Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорийнинг ислом тарихига оид нодир асари тақдимоти

Имом Бухорийнинг ислом тарихига оид нодир асари тақдимоти

Жорий йилнинг 27 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк муҳаддис олим, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг Марказ олимлари томонидан илк бор ўзбек тилига таржима қилинган «Ат-Тариху-с-сағир» асари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, Ҳадис илми мактаби устоз ва талабалари, мустақил тадқиқотчилар ҳамда Марказ илмий ходимлари иштирок этди.

Тақдимотда сўзга чиққанлар Имом Бухорий меросини ўрганишнинг аҳамияти, тақдим этилаётган китобнинг бугунги кундаги илмий қиймати, бошқа мутафаккирлар асарларини тадқиқ этишнинг истиқболи хусусида тўхталиб, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси сифатида эътироф этилди.

Имом Бухорийнинг «Ат-тарихул-кабир» («Катта тарих»), «Ат-тарихул авсат» («Ўрта тарих») ва «Ат-тариху-с-сағир» («Кичик тарих») номли 3 та китоби мавжуд. Таржима қилиниб, тақдим этилаётган асар ҳадис ривоят қилган машҳур саҳобалар ва уларнинг издошлари ҳақида ёзилган илк китоблардан бири ҳисобланади. Имом Бухорий китобнинг дастлабки нусхасини 18 ёшида ёзиб тугатган ва бутун умри давомида тўлдириб борган. Муаллиф мазкур асари орқали ҳадисларнинг бизгача етиб келиш йўлларини аниқлаб, уларнинг даражалари бўйича тартибга солишнинг илмий услубларини яратиб берган.

Асар 42 бобдан иборат бўлиб, 2997 нафар ҳадис ривоят қилувчилар ҳақида маълумот беради. Унда ўқувчига тушуниш осон бўлиши учун 305 та изоҳ ва шарҳ, 145 та тушунтириш ёзилган, 150 га яқин географик жой номлари келтирилган. Китоб ҳадис илми ва ҳадис ривоят қилувчилар тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчилар учун мўлжалланган қимматли илмий манба ҳисобланади.

Таржима ишлари Миср, Туркия ва Россиядаги таниқли исломшунос олимлар билан мунтазам илмий маслаҳатлашувлар асосида амалга оширилди.

Марказ илмий ходимлари асарнинг яратилиш тарихи, бошқа асарлардан фарқли ва афзал жиҳатлари, таржима жараёнларида эътибор қаратилган жиҳатлар, китобга маҳаллий ва хорижий уламолар томонидан берилган ижобий тақриз ва эътирофлар хусусида батафсил тўхталди.

Тадбир иштирокчилари саҳобалар тарихига оид илк асар ҳисобланган ва илмий жиҳатдан юқори аҳамиятга эга бўлган ушбу китоб Имом Бухорий тўплаган ҳадисларни танқид қилаётган баъзи жоҳил шахсларга илмий асосланган раддия вазифасини бажаришини таъкидлаб, Бухорийнинг илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим ўрин тутиб келаётгани, бир сўз билан айтганда, юртимиздан чиққан алломаларнинг ислом илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида қайд этди.

Тақдимотда марказ ходимлари меҳнати йирик илмий натижа сифатида баҳоланиб, нашрга тайёрланган янги китобнинг халқимиз маърифатини янада ошириш ҳамда Имом Бухорий қолдирган бой илмий-маънавий мерос моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, хусусан, исломнинг асл қадриятларини кенг тарғиб қилишдаги муносиб ўрни юзасидан ижобий фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Имом Бухорийнинг ўзбек тилида тақдим қилинган «Ат-тариху-с-сағир» асари муаллиф қолдирган бой илмий мерос моҳиятини теранроқ англашга, ҳадисларни даражасига кўра илмий жиҳатдан чуқурроқ асослашга хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …