Home / ЯНГИЛИКЛАР / «Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳамда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳаммуаллифлигида нашр этилган «Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди.

Бу китоб марказ директори бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев илмий раҳбарлигида тайёрланган учинчи китоб бўлиб, китоб муаллифлари асосан олимнинг шогирдларидир.

Биринчи китоб «Синергетика: моҳияти, қонуниятлари ва амалиётда намоён бўлиши» деб аталиб, 2017 йили нашрдан чиққан. Иккинчи китоб «Синергетика-2: назария ва амалиёт» деб номланиб, 2022 йили нашр этилган. Келажакда «Синергетика: сунъий ақл» номли китобни нашр қилиш режалаштирилмоқда.

Тақдимот тадбирида Марказ илмий ходимлари, мамлакатимиздаги бир қатор олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларидан иборат файласуф олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирда маърузачилар «Синергетика» туркумидаги нашрларнинг узвий давоми сифатида чоп этилган ушбу китобда замонавий илмий методология бўлган синергетиканинг асосий тамойиллари, миллий маънавий меросни ўрганишдаги устувор жиҳатлари ва истиқболлари каби масалаларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, синергетикага хос кенг – ночизиқли тафаккур соҳиблари бўлган улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини объектив тарзда очиб беришда синергетик методологиянинг имкониятлари алоҳида эътироф этилди.

Китобда маънавий меросни синергетик методология сифатида ўрганиш тадқиқотчиларга унинг янги қирраларини очиш имкониятини бериши баён қилинган. Маънавий мероснинг моҳияти ва уни тадқиқ этишдаги илмий ёндашувлар, моддий ва маънавий мероснинг ўзаро алоқадорлиги, тузилмавий фарқлари, синергетик тамойиллар, замонавий технологияда маънавий омиллар каби муҳим масалалар китоб саҳифаларидан ўрин олган.

Мазкур жамоавий монография синергетик методология имкониятлари ва маънавий мерос феномени хусусиятлари билан танишиш истагида бўлган тадқиқотчилар, докторантлар, изланувчилар, талабалар ва замонавий фалсафа фани муаммоларига қизиқувчи китобхонлар учун мўлжалланган.

Тадбирда инсон қадрини янада юксалтиришга, унинг ахлоқий қадриятларини тобора соғломлаштиришга, дунёда тенглик ва адолатни, инсоф ва диёнатни тиклашга қодир миллий маънавий қадриятларнинг бунёдкорлик салоҳиятини теранроқ англашда синергетика қонуниятлари муҳим методологик аҳамиятга эга экани қайд этилди. Мазкур китоб синергетика методологиясининг умумфалсафий мазмунини асослашга ҳамда унинг маънавий меросни тадқиқ этишдаги амалий моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши таъкидланди.

Н.Усмонова
ЎзА

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …