Home / МАҚОЛАЛАР / ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит бўлмаган. Минтақа аҳолисининг бир қисми географик омилдан келиб чиққан ҳолда «тошкентлик», «чимкентлик», «фарғоналик» сингари номлар билан аталса, бошқа бир гуруҳ аҳолини эса уруғ-аймоқ номи билан аташ анъанаси кенг ёйилган эди. Бу ҳолат кўпроқ Ўрта Осиёнинг ички ҳудудларида устуворлик қилган. Минтақа халқлари орасида «мусулмон», «туркий, «форсий» каби бирмунча кенг қамровли атамаларни қўллаш билан бирга «туркман», «қозоқ», «қирғиз», «уйғур», «тожик», «қорақалпоқ» каби номлар билан аташ ҳоллари ҳам мавжуд эди. Минтақа туркий халқларнинг деярли барчасида ички бўлинишларда бирор этноним устуворлик қилса, форсий тилли тожикларда эса кўпинча ички бўлинишда географик омил етакчилик қиларди. Шунга ўхшаш ҳолат ўзбеклар орасида ҳам бирмунча кенг тарқалгани кузатилади. Эътиборли жиҳати шундаки, «ўзбек» атамаси минтақанинг барча турк тилли халқларига эмас, балки Муҳаммад Шайбонийхон билан кейинроқ кириб келган кичик гуруҳ – Дашти қипчоқ турк-мўғул халқларига нисбатан ишлатилган. Ўзбекларнинг 92 уруғи таркибига кирмаган ва ўзини ўзбек ҳисобламаган «турк», «чиғатой» ва «хўжа» деб номланган уруғлар гуруҳи ҳам мавжуд эди. Улар мўғул истилосидан анча аввал минтақага кириб келган турк халқлари эди [4:66].   

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, ўз уруғи номини «турк» деб атайдиган уруғлар Ўрта Осиёнинг бир қанча ҳудудларида тарқалган бўлсада, уларнинг ўзбеклардан ташқари минтақанинг яна қайси халқлари таркибида мавжудлиги масаласи етарлича ўрганилмаган. Шунингдек, «турк» гуруҳи яшайдиган ҳудудлар, уларнинг ўзига хос этнографик хусусиятлари, урф-одатлари, сўзлашув тили, моддий ва маънавий маданияти борасида олиб борилган илмий изланишларнинг кўлами кенг эмас. ХХ асрда олиб борилган тадқиқотлар натижасида уларнинг «92 ўзбек уруғи»дан бири сифатида шажараларда тилга олинмасада асосан ўзбекча сўзлашиши,  яшаш жойлари  минтақанинг марказий ҳудудларидаги тоғ ва тоғолди ҳудудларга тўғри келиши айтиб ўтилган. Бироқ «турк» гуруҳи вакиллари қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, уйғур каби туркий халқлар яшайдиган ҳудудларда учрамасдан айнан ўзбеклар орасида сақланиб қолгани масаласи деярли ўрганилмаган. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, тожиклар орасида ҳам кичик-кичик этник гуруҳлар шаклида «турк» деган этноним учраши, бироқ улар сўнгги ўрта асрларда ўз она тилини унутиб, «тожиклашиб» кетгани тўғрисида маълумотлар учрайди. Ўрта Осиёнинг бошқа туркий халқлар уруғчилик тизимида «турк» номининг учрамаслиги кўзга ташланади. «Турк» этник гуруҳини айнан ўзбеклар билан ёнма-ён яшаши, маданияти ва урф-одатидаги яқинлик каби жиҳатлар ўзбек халқи доирасида ўрганишни тақозо қилади. 1926 йил Собиқ Иттифоқда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш қайдларида Ўзбекистон аҳолиси таркибида «турк», «самарқанд турки» алоҳида тилга олинган[2:5].

«Турк» гуруҳи бўйича махсус изланишлар олиб борган таниқли этнограф Б.Кармишева ХХ аср бошларида ушбу гуруҳ вакиллари яшайдиган ҳудудларни таҳлил қилиб, уларнинг асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларида яшашига урғу берган ҳолда, қуйидагича ҳудудларга ажратган:

  1. Ўш – Жалолобод (Қирғизистон);
  2. Фарғона вилояти;
  3. Ўратепа (Тожикистон);
  4. Самарқанд;
  5. Сурхондарё;
  6. Қашқадарё;
  7. Ҳисор – Бадахшон (Тожикистон);
  8. Шимолий Афғонистон.

Б.Кармишева ушбу гуруҳ вакиллари яшайдиган ҳудудларнинг харитасини ҳам тузган [3:6]. Шунингдек, олима «турк» гуруҳига кирувчи «барлос», «мусобозори», «калтатой», «қарлуқ» каби уруғлар яшайдиган ҳудудларга ҳам тўхталиб ўтган.

Б.Кармишева келтирган маълумотларида «турк» гуруҳи билан боғлиқ ҳудудларни бирмунча тўғри акс эттирган. Бироқ у ушбу гуруҳ вакиллари анча кўп сонли аҳоли гуруҳи ҳисобланадиган Жиззах воҳасидаги «Зомин турклари», «Бахмал турклари» (ёки «Ўсмат турклари») ҳақида тўхталиб ўтмаган. Шунингдек, Зарафшон воҳасининг ўрта ҳавзасидаги «турк» гуруҳи билан боғлиқ ўнлаб аҳоли масканлари унинг тадқиқотларидан ўрин олмаган.

Н.И.Василевский ва П.И.Лехлар тадқиқотларида Ўрта Зарафшон воҳаси аҳолиси ҳақида маълумотлар келтирилган. Улар воҳа аҳолисини икки гуруҳга бўлади: 1. Тожиклар; 2. Турклар (ўзбеклар). Ўз навбатида туркларни ҳам қуйидаги гуруҳларга бўлади:

  1. Ўзбек; 2. Қорақалпоқ; 3. Туркман.

У ўзбекларнинг 92 уруғидан қуйидаги 13 тасини қайд этиб ўтади: 1) Хитой-қипчоқ; 2) Қирқ-минг-юз; 3) Қанғли; 4) Найман; 5) Минг; 6) Кенегас; 7) Манғит; 8) Месит, Ябў (ёбу), Тама; 9) Сарой; 10) Буркут; 11) Арлот; 12) Бахрин; 13) Баташ [1:61-68]. 

Шунингдек, қорақалпоқ ва туркманларнинг ҳам уруғ ва элатлари рўйхатини келтириб ўтган. Ушбу гуруҳларни тил жиҳатдан 4 гуруҳга бўлади: 1) қирғизча; 2) қорақалпоқча; 3) туркманча; 4) ўзбек ёки чиғатой тили. Ўзбек ёки чиғатой тилини қолган 3 тилдан кескин фарқланади деб таъкидлайди. Уларнинг маълумотларида ҳам Жиззах воҳасидаги алоҳида «турк» гуруҳи ҳақида маълумотлар йўқ.

Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи устида кўплаб тадқиқотлар олиб борган К.Шониёзов, А.Асқаров ва Х.Донияров тадқиқотларида ҳам Жиззах воҳасидаги алоҳида «турк» гуруҳи ҳақида маълумотларни учратмаймиз. Уларни айримларида «турк» гуруҳи ўзбекларнинг 92 уруғи таркибига киритилган. Хусусан, «Туркестанские ведомости» газетасининг 1871 йил 5 апрелдаги 10-сонида чоп этилган мақолада ҳам 92 уруғ таркибига киритилган ва яшаган ҳудуди сифатида Зарафшон воҳаси кўрсатилган. К.Шониёзов илмий изланишларида Б.Кармишева тадқиқотларида алоҳида «турк» гуруҳи сифатида қайд этиб ўтган қарлуқларни ҳозирги ўзбек миллатининг шаклланишида энг кўп ва асосий ўринни эгаллаган уруғ сифатида қайд этади [5].

Келтирилган маълумотлар ва тадқиқотларни таҳлил қилиб айтишимиз мумкинки, Жиззах воҳасидаги «турк» гуруҳини алоҳида тадқиқ этиш зарур. Айниқса улар яшайдиган ҳудудлар, уларнинг урф-одати, анъана ва қадриятлари, маданиятидаги ўзига хос жиҳатларга эътибор қаратиш талаб этилади. Зеро оила ва никоҳ, кундалик турмуш-тарзидаги айрим жиҳатлар борки, бу жиҳатлар уларни минтақанинг бошқа туркий халқларидан фарқлаб туради. Шу кунгача Жиззах воҳаси Уструшонанинг таркибий қисми сифатида Б.Тўйчибоевнинг, Турк хоқонлиги даври эса Қ.Алмановнинг диссертацияси (PhD)да ўрганилган. Биз ушбу масалада ХИХ аср охири – ХХ аср бошларида Подшо Россияси истилоси, Собиқ Иттифоқнинг қарор топиши ва миллий чегараланиш ўтказилган даврни тадқиқ этишни мақсад қилдик. Зеро, «турк» гуруҳи мамлакатимизнинг Сурхондарё, Зарафшон воҳалари ва Фарғона водийси аҳолиси каби Жиззах воҳаси аҳолисининг ҳам кўпчилик қисмини ташкил этади. Ўз навбатида улар ҳам ҳозирги ўзбек миллатининг шаклланишида муҳим ўрин эгаллаган.  

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Василевский Н.И., Лех П.И. Записки императорского. Русского географического обшества. По отделению географии. Том 6. – Санк-Петербург: 1880.
  2. Всесоюзная перепис населения., Том 32., Узбекская ССР. – М.: 1929.
  3. Кармышева Б. Советская этнография. – М.: 1960. .
  4. Кармышева Б. Очерки этнической истории южных районов Таджикистана и Узбекистана. – М.: Наука, 1976.
  5. Шаниязов К. Узбеки-карлуки. – Т.: 1964.
МУЗАФФАР СУВОНКУЛОВ,
Гулистон давлат университети таянч докторанти

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …