Home / МАҚОЛАЛАР / “ШАМОИЛИ БУХОРИЙ”ДА ИМОМ ДОРИМИЙ ҲАҚИДА ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТЛАР КEЛТИРИЛГАН?

“ШАМОИЛИ БУХОРИЙ”ДА ИМОМ ДОРИМИЙ ҲАҚИДА ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТЛАР КEЛТИРИЛГАН?

Имом Доримий номи билан машҳур Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Доримий Самарқандий юртимиздан чиққан илк йирик муҳаддислардандир. Аллома тўққиз саҳиҳ ҳадис тўплами сирасига кирадиган “Муснад” асарини таълиф этган. Уламолар бу тўпламни “Сунани Доримий” деб номлаган.

Имом Доримий 181/797 йили Самарқанд шаҳрида дунёга келган. Ёшлигидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, мовароуннаҳрлик муҳаддислардан ҳадис ўрганган. У илм талабида ислом оламининг барча йирик илмий марказларини айланиб чиққан. Жумладан, Бағдод, Шом, Ҳижоз ва Мисрдаги уламолардан ҳадис тинглаган.

Имом Доримий ҳақида унга замондош бўлган уламолар кўплаб ижобий фикрлар билдирган. Хусусан, Исъҳоқ ибн Довуд Самарқандий бундай деган: “Шошлик бир дўстим келиб: “Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдига бордим ва унга Ибн Мунзирни тавсифлаб, мақтай бошладим. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал: “Уни танимайман. Дарҳақиқат, олдимизда биродаримизнинг гапи чўзилиб кетди. Сен Абдуллоҳ ибн Абдураҳмонни танимасанг, нима қилиб юрибсан? Ўша кишининг этагини маҳкам тутгин”, деди. Сўнг бу гапини уч марта такрорлади”. Бу Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Имом Доримийга ҳурмати қанчалар катта бўлганини билдиради. Имом Доримий сиқа (ишончли) санаган ровийларни Имом Аҳмад ҳам сиқа (ишончли) ҳисоблаган.

Абдусамад ибн Сулаймон Балхий бундай деган: “Аҳмад ибн Ҳанбалдан Яҳё Ҳаммоний ҳақида сўрадим. Шунда у: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмоннинг у ҳақдаги гапи учун уни тарк қилдик. Чунки у (Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий) имомдир”, деди”.

Имом Доримий фақат Самарқандда эмас, балки бутун ислом оламида ҳадис илми ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида катта шуҳрат қозонган. Муҳаддис ўзидан кейин Муслим ибн Ҳажжож ва Абу Исо Термизий каби ҳадис илмида пешқадам бўлган шогирдларни қолдирган. Абд ибн Ҳумайд Кеший: “Дунёда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон каби киши йўқдир”, деган.

Ўша даврда уламо ва муҳаддислар Имом Доримийдан ҳадис тинглаш учун Самарқандга келган. Чунки ўша даврда Самарқандда ҳадис илми ривожланган ва кўплаб муҳаддислар илмий фаолият олиб борган.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” рисоласида Имом Бухорий билан бирга Имом Доримий ҳақида ҳам баъзи қизиқарли маълумотлар келтирилган. Унда Имом Бухорий ва Имом Доримий ўртасидаги дўстона муносабатлари, уларнинг бир-бирига ҳурмат-эҳтироми ва биргаликдаги илмий фаолияти ҳақида муайян тасаввурга эга бўламиз.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Али ибн Ҳужрнинг бундай деганини эшитдим: “Хуросон уч буюк инсонни етиштириб чиқарди. Улар: Абу Зуръа, Муҳаммад ибн Исмоил ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийдир. Менинг наздимда уларнинг зийракроғи, илмлироғи ва фақиҳроғи Муҳаммаддир”.

Имом Доримийнинг устози Муҳаммад ибн Башшор бундай дейди: “Дунёнинг ҳофизлари тўрттадир: Райда Абу Зуръа, Нишопурда Муслим ибн Ҳажжож, Самарқандда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий ва Бухорода Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий”. Бу эътирофга кўра дунё ҳофизларининг ярмини Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Солиҳ ибн Юнус менга бундай ҳикоя қилиб берди: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийдан Солим ибн Абу Ҳафсанинг ҳадиси ҳақида сўрашди. Имом Доримий: “Биз Муҳаммад ибн Исмоил билан бирга ҳадис ёзган эдик. Шунда Муҳаммад ибн Исмоил: “Солим заифдир”, деган эди”, деди. “Ўзингиз нима дейсиз?» дейилган эди, у: “Муҳаммад мендан кўра билувчироқ эмасми?» деди”. Ушбу маълумотга кўра, Имом Доримий ва Имом Бухорий биргаликда бир устоздан ҳадис ёзиб олган. Яъни, қанчадир муддат давомида иккаласи биргаликда бир жойда таълим олган.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийдан Муҳаммад ибн Каъбнинг “Ёлғончи фақат ўзини ўзи ҳақоратлагани учун ёлғон гапиради” деган ҳадиси ҳақида сўради. У: “Муҳаммад бу ҳадисни саҳиҳ ҳисоблаган. У мендан кўра олимроқ. Чунки, унинг ташвиши фақат ҳадисдир”, деди. Кейин: “Муҳаммад Аллоҳнинг яратган бандалари ичра энг зийрагидир. У Аллоҳнинг Китобида ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилида буюрилган ва қайтарилган нарсаларни теран англайди. Муҳаммад ибн Исмоил Қуръон қироат қилса, унинг қалби, кўзи ва қулоғи ҳам шу билан машғул бўлади. Гўё Қуръон ҳикоятлари кўзи олдида гавдаланади, ҳалол ва ҳаром нарсалар яна ҳам аниқ намоён бўлади”, деди”. Демак, Имом Доримий Имом Бухорийнинг Қуръон қироат қилганини ва бу амални ўта чуқур ихлос билан адо этганини кўрган, буни алоҳида эътироф этиб, бошқаларга ҳам билдириб қўйган.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий бундай дейди: “Сулаймон ибн Мужолид менга: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандийдан Муҳаммад ҳақида сўрадим. У: “Бизнинг олимроғимиз, фақиҳроғимиз, илмга тиришқоқроғимиз Муҳаммад ибн Исмоил бўлади”, деди”, деб мактуб ёзди”. Демак, Имом Доримий Имом Бухорийнинг илми ва фиқҳ бобидаги моҳирлигини эътироф этиб, бошқаларга мақтаган.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Абу Саид Муаддибдан эшитдим. У: “Мен Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан эшитганман”, деди. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон: “Муҳаммаднинг ҳадис ўрганиши бизнинг ўрганишимизга ўхшамасди. У бирор кишининг ҳадисини муҳокама қилса, унинг шахсиятини ҳам тўлиқ ўрганиб чиқарди”, деди”. Бу ерда Имом Доримий Имом Бухорийнинг ҳадис илмида моҳир эканини эътироф этаяпти.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий бундай ёзади: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмоннинг котиби Исъҳоқ менга бундай ҳикоя қилган эди: “Абдуллоҳ мендан Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Адабул муфрад” китоби ҳақида сўради. “Мутолаа қилишим учун китобни менга келтириб бергин”, деди. У мендан китобни олиб, уч ойча ўқиди. Ундан китобни қайтариб олаётиб: “Бирор ортиқча гап ёки заиф ҳадисга кўзингиз тушдими?» дедим. У: “Ибн Исмоил одамларга фақат саҳиҳ ҳадис айтади. Муҳаммаднинг ҳадислари инкор қилинмайди”, деди”. Демак, Имом Доримий Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” китобини олиб ўқиган ва ундаги ҳадисларнинг саҳиҳлигини эътироф этган.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Абу Исъҳоқ Марвазийдан эшитдим. У: “Мен Али ибн Ҳужрнинг олдига Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон у билан ваъдалашган соатда кирдим. Шунда Али ибн Ҳужрнинг: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг одоби ва Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг илми ҳақида хоҳлаганингизча гапираверинг”, деганини эшитдим”, деди”. Бу ерда Али ибн Ҳужр Имом Доримийнинг одоби ва Имом Бухорийнинг илмини эътироф этаяпти.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий бундай дейди: “Муҳаммад ибн Лайсдан эшитдим. Унинг олдида Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий ва Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий тилга олинди. Жамоадаги баъзилар Абдуллоҳни Муҳаммаддан устун қўйди. Муҳаммад ибн Лайс: “Агар Абдуллоҳни устун қўйсангиз, уни фақат шеърият ва араб тили бобида шундай қилинг. Илмда уни Муҳаммаддан устун қўйманг”, деди”. Ушбу маълумотдан Имом Доримийнинг шеърият ва араб тилида моҳир бўлганини билиб оламиз.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Ҳошид ибн Исмоилдан эшитганман. У бундай деб айтарди: “Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ўзи текширишга қийналган баъзи ҳадисларни бошқаларга билдирмай менга берар ва уларни Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга тақдим қилишимни, истарди. Фақат унга билдирмаслигимни сўрарди. Муҳаммад ибн Исмоилга ҳар сафар тақдим этганимда, у: “Ўша келган жойиданми?» дерди”. Ушбу маълумотга қарайдиган бўлсак, икки буюк муҳаддис турли шаҳарларда биргаликда таълим олган, илмий фаолият олиб борган ва бир-бири билан фикр алмашган.

Имом Доримий ҳижрий 255 йили зулҳижжа ойининг саккизинчи (милодий 869 йил 16 ноябрь) куни вафот этган ва арафа кунига тўғри келган жума куни дафн қилинган. Имом Бухорий устоз Доримийнинг вафоти ҳақида эшитганида, кўзидан ёш тўкиб, илм аҳли катта жудоликка учраганини айтган.

Ушбу рисолада келтирилган маълумотлардан қўйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:

* Имом Доримий ва Имом Бухорий бир неча шаҳарда биргаликда таълим олган ва илмий фаолият юритган.

* Имом Бухорий Самарқандга келганида, шаҳардаги тўрт юз муҳаддис етти кун давомида уни имтиҳон қилган. Демак, ўша даврда бу шаҳарда буюк муҳаддис билан тенглашиш салоҳиятига эга бўлган ёки тенглашишга ҳаракат қилган тўрт юз муҳаддис истиқомат қилган. Мана шундай муҳаддисларнинг етишиб чиқишида Имом Доримийнинг хизмати катта бўлган.

* Имом Бухорийнинг Имом Доримийга ҳурмати ниҳоятда юқорида бўлган. Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий”дан бошқа асарларида Имом Доримийдан ҳадис ривоят қилган.

* Имом Доримий ҳам Имом Бухорийни қаттиқ ҳурмат қилган. Унинг илми ва зийраклигини алоҳида эътироф этиб, кўп мақтаган. Шу билан бирга, Имом Доримий ўзи ёзган ҳадисларни Имом Бухорийга текширтириб олган.

* Имом Доримий Самарқандда ҳадис илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшган ва ҳадисларни орасига ёлғон маълумотлар кириб қолишидан ҳимоя қилган.

* Ўша даврда Самарқанд дунёнинг илм-фан ривожланган шаҳарларидан бири бўлган. Бу шаҳардан кўплаб забардаст уламо ва муҳаддислар етишиб чиққан.

* Имом Доримийнинг “Сунани Доримий” асари тўққиз саҳиҳ ҳадис тўплами сирасига кирган.

* Имом Доримий ўзидан кейин Муслим ибн Ҳажжож ва Абу Исо Термизий каби ҳадис илмида пешқадам бўлган шогирдлар қолдирган.

* Имом Доримий Самарқандда яшаб илмий фаолият олиб боргани учун у ерга дунёнинг турли ўлкаларидан уламо ва муҳаддислар ҳадис ўрганиш учун келган.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …