Шайх Шаҳобиддин ҳазратлари ҳузурига борганини қуйидагича эслайди: “У пайтларда шароит оғирлашган, замон бирмунча нотинч бўлиб турарди. Ургут музофотида рус ҳарбийларини унча хушламай қабул қилишган давр эди. Ургут беклигида ўтказилган ялпи ваҳшийликларни барча ўз кўзи билан кўрган эди. Бу босқиндан кейин  қатағон ўтказилиб, олимлар, уламолар, меъморлар ва умуман аҳолининг зиёли қатлами қаттиқ таъқиб остига олинган эди. Олимлар ва уламолар турмаларда товланиб, жабру ситам кўрса ҳам ўз орқасидан  келаётган кишиларга йўл кўрсатиб, ҳидоят нурини сочишга интилди. Бундай улуғвор ишларни бажариб, исмлари номаълум қолаётган қанча улуғлар борки, одамлар уларни фақат мустақиллик шарофати билан кашф эта бошлади.

Сабрий ана шундай маърифатпарвар инсонлардан бири эди. У киши умри давомида ёлғиз, бошқалар эса ўзи билан ўзи ўралашиб қолган эди. Сабрий ёт мафкурани қабул қила олмади. Бутун борлиғи билан Аллоҳнинг ўзи билангина машғул бўлди. У умри давомида ўзгалар кўрмаган нарсаларни кўрди. Шунинг учун ҳам айтган гаплари ва қилган амалларини тушуниб етиш қийин бўлган бўлса-да, ўн минглаб муридлар яширин эшик орқасида турган. Фақат у киши оламдан ўтганидан кейингина қилган амаллари моҳиятини англаб етиш бошланган. Лекин ўзгалар айта олмаган фикр хулосаларни дўсту биродарига айта олгани ва ортидан эргаштира олгани учунгина доимо барҳаёт. Биз эса у кишини эндигина тушунишга ҳаракат қилмоқдамиз, холос.

Ўзбекистон ССР Олий Суди президиумининг 1988 йил 16 декабрда чиқарилган қарорида Самарқанд вилоят судининг 1952 йил 17 майдаги ургутлик эшон Абулхайр Асрорхонов ҳақидаги ҳукм мутлақо асоссиз бўлгани, унинг фаолиятида ҳеч қандай жиноят аломатлари йўқлиги аниқланиб, тамомила оқлангани айтилган. Қарорга ўша даврдаги Ўзбекистон Олий Суди раиси Содиқжон Йигиталиев имзо қўйган [1:359]. Сабрий зиёлилиги, маърифатпарварлиги ва диндорлиги туфайли Тошкент, Оренбург, Уралск, Сибир ва Маринск турмаларида 1956 йилга қадар ноҳақлик қурбони сифатида жазо муддатини ўтаб келди.

Тарихга қайтадиган бўлсак, Саййид Хайруллохон тўра учта ҳамроҳи билан Мозори Шариф қошидаги олий мадрасада таълим бераётган муршид Шайх Шаҳобиддинхон ҳазратларидан иршод хатини олади. Самарқандда ўз даврида машҳур бўлган Ориф Маҳмудов – Гулханий бошчилигидаги адабий жараён иштирокчиси бўлиш билан бирга, Сабрий тахаллуси билан шеърлар  ёзади. Шоир Васлийга пайравлик қилади. Ориф Гулханий тавсияси билан бир муддат Шоҳи Зинда масжидига имомлик қилади. Ориф Гулханий вафотидан кейин қамоққа олиниб, сургун қилинади. Шу даврда Ўзбекистондан 7000 киши отиб ташланган, қарийб 40 мингга яқин киши сургун қилинган. КПСС Марказий қўмитасининг 1954 йил 10 ноябрдаги “Аҳоли ўртасида илмий атеистик тарғибот олиб боришдаги хатоликлар тўғрисида”ги қарори динга қарши навбатдаги кураш босқичини бошлаб берган. Ушбу қарорда “Ўрта Осиё қадамжоларини зиёрат қилувчилар сонининг кўплиги, у ерда қурбонлик қилиш, диний байрамларни ўтказиш халқ хўжалигини издан чиқариб, меҳнат интизомига путур етказади, диний хурофотлар совет кишилари онгини заҳарлаб, уларни коммунизм қурилишидан чалғитади”, дейилган эди [5]. Натижада бу ишга барча оммавий равишда жалб этилиб, “қизил бурчак”, яъни атеизм тарғибот ойналари ташкил этилди. Маданий-маърифий обидалар ёпилиб, мавжуд эски китоблар тортиб олинади. Дин илмини эгаллаганларни сургун ва қамаш бошлаб юборилди. Шўролар мафкураси қандай бўлмасин жамият аъзоларини инсонийлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга қаратилгани ҳақида атоқли олим Ғайбуллоҳ ас-Салом шундай ёзади: ”Эсимни танибманки, миллат қадрини ўйлаганлар – “миллатчи” деб надомат қилинади. Жамиятимизнинг нуфузли қатлами бўлган тадбиркору мулкдорларни “синфий душман, ер-сув эгаларини “қулоқ” деб айблади. Насл-насабингиздан оғиз очсангиз нияти бузуқ, худбин, “ёт унсур”сиз. Уламо – руҳонийларни – “афюнкор”, деб сазойи этди. Рўза тутиб, намоз ўқисангиз ҳайфсан оласиз. Вафот этган ота-онангизга жаноза ўқитсангиз фирқа аъзолигидан кетасиз, ишдан ҳам қувиласиз, балким…” [6].

Абу Саййид Хайрулло ана шундай замонда ижод қилиш билан бирга, ҳанафий олим сифатида мўътадилликни сақлаб қолаётган уламолар билан ҳамфикр бўлди. Адиб қолган умри давомида тариқат илмига доир асарлар  билан бирга шеърий манзумалар ёзиш билан банд бўлди. Шунга қарамасдан у кишининг олдига дуо ҳамда шифо истаб келувчилар адоғи кўринмас эди. У киши тариқат ишларини ҳам мўътадил олиб борган. Муридлар одатда пирининг олдига бир йилда бир ёки кўпи билан икки маротаба келган. Олим муридларининг лаёқати ва даражасини ҳисобга олган ҳолда вазифалар берган, бу вазифалар уларни касб-коридан чалғитмаган.

Абу Саййид Хайрулло – Сабрий ҳам ўзининг маънавий пири, Мавлоно Саййид Убайдуллоҳ Тошкандий таълимотини давом эттиришни асосий вазифаларидан бири деб билади. У дин ва шариат ҳомийси сифатида майдонга чиқди ва умрининг охирига қадар кишиларни маънавий ва руҳий покланишга чақиради. Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларига тўлиқ амал қилган ҳолда пайравлик орқали ўз пирларига эргашиш йўлини юқори даражада давом эттиришни ўз бурчи деб билди.

Яқин ўтмишимизнинг қора кунлари ҳақида сўз юритар эканмиз, мустақиллик йилларида диний таълим олишни истовчилар учун Олий ва  ўрта махсус билим юртлари очилди. Республикамиздаги юзлаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Дин арбоблари ва уламоларимиз қабрлари ободонлаштирилди. Хайруллохон тўра ва унинг авлодлари ўтмиш қутқуларидан қутилиб, зиёратгоҳ ободончилиги учун бел боғлаган. Ноҳақликлар ва қатағон даврини бошдан ўтказган Абу Саййид Хайруллохон тўра орамизда йўқ. У кишини ёд этиш, аввало, одамийлик бурчимиздир. Қолаверса, олим Баландқишлоқ фарзанди ва унинг фахри ҳисобланади. Агар у киши мўътабар бўлмаганда эди, қишлоқдошлари Мозори Шарифга олиб бормаган, Сибир турмаларидан қайтаришда хат қилмаган, жанозасига 70 минг киши йиғилмаган бўлар эди[1].

Тариқат илмининг сўнгги ворисларидан бири ургутлик муршиди комил, иршодпаноҳ эшон, адиб Абу Саййид Хайруллохон тўра Баланди – Сабрий Муфтақирий умрининг охирига қадар тариқат пири сифатида элни тўғри йўлга ҳидоят қилиб ўтди. Хуллас, Абу Саййид Хайруллохон эшон тўра – Сабрий муридлик оламидан маърифий комиллик мартабасига эришган инсонлардан эди.

 

Сабрий шеърларидан намуналар
 
Хубларнинг ишва хайри ғамзаи жон қилгуси,
Ғамза бирлан ҳаммани сармасту урён қилгуси.
 
Юзи порлаб таъна урди шамси гардун ҳуснига,
Ишвалар бирлан ҳамиша қасди имон қилгуси.
 
Жингалак зулфи унинг махмур этар доим мени,
Гул юзин лаъли ила ғавғо бу даврон қилгуси.
 
Мажлиси зотин танишнингдир вужуб тасвирлари,
Йўқса ҳар ҳарфи руқумин ҳукми Қуръон қилгуси.
 
Эътиборлар бирла минглаб етказар ўз арзини,
Етса гар фармон Юсуфга, майли Канъон қилгуси.
 
Ушбу нозик ишқнинг кетгай тобора ғуссаси,
Офарин айтар асокаш, сийна пинҳон қилгуси.
 
Сабрий, истарсан фироқин, ҳажр келтиргай сенга,
Ул висол етмоғининг завқин гулистон қилгуси.

 

 

Қитъалардан намуналар
 
Ба зоти ў, ки исмаш ҳарфи “мим” аст,
Ҳама  аз ӯ зи озодӣҷаҳим аст.
 
У зот бирланки, ҳарф исминда “мим”дан,
Ки озод ҳамма дўзаху жаҳимдан.
 
                   * * *
Вужудаш мазҳари “коф” асту ҳам “нун”,
Шуҳудаш матлаъи файёзи бегун.
 
Кўринмоқдир вужуди кофу нундан,
Мислсиз файз бошлови кўринган.
 
                   * * *
Ба лутфаш менавозад  жумлаеро,
Зи вуслат сарфарозад зумраеро.
 
Лутфи билан ҳаммани эркалар соз,
Ва кимнидир васлин этар сарфароз.
 
                   * * *
Ба ту сайфи вужудаш жузви Қуръон,
Зи ҳар ҳарфе зи қавмаш нотиқи он.
 
Вужудин ёзи Қуръон қисми сен-чун,
Ва ҳар ҳарф қавмига нотиқ туну кун.
 
                   * * *
Ғуборе аз туроби қурби васлаш,
Карам бахшад ба Сабрй, маҳзи фазлаш.
 
На афзаллик: яқин васлин ғубори
Бу Васлий-чун саховат унда бори.
 
                   * * *
Муҳаммадун  башарун, ло кал – башари,
Бал ҳува  ёқутун байнал ҳажари.
 
Муҳаммад башарият одами, аслан бошқача,
Ёқут тошлар ичида қиммат баҳоси бошқача.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Архив КГБ СМ УзССР.П – 33226, том 4.
  2. Респондент: Почвон маҳалласида яшовчи Каримов Латиф ҳожи.
  3. Турдиев Ш. Қисмат. Ҳидоят журнали. 1994 йил 7-сон.
  4. Ўзбекистон тарихи телеканали. “Миллат фидойилари” кўрсатуви. 2022 йил, октябрь.
  5. Ўзбекистон уламолари. Тузувчилар: Йўлдошхўжаев Х., Қаюмова И. – Т.: Мовароуннаҳр, 2013.
  6. Ғайбуллоҳ ас-Салом замондошлари хотирасида. – Т.: Тошкент Ислом университети нашриёти, 2002.

[1] Респондент: Почвон маҳалласида яшовчи Каримов Латиф ҳожи.

АКБАРХОН АСРОРОВ,
СамДУ Ургут филиали доценти, филология фанлари номзоди

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …